Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ислом тарихи / Тинчлик сулҳи

Тинчлик сулҳи

Ҳижратнинг 6-йилида содир бўлган улкан воқеалардан бири “Худайбия сулҳи”дир. Макка мушриклари Суҳайл ибн Амрни сулҳ тузиш учун Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдиларига юборишди. У мусулмонлар қароргоҳига келиб, Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)га учрагач: «Эй Муҳаммад, юз берган воқеалар бизнинг доно кишиларимиз кўрсатмаси бўйича эмас, нодонларнинг ҳовлиқмалиги туфайли содир бўлди. Қўлга тушган асирларни қўйиб юборинглар», – деди. «Олдин сизлар бизнинг одамларимизни озод қилинглар, кейин биз ҳам асирларни қўйиб юборамиз», – дедилар пайғамбар алайҳиссалом. Мушриклар Усмон ибн Аффон бошчилигидаги ўн кишини, мусулмонлар ҳам жангу жадалда қўлга тушганларни озод қилишди. Шундан кейингина Суҳайл қурайш халқи мусулмонлар билан тузмоқчи бўлган сулҳнинг қуйидаги шартларини маълум қилди:

  1. Икки томон ўн йилгача бир-бири билан уруш қилмаслик;
  2. Қурайшликлардан қочиб борганларни мусулмонлар қайтариб бериши, мусулмонлардан мушриклар томонга ўтганларни эса қайтармаслик;
  3. Пайғамбар алайҳиссалом бу йил Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиб кетиши, келгуси йили қурайш халқи Маккадан чиқиб кетганда саҳобалар билан қинга солинган қилич ва камондан бошқа қурол-яроқ олмай муқаддас масканни уч кун зиёрат қилиши;
  4. Араб қабилаларига мусулмонлар ёки қурайшлардан паноҳ тилаш ихтиёрини бериш.

Пайғамбар алайҳиссалом сулҳнинг барча талабларига рози бўлдилар. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг келишувчанлик қилганларидан ажабланган саҳобалар: «Нега энди мусулмон бўлиб биз томонга ўтганларни қайтариб берамизу, диндан қайтган муртадларни улардан қайтиб олмаймиз?» – дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Муртад бўлиб улар томонга қочиб ўтганларни Аллоҳ биздан йироқлаштирсин. Улардан биз томонга ўтганларни қайтариб берсак, Парвардигор уларнинг мушкулини осонлаштириб, нажот йўлини кўрсатади», – дедилар. Сулҳнинг 3-банди мусулмонларга жуда оғир ботди, чунки Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг тушларида Байтуллоҳни эмин-эркин зиёрат қилиб қайтганлари аён бўлган эди. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг айтганлари амалга ошмаслиги мумкинлигидан ҳайратга тушган Умар Абу Бакрдан бунинг сабабини сўради: «Расулуллоҳ Каъбани албатта бу йил тавоф қиламиз, деганмидилар?» – деди.

Шундан кейин сулҳнома расмийлаштирилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтиб турдилар уни Али ибн Абу Толиб ёзди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сулҳномани Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, деб бошлаган эди, Суҳайл «Бисмикаллоҳҳумма (Эй Аллоҳ, сенинг номинг билан бошлайман) деб ёз», дея талаб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ўшандай ёзишни буюрдилар. Кейин «Аллоҳнинг элчиси шунга сулҳ қиладики», деган эди, Суҳайл «Сен Аллоҳнинг элчиси эканингни билганимизда сенга қарши чиқмас эдик, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом яна Суҳайлнинг айтганидек ёзишни буюрдилар, бироқ Али ёзганларини ўчиришга унамади. Шунда Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари хатни ўчириб тузатиш киритдилар.

Сулҳнома икки нусхада ёзилиб, бири мушрикларга топширилди, иккинчиси мусулмонларнинг ўзларида қолди. Кутилмаганда сулҳнома ёзилаётган жойга оёғига кишан солинган Абу Жандал ибн Суҳайл чигирткадек ирғишлаб кириб келди. Уни мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилишни ихтиёр этгани учун отаси қамаб қўйган экан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мусулмонлардан паноҳ истаб келган Абу Жандални юпатиб: «Мендан хафа бўлмай қисматингга сабр қил. Аллоҳ таоло сени, сенга ўхшаш мусулмонларни ўз паноҳида асраб нажот йўлини кўрсатади. Биз қурайшлар билан сулҳ тузиб, аҳду паймон қилишдик, уни бузишимиз мумкин эмас», – дедилар. Сулҳ тузилгач, пайғамбар алайҳиссалом Хузоа қабиласини, қурайшлар эса Бану Бакр қабиласини ўз ҳимоясига олишди.

Сулҳ тузилиб бўлингач, пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга сочларини олдириб, қурбонлик қилиб, эҳромдан чиқишни буюрдилар. Мотамсаро кайфиятдаги мусулмонлар Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амрини бажо келтиришга унчалик ошиқмадилар. Бундан ранжиган пайғамбар алайҳиссалом рафиқалари Умму Саламанинг ҳузурига кириб, саҳобалар гапини ерда қолдиришганиии айтдилар. Умму Салама: «Шартлари жуда ҳам оғир сулҳга розилик бердингиз, Маккага кирмай, Байтуллоҳни тавоф қилмай қайтиш мусулмонлар учун катта мусибат, уларни тўғри тушуниб, афв этинг. Яхшиси, олдин ўзингиз эҳромдан чиқинг», – деди.

Пайғамбар алайҳиссалом қурбонлик қилиб, сочларини олдирдилар. Саҳобалар ҳам у кишининг амрига итоат этдилар. Шундан кейингина мусулмонлар Мадинага қайтишди. Икки рақиб томон бир-биридан амин бўлдилар. Орадан кўп ўтмай Уқба ибн Абу Муайтнинг қизи, Усмоннинг она бир ҳамшираси Умму Гулсум Мадинага қочиб келди. Мушриклар уни қайтариб беришни талаб қилишганда, Умму Гулсум: «Эй Расулуллоҳ, мен аёл кишиман, агар уларга қайтариб берсанг мени диндан чиқаришади», – деди.

Шу аснода бу масалани ойдинлаштирадиган Мумтаҳана сурасининг 10-ояти нозил бўлди: « Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга (Макка кофирлари томонидан) мўмина аёллар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўрингиз! Аллоҳ уларнинг имонларини (бор ёки йўқлигини) яхшироқ билувчидир. Бас, агар уларнинг (ҳақиқатан) мўмина аёллар эканини билсангиз, у ҳолда уларни кофирларга қайтармангиз! Булар (улар) учун ҳалол эмас ва улар булар учун ҳалол эмасдир. Уларга сарфлаган маҳрларини эрларига (қайтариб) берингиз! Қачонки, уларга (эрларига) маҳрларини берсангиз, уларни (аёлларини) никоҳингизга олишда сизларга гуноҳ йўқдир. (Шунингдек) сизлар ҳам кофираларнинг қўлларини тутмангиз! Ўзларингиз сарфлаган маҳрни талаб қилингиз ва улар ҳам сарфлаган маҳрларини (мўминлардан) талаб қилсин! Бу Аллоҳнинг ҳукмидир. У сизларнинг ўртангизда ҳукм қилаётир. Аллоҳ илм ва ҳикмат соҳибидир. Аллоҳнинг ҳукми ана шундай. Аллоҳ одиллик билан ҳукм чиқаради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчи, ҳикмат билан иш қилгувчидир. Муслима аёллар бошқа юртларни кўришга иштиёқмандлигидан ёки мусулмон эрга турмушга чиқиш истаги борлиги учун эмас, балки Аллоҳнинг розилигини истаб, пайғамбарни дўст тутгани учун ҳижрат қилган бўлса, мушрикларга қайтарилмай унинг эрига маҳригина бериларди холос. Шундан кейин бирон мусулмон уни бемалол никоҳига олиши мумкин. Мазкур оятдан мусулмон бўлмаган аёлга уйланиш ҳаромлиги ва унга берилган маҳрни қайтиб олиб, ўзини оиласига жўнатиб юбориш кераклиги ойдинлашади.

Абу Басир Утба ибн Усайд Сақафий мусулмон бўлиб, пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларига қочиб келди. Қурайшлар орқасидан икки кишини жўнатиб, уни талаб қилишди, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Басирга қайтиб кетишни буюрдилар. «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ мени кофирлардан қутқарса-ю, сен диндан чиқарадиганларга қайтариб бермоқчимисан?” – деди Абу Басир ранжиб. «Аллоҳ сен билан уруғ-аймоғингга нажот йўлини кўрсатади», – дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам). Абу Басир ноилож қурайшларнинг олдига тушиб, Маккага йўл олди. Зулҳулайфа деган жойга стганда Абу Басир соқчилардан бирини ўлдирди, иккинчиси эса қочиб кетди. Абу Басир яна Мадинага қайтди-да: «Эй расуллуллоҳ, айтганинг бўлди, мен душман таъқибидан қутулдим», – деди. «Энди истаган жойга кетаверишинг мумкин, Мадинада турма”, – дедилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам). Абу Басир қурайшнинг карвони Шомга ўтадиган йўл устида макон тутиб ётди.

Маккадан қочиб келган мусулмонлар унинг ёнига жам бўлаверди, саҳройи араблардан ҳам бир гуруҳи уларга қўшилди. Абу Жандал ибн Суҳайл ҳам келиб қўшилди. Кейин қурайшнинг савдо карвони ўтадиган йўлни тўсиб олишди. Бундан қаттиқ ташвишга тушган мушриклар сулҳноманинг иккинчи бандини бекор қилиб, қочиб борган мусулмонларга ўз ёнидан жой беришни Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ўтинишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг бу таклифига розилик бердилар, шу билан Ҳудайбияда Абу Жандал мушрикларга қайтарилганда мусулмонлар бошига тушган ташвиш ариди. Бу воқеа саҳобаларга сабоқ бўлди, улар Пайғамбар алайҳиссалом бошқаларга нисбатан узоқни кўриб, кўпчиликнинг фақатгина ҳозирги эмас, балки келгусидаги ғамини еб иш тутажакларига ишонч ҳосил қилишди.

Мусулмонлар билан кофирларнинг бир-бирларига аралашиб юриши натижасида Ислом динининг таъсир доираси кенгайди. Ҳатто ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ «Ислом тарихида Ҳудайбия ғалабасидан кўра каттароқ ғалаба бўлган эмас», деган эдилар. Муҳаммад алайҳиссалом билан Парвардигори олам ўртасидаги алоқалардан бехабар одамлар шошма-шошарлик қилишади, Аллоҳ таоло эса шошилмай, ҳар бир ишни тадбир билан ўз хоҳиш-иродасига биноан амалга оширади. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳудайбиядан қайтганларида Фатҳ сураси нозил бўлди. Бу сура: «Биз сенга равшан бир ғалабани ато этдик», деган бир оят билан бошланади. Ҳудайбия ғазоти равшан ғалаба деб аталиши Абу Бакр Сиддиқнинг фикрини тасдиқлайди.

“Кўкалдош” ўрта-махсус билим юрти 2 – курс
талабаси Қамбаров муҳсинжон