Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тинчлик – бебаҳо неъмат

Тинчлик – бебаҳо неъмат

بسم الله الرحمن الرحيم

Дархақиқат, бугунги халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган хозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий ва ғоявий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг соф исломий эътиқодга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда мусулмон юртларида ислом динини  ниқоб қилиб турли бузғунчи ёд ғояларни ёшлар онгига сингдириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифасини янада кучайтириш  билан бирга барчани бирдек огоҳликка ва ҳушёр бўлишга чорлайди. Мамлакатимизда истиқлол йилларида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишга, фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришига мустаҳкам замин яратди. Аҳолининг диний таълимотлари ва маънавиятини юксалтириш, фарзандларимизни миллий, диний ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлида қилинаётган эзгу ишлар юртимизнинг порлоқ истиқболи учун хизмат қилаётир. Аллоҳ таоло юртимизни ривож топишида тинчликни асосий сабаб қилди. Тинчликни қадрига етмоқ, уни асраб авайлаб фарзандларимизга қолдириш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Аллоҳ таолодан юртга тинчлик сўраш ва бу улуғ неъматни кўз қорачиғидек асрашимиз лозимдир. Ватан тинч бўлса, у юртда тараққиёт бўлади. Тараққий этган юртда инсон Роббисига хотиржам ибодат қилади. Ўзи ёқтирган бир касбни қилиб, фарзандларининг тарбияси билан шуғулланади, ҳаёти тўкис ўтади. Бу неъматни давомли бўлиши ҳар жиҳатдан инсоннинг ўзига боғлиқдир. Инсон Аллоҳ таолога унга берган нематлари учун шукрона қилишни унутмаслиги, шу билан бирга  тинчликка сабаб бўлувчи омилларга доимо эътиборли бўлиши огоҳлик ва хушёрликни бир лаҳза ҳам ёдидан кўтармаслиги лозим. Ҳозирги кунда тинчлик муҳим, уни бардавом сақлашлик унданда муҳимроқ бўлиб қолмоқда. Бугун дин номидан иш қилгувчилар, инсонларни турли фитна–фасодларга чақирувчилар, турли иғволарни тарқатувчи разил кучлар, кимсалар, ташкилотлар муқаддас Ислом динимизни дунёга ёмон отлиқ қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладиган инсонлар кўпайиб бормоқдадир. Демак, ҳар бир мўмин мусулмон инсон тинчлик хотиржамлик неъматига суяниб қолмаслиги, балки теварак атрофда қандай воқеалар ва фитналардан огоҳ бўлмоқлиги ва лоқайдликка йўл қўймасдан ўз уйимизни ёт ғоялардан ўзимиз асрашимиз лозим. Чунки лоқайдлик ва бепарволик на муқаддас Ислом динимиз мазмун моҳияти-ю таълимотларига, балки тараққиёт омилларига тўғри келади.

Улуғ ватандошимиз Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “…Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан…”, деганлар. Инсон ўзи ва хонадони учун бир яхшиликни кўрдими уни барча мусулмонларга ҳам раво кўрмоғи лозим бўлар экан. Агар ёмон кўрса улардан огоҳлантирмоғи лозим бўлар экан. Бу борада лоқайдликка йўл қўймаслиги керак бўлар экан. Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”. Чунки лоқайдлик ва бепарволик одамни сезгирликдан, идрок қилишдан, тасаввур эта олишдан маҳрум қилади. Лоқайдлик ва бепарволик одамнинг маънавий оламини қашшшоқлаштиради, онгини пасайтиради, билимсиз қилади, ақл-заковатидан бегона қилади, иродасини бўшаштириш билан бирга ҳодисалар, жараёнларнинг маъно-мазмуни, моҳиятини тушунишдан, фикрлашдан, тўғри хулоса чиқаришдан узоқлаштиради. Дарҳақиқат, бугунги кунда ўзини диндор, иймонли кўрсатиб, диний илмлардан таълим бераман деб интернет орқали атрофдаги одамларни турли бўлмағур сафсаталар билан, айниқса, ёшлар ишончига кириб олишга уринаётган мутаассиб кучлар ҳар куни, балки ҳар лаҳзада тинч ва осуда ҳаётимизга хавф солиши, ёшлар онгини заҳарлашга интилиши табиий. Бундай қора ниятли кучларнинг пайини қирқиш, сохта ақидаларини, риёкорликларини фош этиш ҳар бир кишининг бурчидир. Диний экстремизм қандай номланмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга киритишдир. Мусулмон юртларни тараққиётини ортга суришдир. 2010 йил декабрь ойида араб юртларида бошланган инқилобий намойиш ва норозилик ҳаракатлари тез орада Тунис, Ливия, Миср, Яман, Баҳрайн, Сурия ва Ироқни ўз домига тортди. Бу инқилобий ҳаракатлар 1917 йил большевиклар инқилоби гувоҳи бўлган, файласуф Василий Розановнинг “Инқилоб икки ўлчамга эга: узунлик ва кенглик. Аммо у учинчи ўлчам-теранликдан маҳрумдир. Ана шу сифат боис, у ҳеч қачон тўлиқ ва мазали мева бермайди, ҳеч қачон тугамайди. Инқилоб ўсиб бориб, асабийликка айланади. Ва инсон ҳеч қачон: “Бас! Етар! Мен бахтиёрман, бугунги кун шундай яхшики, менга эртанги кун керакмас…”, дея олмайди. Ҳақиқатдан ҳам, 2010 йил бошланган бу тартибсизликдан ҳеч ким бахтиёр эмас. Давлатларда бетартиблик кучайди. Давлатнинг иқтисоди касод бўлди, бошланган жуда ҳам кўп яхши ишлар ўз ниҳоясига етмади. Ишсизлик авжига чиқди. Инсонлар ўз она юртларини ташлаб, турли давлатларга муҳожир бўлиб чиқиб кетдилар. Оталар ўз фарзандларини ўзлари катта қилган қўллари ила қабрга қўйдилар. Оналар фарзанд доғида ҳаётларидаги бахтиёр кунларини эсладилар. 2014 йил июнь ойига келиб, бу фитналар янада авжига чиқди. Ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудида терроризм билан шуғунланган “ал- Қоида” ташкилотини бир тоифаси ўзини “Ислом давлати” деб эълон қилди. Бу уруш нафақат араб давлатларида, балки бутун дунё мусулмон ёшлари орасида тарқалди ва улкан фитнага айланди. Ҳозирги кунга келиб дунё динлари ўзларини тарафдорларини кўпайтира олмаётган бир вақтда, биргина Суриянинг ўзида 2011 йилдан буён 600 000 дан зиёд инсонлар вафот этди. Булар ичига денгизларда чўкиб ўлганлар, террорчилар томонидан вахшиёна, пинҳона ўлдириб, кўмиб юборилганлар ёки бўлмаса, қўшни юртларга чиқиб чодирлар ичида ёниб кетганлар ва ҳаво ҳароратининг тушуб кетиши оқибатида совуқдан вафот этганлар кирмайди. Бу ҳисобот фақат Суриядаги ҳолат учун, энди Ироқ ва Либияларда қанчадан қанча мусулмонлар вафот этди. Ахир, Аллоҳ таоло Қуръон Каримнинг бирон оятида мусулмон ўз биродари мусулмонни ўлдирсин деган бирор оятни ёки унга далолат қиладиган бирон ишорани нозил қилмаган. Қуръони Карим бутун инсониятга раҳмат бўлиб нозил қилинган. Мусулмон инсон ўз биродарига қурол кўтаришдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бизларга қурол кўтарса биздан эмас” деб, қайтарганлар. Демак, бугун мусулмонлар орасига фитна уруғини сочаётганлардан эҳтиёт бўлмоқлигимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло улар ҳақида Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

(Эй Муҳаммад) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!” (204-206 оятлар).

Аллоҳ таоло жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмасликни насиб қилсин. Ўз навбатида, барчамизни хушёрликка ва огоҳликка чақирувчи бандаларидан бўлмоқлигимизда Ўзи кўмакдош бўлсин.

Хулоса ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қуйдаги сўзларини келтиришимиз мумкин: “Биз учун бебаҳо бойлик бўлмиш тинчлик ва осойишталикни, жамиятимиздаги  меҳр оқибат, фуқаролар ва миллатлараро тотувликни кўз қорачиғидек асраб авайлаш ҳамиша эътиборимиз марказида туриши лозимлигини асло унутмаслик керак”.

Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обиджон