Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ТИЛ

Биз жуда ҳам улкан осмон ости ва ер устида яшаймиз. Аммо, у иккиси ва улар ўз ичига олган борлиқнинг мураккаблиги ва мўъжизаларга бой эканлигига етарли даражада эътибор бермаймиз. Аслида, уларга диққат ва тафаккур ила назар солган инсон Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлиги ҳамда мукаммал сифатлар соҳиби эканига дарҳол имон келтиради.

Ҳикмат ва қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таоло инсонларни турли шакл-шамойилларда, аниқроғи бетакрор ҳолатда яратди. Ранглари сариқ, қизил, оқ ёки қора, бўйлари узун ёки қисқа, ҳолатлари кучли ёки кучсиз, жасур ёки қўрқоқ, бадавлат ёки фақир ва ҳоказо… Булар ичида энг аҳамиятлиси уларнинг кўз ва бармоқ излари ҳамда овоз ва тил (яъни, луғат)ларининг хилма хиллигидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг (борлиги ва бирлиги ҳамда мукаммал сифатлар соҳиби эканига далолат қилувчи) оят(бурҳон)ларидандир. Албатта, бунда олимлар учун оят(белги)лар бордир”. “Рум” сураси, 22-оят.

Баъзи уламолар мазкур оятдаги “тил” сўзидан “овоз” ирода қилинган, дейдилар. Аксар уламолар эса уни “луғат”, дея тафсир қилганлар.

Ҳа, инсонларни турли овоз ва тилларда гапириши бирини иккинчисидан устун ёки пастлигига эмас, аксинча, Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлиги, шунингдек, буюк қудрат соҳиби эканлигига ишорадир!

Ростини айтсам, дунёдаги луғатларнинг аниқ сонини билмайман… Уни ҳеч ким аниқ билмаса ҳам керак…

Бироқ, шуниси аниқки, бу хилма хилликда Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати баробарида кўплаб ҳикматлари мужассам.

Тилларни турлича бўлишини ҳикмат ва мўъжиза эканлиги нимада?

Ҳикмат шуки, мана шу ҳар хиллик сабабидан инсонлар бир-бирларига эҳтиёж сезишади. Бу эҳтиёжлар қондирилиши натижасида ўзаро ёрдам олишади ва беришади, ўрталариида улфат ва иноқлик шаклланади. Шу баҳона танишиб, яқин дўстларга айланишади…

Келинг, оятдаги “тил” сўзига қайтайлик…

Аллоҳ таоло юқоридаги оятда таналардаги “ранг”дан олдин “тил”ни зикр қилиши унинг аҳамияти ва ҳикматлари юксаклигидан дарак.

Тил”дан мурод “овоз”, десак ҳақиқатки, овозлар бамисоли кўз ва бармоқ излари мисол бетакрор. Тасаввур қилинг, агар ҳамма овоз бир хил бўлганида, эркак ҳам аёл ҳам, ёш ҳам кекса ҳам?! Табиийки, бу ҳолатда қанчадан қанча тушунмовчиликлар юзага келган бўлар эди. Уларнинг бетакрорлиги ўзоро муомалаларни осонлаштиради.

Тил”дан мурод “луғат”, десак бу ҳам улуғ мўъжиза. Аслида, бир мақсадни ифода этувчи, бироқ турлича ифода этилувчи луғатлар…

Демак, тилнинг яхши ва ёмони бўлмайди. Балки, тилнинг яхши ва ёмонини унинг ифодаси эмас, балки мазмуни ва далолати белгилаб беради.

Барчамиз яхши биламизки, араб тили Қуръон, Пайғамбар, Охират ва Жаннат тили бўлсада жанобимиз Муҳаммад алайҳис салом ушбу тилда сўзлашувчиларни бошқа тилларда сўзлашувчилардан устун эмаслигини, устунлик фақатгина тақво билан белгиланишини баён этганлар.

Инсонларнинг ҳар бири Одам алайҳис саломдан тарқалган. Одам алайҳис салом эса тупроқдан яратилган. Ўзаро ортиқлик имон ва тақво (яъни, Аллоҳ таолонинг амри бажариш ва қайтарганидан қайтиш) билан бўлади.

Абу Назро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Менга ташриқ кунларининг ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларини тинглаган инсон гапириб берди. Дебдиларким:

“Эй инсонлар! Билиб қўйинглар, албатта Раббингиз бирдир, Отангиз бирдир (яъни, Одам алайҳис салом). Билиб қўйинг, арабни ажамга (бошқа миллатга), ажамни арабга, қизил (танли)ни қора (танли)га, қора (танли)ни қизил (танли)га ортиқлиги йўқ. Ортиқлик фақатгина тақво биландир. …”. Имом Аҳмад ривояти.   

Тиллар жасорат кўрсатсагина уларнинг соҳиблари қадрланади. Жабр, зулм ва таҳқир ишларини амалга оширсалар у тилларда сўзлаган тил соҳиблари ҳақли тарзда маломатга лойиқ бўладилар.

Раббисини араб тилида улуғлаган ҳам, бошқа тилда улуғлаган ҳам бирдек ажр олади.

Гуноҳ сўзларни араб тилида ифода этган ҳам, ўзга тилларда ифода этган ҳам бирдек гуноҳкор бўлади.

Тиллар арабдир ўзбек, русдир тожик, япондир ёки бошқа барчаси Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматидир.

Ҳар бир тил ҳамма томонидан ардоқланмоғи лозим!

Зотан, ҳар бир тил эгалари кеча ва бугунини, ўзлигини, Раббисини ОНА тиллари орқалигина қалбан ҳис эта олади.

Инсон ўз она тили билан ўзлигини англайди…

Раббисини танийди…

Унга ҳамд ва санолар айтади…

Унга истиғфор айтади…

Уни улуғлайди…

Унга илтижо қилади…

Ҳамд ва истиғфор ҳамда илтижоларини ўз она тили орқалигина қалбан ҳис эта олади…

Унда ижод қилади…

У билан тафаккур қилади…

У билан зиё ва маърифат тарқатади…

У орқали ўзгалар билан танишади ва тажриба алмашади…

Ҳа, у билан барча яхшиликларга қодир бўлади…

Шу боис ҳар кимни она тили ўзи учун қадрли бўлмоғи, уни оқилона ҳимоя қилмоғи даркордир…

Бугун бу борада, яъни севимли она тилимизга, унга боғлиқ тарихимиз, ушбу тилда бизга меҳрни, покликни, маърифатни, Раббимизни танитган аждодларимизга нисбатан виртуал оламда парвона бўлаётган айрим кимсаларнинг гапларига жавобимиз шуки:

Ҳар кимнинг она тили бор ва у Аллоҳнинг мўъжизасидир. У ўз эгалари учун онадек севимли, бошқа тил эгалари учун қадрли бўлмоғи керак!

Бу фитначиларнинг фитнасидан бўлак нарса ҳам эмас…

Улар билан талашиш ва тортишишга ҳам асли ҳожат йўқ…

Зотан, бизга меҳрни ҳис эттирган, ота-она ва ватанини танитган, ўзлигимизни англатган ва бахтли яшатган она тилимиз – ЎЗБЕК ТИЛИМИЗДИР!

Ўзгаларни Аллоҳнинг ояти бўлмиш тиллар билан ғаразли кимсаларгина ҳақорат қила олиши мумкин… Пок ниятли кимсалар эмас!

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

НУРАЛИ Мавланов