Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Телевизорнинг инсон ҳаётига таъсири

Телевизорнинг инсон ҳаётига таъсири

Телевизор кўрган одам янгиликлардан хабардор бўлади, ўзи учун керакли маълумотларни олиши мумкин. Бироқ унинг зарарлари ҳам бисёр. Жумладан, телевизор вақтни ўғирлайди, одамни ўзига боғлаб қўяди. Ҳар куни соатлаб телевизор кўрадиган киши олтиндан қиммат вақтини беҳуда совуради. Америкаликлар телевизорни “тентак қути” дейишлари бежиз эмас. Телевизорга сарфланган ҳар бир сония бизни ҳақиқий ҳаётдан узоқлаштиради, экран ҳаётига боғлаб қўяди. Телевизорга сарфланган ҳар бир соат ўртача 30 бет китоб ўқишимизга тўсқинлик қилади.

Зеҳнимизни, қалбимизни бундай нопок нарсадан сақлаш учун иложи борича телевизордан узоқроқ бўлиши керак. Телевизор фақат вақт ўғриси эмас, онгимизни ҳам захарлайди, қалбимизни ифлослантиради. Буни тўхтатиш ўзимизга боғлиқ.

Телевизор кўриш инсон руҳиятига таъсир қилади. У ерда кўрсатилаётган кинолар, эълонлар, тутруқсиз клиплар инсон онгини захарлайди, ҳузур-ҳаловатини кетказади.

Олимлар аниқлашича, ота-оналарнинг телевизорга ружу қўйиши бола оғзаки нутқининг ривожига салбий таъсир кўрсатар экан…

Америкалик болалар шифокори Ари Броун болаларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни умуман тақиқлашни тавсия этади. Унинг фикрича, уч ёшдан кичик гўдакларга мўлжалланган турли дастурлар болани телевизор ёнига “михлаб” қўяди. Оқибатда, боланинг кўзига зиён етказади, гаплашишни деярли унутади. Шу боис бу ёшдаги болаларни ўқитиш ярамайди. Чунки улар буни ҳали тўла тушуниб етмайди, дейди шифокор.

Телевизор оила тинчлигига ҳам хавф солади. Чунки хаёли телевизорда бўлган эр хотинини эшитишни истамайди. Сериалга ошуфта хотин боласини инжиқликларини кўтармайди. Унга фақат сериал бўлса бас. Бошқа нарса керакмас.

Ҳақиқатан, инсон ҳаётига энг кўп зиён келтирадиган нарса айнан сериаллар, десак хато бўлмайди. Адоғи йўқ бу сериаллар, айниқса, бузуқлик ва оилага қилинган ҳиёнатларни акс эттирган сериаллар, эркаклар шижоатини сўндиради, аёллар юзидан ҳаё-ибо пардасини кўтаради. Бунинг натижасида эр аёлига, оиласига хиёнат қилишига олиб келади. Аёлининг хиёнатини билиб туриб ҳам, шунга рози бўлиб яшаётган виждони, диёнатини йўқотган эркакларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Сериал кўриб бети қотган фарзандлар индамай-нетмай ота-онасига гап қайтарадиган бўлади. Фарзанд тарбиясига бефарқ ота-оналар айнан сериал туфайли кўп жабр чекади.

Сериалга ошуфта ёшлар билиб-билмай бузуқлик кўчасига кириб қолади.

Бизнинг миллий, диний қадриятларимизга умуман ёт сериаллар берилиши дард устига чипқон бўлади. Чунки бундай томошалар ҳаёсизликни, юзсизликни, ҳаром-хариш турмуш тарзини тарғиб этади. Оммавий “маданият” иси келиб турган ҳар қандай томоша одамлар дунёқарашини бузади, онгини захарлайди, инсонга хос ижобий хусусиятларни йўқотади.

Сериал кўришга мубтало бўлган халқ маънан тубанлашиб, ўзлигини унутади. Ёши катталар телевизорни “дилбузор” деганлигича бор. Телевизор айнан қалбимизни жароҳатлайди. Унинг оғриғи бирдан эмас, йиллар ўтиб билинади.

Шундай экан, телевизорга боғланиб қолманг, ўзингизни фарзандларингизни телевизорнинг зарарли нурларидан, маънавиятга келтирадиган зиёнидан сақланг.

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби

Х.Ортиқов