Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТЕЛЕФОН ВА ИНТЕРНЕТДАГИ ИҒВОЛАР

ТЕЛЕФОН ВА ИНТЕРНЕТДАГИ ИҒВОЛАР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни фисқу-фасод ва бўҳтонлардан қайтарган. Динимизда кимгадур иғво йўли ила ёмонлик қилиш ва унинг шаъни, обрўсини тўкишлик ман этилган. Қуръонда: (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур(Ғофир сураси 19-оят), дея марҳамат қилинган. Кимнингдур яширин ё ошкора бўлсин, унинг шахсиятига ва обрўсига зарар келтирадиган ҳар қандай амалини Аллоҳ таоло кўриб, билиб туради.  

Бугунги кунда ёшларимиз ва уяли алоқа телефонларини ишлатаётган кўпчилик кишилар унинг алоқа воситаси эканлигини, ундан ва у орқали интернетдан фойдаланишнинг яхши ва ёмон томонларини билиб олмоғи зарур, албатта. Чунки биринчи ўринда вақтни исроф қилиш хавфи мавжуд. Агарда телефон орқали беҳуда суҳбатларга ортиқча вақт сарфласак, уни исроф қилган бўламиз. Интернетда ҳам кераксиз ва бефойда нарсалар билан машғул бўлсак, худди шундай, вақтимиз ва умримиз зое кетган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилган: “… исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси 141-оят).

Телефондан фойдаланиш одоблари хусусида уламоларимиз шундай фикрларни баён этганлар: Телефонга қўнғироқ келганда, гўшакни олгач “лаббай” ёки шу каби яхши сўзлар билан мулоқотни бошламоқ; уяли алоқа воситасида узоқроқ гарлашмоқчи бўлса, суҳбатдошидан изн сўрамоқлик; телефон мулоқоти чоғида суҳбатдошини малоллантириб қўймаслик ва ҳар хил нарсаларни истеъмол қилиб, кавшаниб гаплашмаслик; телефонда овозини сохталаштириш ёки бировнинг номидан гапирмаслик, бировнинг номинин сотмаслик, масхара қимаслик ва ёлғон сўзламаслик; телефон орқали тасдиқланмаган ёки ёлғон хабарлар тарқатмаслик; бировнинг телефон рақамини ўзининг рухсатисиз бошқаларга бермаслик; ўзига келган ҳар қандай хабарни тасдиқланмасдан туриб бошқаларга тарқатмаслик; шахсий телефони бўлса ҳам, унда оилавий нозик суратларни олиб юрмаслик; Қуръон ва бошқа шу каби мўътабар материалларни телефонида сақлаб олиб юрмаслик; бировларнинг расмлари ва шахсий лавҳаларини ўзларининг рухсатисиз телефонига тушириб олмаслик; дини, ватани, оиласига ва маънавиятига зарар келтирадиган омиллар ёки ташвиқотлар туширилган нарсаларни телефонда сақламаслик ва тарқатмаслик.

Замонамиз ривожланиб бугунги кунда одамлар интернет орқали бир-бирларига хат ёзиш, расм юбориш, видео жўнатиш, юзма-юз кўриб суҳбатлашиш каби имкониятларга эга бўлдилар. Алоқа воситалари сифатида интеренетда телеграм, твиттер, вконтакте, одноклассники, скайп, мой-мир каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб келинмоқда. Албатта, бунинг фойдали томонлари кўп. Узоқни яқин қилиш, соғинган яқинларингни ҳолидан хабардор бўлиб, овозини эшитиш ва ўзини кўриш, вақтдан унумли фойдаланиш. Лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ҳамма ҳам интернетдан яхшилик йўлида фойдаланмаётир. Бунда ёвуз ниятлилар ўз қарашларини, вайронкор ғояларини тарқатишда фойдаланмоқдалар. Натижада миллатчилик, ирқчилик ва ўзаро адоват тарқатувчи ҳар хил иғволар пайдо бўлмоқда. Ҳаётда биронта ҳам дўсти топилмайдиганларнинг интернетда “виртуал дўстлари” кўпаймоқда. Дўстлик ва қадрдонлик тушунчалари ҳам ҳаётда эмас балки виртуал оламга кўчиб ўтмоқда. Ёшларимиз дўстлик ва қадр тушунчаларини ҳам билиб-билмай тасаввур қилмоқдалар. Яхши ва ёмон хабарларни аниқлаш ва текшириш нелигин билмай, унга мубтало бўлмоқдалар. Интернет оламида шармандагарчилик, чақимчилик, уят, ор-номус нима эканлигини фарқлаш мушкул бўлиб бормоқда. Ҳар қандай нафсоний хоҳиш-истакни ҳаётда бажара олмагач, виртуал оламда амалга оширмоқдалар. Эҳтимол бунга ҳам “ҳаётий эмас-ку”, деган баҳоналарни қилишар, лекин яширин ва ошкора гуноҳларни билиб тургувчи зотдан қўрқишлари керак эмасми?! Аллоҳ таоло Қуръонда: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир (Моида сураси 2-оят), дея марҳамат қилган.

Ғийбат ва бўҳтон қилиш, туҳмат ва исён қилиш, иғвогарлик ва уят тушунчалари интернет оламидаги баъзи сабаблар боис ёшларимизда ўз таъсирини йўқотиб бормоқда. Бугунги ёшларимиз дўстлик, фидойилик, муҳтожга ёрдам бериш каби хислатлардан тобора узоқлашиб бормоқда. Нега дейсизси? Одамлар фавқулодда ҳолатни кўриб қолсалар, бориб ёрдам бериш ўрнига, уни тасвирга тушуриб, тарқатмоқдалар. Бировларнинг ёниб кетаётганини, ўз жонига қасд қилаётганларни, балки бунданда даҳшатлироқ видео роликларни томоша қилиб, бошқаларни ҳам шуни кўришга тарғиб қилмоқдалар. Бировнинг уйи ёнса, машинаси автоҳалокатга учраса, кимдир бировни калтакласа, интернетда “ўз мухлисларига” эга бўлмоқда. Мусулмон киши бундай таҳликали, ахборот хуружлари даврида ўзини гуноҳлардан сақламоғи ҳамда иғвою-ғийбатлардан узоқроқда турмоғи зарурдир. Балки баъзи ёшларимизнинг иши юришмаётгани, меҳнатга лаёқати сўниб бораётгани, ризқининг танглиги мана шу чек-чегарасини англамай интернетдаги иғволарга ошино бўлиб қолганликларидадир?! Чунки иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди. Мусо (а.с.) замонасида қурғоқчилик бўлганида ҳаёт ниҳоят даражада оғирлашади. Мусо (а.с.) уч бора ёмғир сўраб дуо қилдилар. “Ё Раббим, сендан уч бора ёмғир сўраб дуо қилдик, сен қабул қилмадинг”, – дейди. Аллоҳ таоло: “Токи орангизда иғвогар бор экан, сизнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам дуосини қабул қилмагайман”, – дея ваҳий юборди. Мен сизларга фисқ-фасодни ва иғвогарликни ман қиламан деди. Ҳаммалари тавба қилди Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.

Интернет оламида дўстлар орттирган ёшларимиз дўст ким, у қандай бўлиши керак, деган тушунчаларнинг фарқига бормаяптилар чоғи. Ҳақиқий дўстлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларида ва у кишининг саҳобаларида мужассам бўлган. “Мақомоти Нақшбандия” китобида шундай ривоят келтирилади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Сизларнинг етмишингиздан Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу яхшироқ”, – дедилар. Саҳобалар: “Нега ундай?  Абу Бакр сиддиқни розияллоҳу анҳу  яхши биламиз. У биз билан доим бирга. Тоат-ибодатини ҳам биламиз”, – деб таажжубландилар. Саҳобаларнинг бир гуруҳи Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу нинг уйларига бордилар. У кишининг фарзандлари Абдурраҳмон чиқдилар. Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу намоз ўқиб турган эканлар. Бир оз ўтгач, Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу дуо қила бошладилар. Йиғлаганларидан соқоллари хўл бўлиб кетди.  Ҳатто, у кишининг йиғиларига хонадонга ташриф буюрган саҳобалар ҳам қўшилдилар. Дуодан сўнг: “Эй Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу, сизни нима бунча йиғлатди?” – деб сўрадилар. У зот: “Ҳеч айтмасдим, сизлар учун айтаман”, – дедилар. “Кеча расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи умматларини дўзахга дохил бўлишини айтиб йиғладилар, қуёшдек юзлари сўлғин бўлди. Ойдек чеҳралари маҳзун бўлди. Умматининг дўзахга тушишидан хафалик у кишини йиғлатди. Мен бу ҳолатни кўриб, тоқат қилолмадим. Уйга келиб, Аллоҳдан менинг жасадимни қиёмат куни катта қилиб, бутун дўзахни менинг жасадим ила тўлдиришини, бошқа умматларнинг жасадига жой қолмай, сиғмай қолишини сўраб, дуо қиляпман. Шунда, зора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулсалар, у кишини уммати нажот топса, Аллоҳ мендан рози бўлса”, – деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Ҳақиқатда Аллоҳнинг расули ҳақ экан. Сиз етмиштамиздан ҳам яхшироқ экансиз”, – дея қайтиб кетдилар.

Ҳақиқий дўст бир-бирининг азоб чекишидан, қийналишидан, ҳунук ва бузуқ ишларга тушиб қолишидан Аллоҳдан паноҳ сарайди. Интернетдаги дўстлар эса, бир-бирларига ҳавотирли, шов-шувли тасвирлар, видеолар ёки кимдир масхара қилинган овозли тасмаларни юбориб, вақтларини беҳуда ўтказмоқдалар.

Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳдан!

Қибрай тумани “Тўқай тепа” жоме масжиди
имом хатиби Сайдулло Мамадалиев