Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТЕЛЕФОН ВА ИНТЕРНЕТДАГИ ИҒВОЛАР

ТЕЛЕФОН ВА ИНТЕРНЕТДАГИ ИҒВОЛАР

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бизларни фисқу-фасод ва бўҳтонлардан қайтарган. Динмизда кимгадур иғво йўли ила ёмонлик қилиш ва унинг шаънини, обрўсини тўкишлик ман этилган. Қуръонда: (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир сураси 19-оят), дея марҳамат қилинган. Кимнингдур яширин ё ошкора бўлсин, унинг шахсиятига ва обрўсига зарар келтирадиган ҳар қандай амални Аллоҳ таоло кўриб-билиб туради.

Бугунги кунда ёшларимиз ва кўпчилик телефон ишлатаётган кишилар ундан алоқа воситаси сифатида ёки интернетдан фойдаланишнинг яхши ва ёмон томонларини билиб олмоғи зарур, албатта. Чунки биринчи ўринда вақтни исроф қилиш хавфи мавжуддир. Агарда телефон орқали ким биландир ортиқча караксиз лақиллаб ўтираверсак, вақт исроф бўлади. Интернетда ҳам кераксиз ва бефойда нарсалар билан машғул бўлсак, вақтимиз ва умримиз исроф бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “… ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси 141-оят), дея марҳамат қилган.

Телефондан фойдаланиш одоблари хусусида уламоларимиз шундай фикрларни баён этганлар:

– Телефонга қўнғироқ келганда, гўшакни олгач “лаббай” ёки шу каби яхши сўзлар билан мулоқотни бошламоқ.

– Уяли алоқа воситасида узоқроқ гарлашмоқчи бўлса, суҳбатдошидан изн сўрамоқлик.

– Телефон мулоқоти чоғида суҳбатдошига малол бўлмаслигига ҳаракат қилиш ва ҳар-хил нарсаларни истеъмол қилиб, кавшаниб турмаслик.

– Телефонда овозини сохталаштириш ёки бировнинг номидан гапирмаслик, бировнинг номини сотмаслик, масхара қилмаслик ва ёлғон сўзламаслик.

– Телефон орқали тасдиқланмаган ёки ёлғон хабарлар тарқатмаслик.

– Бировнинг телефон рақамини ўзининг рухсатисиз бошқаларга бермаслик.

– Ўзига келган ҳар қандай хабарни тасдиқланмасдан туриб бошқаларга тарқатмаслик.

– Шахсий телефони бўлса ҳам, унда оилавий нозик суратларни олиб юрмаслик.

– Қуръон ва бошқа шу каби мўътабар материалларни телефонида сақлаб олиб юрмаслик.

– Бировларнинг расмлари ва шахсий лавҳаларини ўзларининг рухсатисиз телефонига тушириб олмаслик.

– Динига, ватанига, оиласига ва маънавиятига зарар келтирадиган омиллар ёки ташвиқотлар туширилган нарсаларни телефонда сақламаслик ва тарқатмаслик.

Замонамиз ривожланиб, бугунги кунда одамлар интернет орқали бир-бирларига хат ёзиш, расм юбориш, видео жўнатиш, юзма-юз кўриб суҳбатлашиш каби имкониятларга эга бўлдилар. Алоқа воситалари сифатида интренетда телеграм, твиттер, вконтакте, одноклассники, скайп, мой-мир каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб келинмоқда. Албатта, бунинг фойдали томонлари кўп. Узоқни яқин қилиш, соғинган яқинларингни ҳолидан хабардор бўлиб, овозини эшитиш ва ўзини кўриш, вақтдан унумли фойдаланиш, узоқнинг яқин бўлиши. Лекин минг афсуслар бўлсинки, ҳозирда ҳамма ҳам интернетдан яхшилик йўлида фойдаланмаётир. Бунда ёвуз ниятлилар ўз қарашларини, вайронкор ғояларини тарқатишда фойдаланмоқдалар. Натижада миллатчилик, ирқчилик ва ўзаро адоват тарқатувчи ҳар-хил иғволар пайдо бўлмоқда. ҳаётда биронта ҳам дўсти топилмайдиганларнинг ҳам интернетда виртуал “дўстлари” кўпаймоқда. Дўстлик ва қадрдонлик тушунчалари ҳам ҳаётда  эмас, балки виртуал оламга кўчиб ўтмоқда. Ёшларимиз дўстлик ва қадр тушунчаларини ҳам билиб билмай тасаввур қилмоқдалар. Яхши ва ёмон хабарларни аниқлаш ва текшириш нелигин билмай, унга мубтало бўлмоқдалар. Интернет оламида шармандагарчилик, чақимчилик, уят, ор-номус нима эканлигини фарқлаш мушкул бўлиб бормоқда. Ҳар қандай нафсоний хоҳиш-истакни ҳаётда қилолмагач, виртуал оламда амалга оширмоқдалар. Эҳтимол бунга ҳам “ҳаётий эмаску” деган баҳоналарни қилишар, лекин яширин ва ошкора гуноҳларни билиб тургувчи зотдан қўрқишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръонда: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят), дея марҳамат қилган.

Ғийбат ва бўҳтон қилиш, тухмат ва исён қилиш, иғвогарлик ва уят деган тушунчалар интернет оламидаги баъзи сабаблар ила ёшларимизда ўз таъсирини йўқотиб бормоқда. Бугунги ёшларимиз дўстлик, фидойилик, муҳтожга ёрдам бериш каби хислатлардан тобора узоқлашиб бормоқда. Нега дейсизми?! Одамлар фавқулодда ҳолатни кўриб қолсалар, бориб ёрдам бериш ўрнига уни тасвирга тушуриб, телефонларда ёки интернетда тарқатмоқдалар. Бировларнинг ёниб кетаётгани, ўзининг жонига қасд қилаётганларни, балки бунданда даҳшатлироқ видео роликларни телефонларида кўриб, томоша қилиб, кўтариб юрибдилар. Бировнинг уйи ёнса, машинаси автоҳалокатга учраса, кимдир бировни калтакласа, интернетда “ўз мухлисларига” эга бўлмоқда. Мусулмон одам бундай таҳликали, ахборот хуружлари даврида ўзини гуноҳлардан сақламоқ ҳамда иғвою ғийбатлардан тийилмоғи зарурдир. Балки баъзи ёшларимизни иши юришмай бораётгани, меҳнатга лаёқати сўниб бораётгани, ризқининг танглиги мана шу чек-чегарасини англамай интернетдаги иғволарга ошно бўлиб қолганидандир. Чунки иғвогарлик бор ерда барака бўлмайди. Мусо (а.с.) замонасида қурғоқчилик пайтида ҳаёт ниҳоят даражада оғир бўлади. Мусо (а.с.) уч бора ёмғир сўраб дуо қиладилар. “Ё Раббим, сендан уч бора ёмғир сўраб дуо қилдик, сен қабул қилмадинг”, дейди. Аллоҳ таоло: “Токи орангизда иғвогар бор экан, сизнинг ҳам, бошқаларнинг ҳам дуосини қабул қилмагайман”, дея ваҳий юборади. “Мен сизларга фисқ-фасодни ва иғвогарликни ман қиламан”, дейди. Ҳаммалари тавба қилади, Аллоҳ таоло ёмғир ёғдиради.

Интернет оламида дўстлар орттирган ёшларимиз дўст ким, у қандай бўлиши керак, деган тушунчаларни фарқига бормаяптилар, чоғи. Ҳақиқий дўстнинг сифатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларида ва У кишининг саҳобаларида мужассам бўлган. “Мақомати Нақшбандия” китобида шундай ривоят келтирилади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Сизларнинг етмишингиздан Абу Бакр сиддиқ (р.а.) яхшироқ” дедилар. Саҳобалар: “Нега ундай? Абу Бакр сиддиқни (р.а.)  яхши биламиз. У биз билан доим бирга. Тоат-ибодатини ҳам биламиз”, деб таажжубландилар. Саҳобаларнинг бир гуруҳи Абу Бакр сиддиқ (р.а.) нинг уйларига бордилар. У кишининг фарзандлари Абдурраҳмон чиқдилар. Абу Бакр сиддиқ (р.а.) намоз ўқиб турган эаканлар. Бир оз ўтгач Абу Бакр сиддиқ (р.а.) дуо қила бошладилар. Йиғлаганларидан соқоллари хўл бўлди. Ҳатто, у кишининг йиғиларига хонадонга ташриф буюрган саҳобалар ҳам қўшилдилар. Дуодан сўнг, эй Абу Бакр сиддиқ (р.а.) сизни нима бунча йиғлатди деб сўрадилар. У зот: “Ҳеч айтмасдим, сизлар учун айтаман”, дедилар. Кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи умматларини дўзахга дохил бўлишини айтиб йиғладилар, қуёшдек юзлари сўлғин бўлди. Ойдек чеҳралари маҳзун бўлди. Умматининг дўзахга тушишидан хафалик у кишини йиғлатди. Мен бу ҳолатни кўриб, тоқат қилолмадим. Уйга келиб, Аллоҳдан менинг жасадимни қиёмат куни катта қилиб, бутун дўзахни менинг жасадим ила тўлдиришини, бошқа умматларнинг жасадига жой қолмай, сиғмай қолишини сўраб дуо қиляпман. Шунда, зора Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулсалар, У кишининг уммати нажот топса, Аллоҳ мендан рози бўлса”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Ҳақиқатда Аллоҳнинг Расули ҳақ экан. Сиз етмиштамиздан ҳам яхшироқ экансиз”, дея қайтиб кетдилар.

Ҳақиқий дўст бир-бирларини азоб чекишидан, уларни қийналишидан, ҳунук ва бузуқ ишларга тушиб қолишидан Аллоҳдан паноҳ сарайди. Интернетдаги дўстлар эса, бир-бирларига хавотирли, шов-шувли тасвирлар, видеолар ёки кимнингдур масхара қилинган овозли тасмаларини юбориб, вақтларини беҳуда ўтказмоқдалар.

Тавфиқ ва ҳидоят Аллоҳдан!

Сайдулло Мамадалиев
Қибрай тумани “Тўқай тепа” жоме масжиди имом-хатиби