Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тавба сабр ва ризо билан короновирусни енгамиз

Тавба сабр ва ризо билан короновирусни енгамиз

Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган вабо хақида эшитмаган одам қолмади десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу вабога қарши кураш қаттиқ кечмоқда. Чоралар кўрилмоқда, сабаблар ишга солинмоқда. ИншаАллоҳ натижалар ҳам яхшиланади. Вабо юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Энг асосийси азиз юртдошларимиз: биз тушкунликка тушмаслигимиз, шифокорлар бизларга бераётган тавсияларига амал қилишимиз, давлатимиз талаб қилаётган карантин қоидаларига сўзсиз итоат қилишимиз керак. Бизнинг аждодлармиз бошларига келган турли синовларни кучли матонат билан енгиб ўтганлар, бизлар ҳам уларга муносиб зурриёт бўлишимиз лозим. Бунинг учун тавба, сабр, ризо сифатлари хақида озгина тушунчаларга эга бўлишимиз керак.

Мўмин банданинг амаллари гўзал ва Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун банданинг ҳоллари гўзал бўлиши керак. Яъни, амалларни ихлос билан қилиш ва амали турли нуқсонлардан, риё ва ғафлат каби камчиликлардан холи бўлиши лозим. Бунинг учун эса банданинг ҳоли яхши бўлиши, унинг қалби Аллоҳ таолодан ўзгадан ҳоли бўлиши керак.

Банданинг қалби Аллоҳ таолодан бошқадан ҳоли бўлиб, аҳволлари гўзал бўлиши учун эса бир неча поғоналарни босиб ўтиши керак.

Биринчи поғона тавбадир.

«Тавба» сўзи араб тилида «қайтиш» маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам «тавба» деб аталган.

Уламолар тавба ҳақида: «Тавбанинг маъноси учтадир:

Биринчиси надомат қилиш.

Иккинчиси Аллоҳ қайтарган нарсадан қайтишга азму қарор қилиш.

Учинчиси зулмларни ўрнига қайтариш учун ҳаракат қилиш, -деганлар.

Тавбанинг турлари:

1. «Иноба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг қудратидан қўрқиб қилинган тавба.

2. «Истижоба тавбаси» – Аллоҳ таолонинг яқинлигидан уялиб қилинган тавба.

3. «Фосид тавба» – фақат тил билан қилинган тавба.

4. «Саҳиҳ тавба» – банданинг гуноҳ қилиши билан дарҳол ўзини билиб, ундан қайтиши.

5. «Насуҳ тавба».

Аллоҳ таоло бундай деб буюради: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!» (Таҳрим сураси, 8-оят).

Ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.

Тавба ҳақида имом Нававий қуйидагиларни айтади: «Ҳар бир гуноҳдан тавба қилиш вожибдир. Агар қилинган гуноҳ банда билан Аллоҳ таолонинг орасидаги иш бўлса, одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлмаса, тавбанинг тўғри бўлиши учун уч шарт бордир:

1. Маъсиятдан бутунлай ажраб чиқиш.

2. Уни қилгани учун надомат қилиш.

3. Абадул-абад уни қайтармасликка азму қарор қилиш.

Ушбу шартлардан бирортаси бўлмаса, тавба тўғри бўлмайди.

Агар қилинган гуноҳ одам боласининг ҳаққига боғлиқ бўлса, тўртинчи шарт – ўша одамнинг ҳаққидан қутулиш зиёда қилинади. Ҳақ молу мулк ёки шунга ўхшаш нарса бўлса, уни эгасига қайтарилади.

Барча гуноҳлардан тавба қилиш вожибдир. Агар баъзисидан тавба қилса, ўша гуноҳдан қилган тавбаси тўғри бўлади. Қолган гуноҳлари тураверади.

Шайтон алайҳилаъна тавба қилмай, тавқи лаънатга учради. Одам алайҳиссалом тавба билан мукаррамликка эришди.

Аллоҳ таоло солиҳ мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, энг аввало уларнинг тавба қилувчилар эканини зикр қилади:

«Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» (Тавба сураси, 112-оят).

Иккинчи поғона сабрдир.

 «Сабр» сўзининг маъноларидан бири «танглик ила ўзини тутиб туриш»дир.

Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан: Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

«Сабр уч турлидир: Аллоҳ таолонинг тоатига сабр қилиш, Аллоҳ таолонинг маъсиятидан сабр қилиш, Аллоҳ таолонинг имтиҳонига сабр қилиш».

Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир» (Бақара сураси, 45-оят).

Биз «ёрдам сўранг» деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўз бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўраш маъносини англатади. Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Сабр, кўпчилик хаёл қилганидек, салбий маънода, яъни нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб жим, ҳаракатсиз туриш эмас, балки Аллоҳнинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги сабрдир.

Намоз эса бандани Аллоҳга боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Набий алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Учинчи поғона ризодир.

Бизнинг тилимизда «розилик», «рози бўлиш» шаклида ишлатиладиган маъно араб тилида «ризо» дейилади ва «сахат» – норозиликнинг тескарисини англатади.

Уламолар ризо ҳақида: «Ризо инсоннинг ўзига етган мусибат ёки етмай қолган яхшиликни ўзгармасдан, нафсоний яхшилик билан қабул қилишидир», деган.

Яна: «Ризо қайси ҳукмда бўлса ҳам, жазаъ, яъни бетоқатликнинг (норозиликнинг) бўлмаслигидир», дейилган.

Уламолар ризони икки турга тақсимлаганлар:

Биринчи тур: Ўзига амр қилинган нарсани адо қилишга ҳамда наҳий қилинган нарсани тарк қилишга рози бўлиш. Бунинг ичига Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсаларни ҳаддан ошмаган ҳолатда бажариш ҳам киради.

Иккинчи тур: Беморлик ва хорлик каби мусибатлардан ризо бўлиш. Бу ризонинг ҳам вожиблигини уламолар таъкидлаганлар. Баъзилар уни «мустаҳаб» деганлар.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» (Баййина сураси, 8-оят).

Яъни, Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда қилган иймон-эътиқодлари ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.

Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир.

Иймоннинг асоси ҳам Аллоҳнинг ҳар қандай ҳукмига рози бўлишдан иборатдир. Яна ҳам аниқроғи, сабр иймондан бир бўлак бўлса, ризо айнан иймоннинг олий даражасидир.

– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Манави ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деди. Муҳаммад ибн Восеъ:«У чиққанидан буён кўзимга чиқмагани учун шукр қилмоқдаман», деди.

Албатта, Қачон банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббати бўлса юқоридаги тавба, сабр, ризо поғонасига кўтарилиб ва оқибатда кўп яхшиликларга эришади.

Аллоҳ таоло барчамизга амалларимизнинг гўзал бўлишини, жонимиз саломат бўлишини насиб этиб, тез кунларда бутун дунёдан бу коронавирус вабо балоларини кўтариб, беморларга шифои комил ато айласин. Омин.

«Исломобод» жоме масжиди имом хатиби Ш.Назарқулов