Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

ТАВАККУЛ

Нофеъ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тоифа аскарларни сафарга жўнатдилар. Улар ичида Ҳудайр исмли бир кимса ҳам бор эди.

Ўша йили қаҳатчилик ила келган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аскарларнинг барчасини таом билан таъминлаб, Ҳудайр розияллоҳу анҳуни унутдилар.

Ҳудайр розияллоҳу анҳу сафарга сабр ила, Аллоҳдан савоб умидида чиқди. Отлиқларнинг охирида ушбу сўзларни такрорлаб кетарди: “Ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар валҳамдулиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Эй Роббим, бу қандайин ҳам яхши озуқадир”.

Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Роббим мени сизнинг ҳузурингизга барча саҳобаларингизга озуқа бериб, Ҳудайрни унутганингизни билдириш учун юборди. У отлиқлар охирида “Ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар валҳамдулиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Эй Роббим, бу қандайин ҳам яхши озуқадир”, дея қайта-қайта такрор айтиб кетаябди. Унинг ушбу сўзи Қиёмат куни еру осмон орасида нур бўлади. Унга озуқа жўнатинг”, – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини ўз олдиларига чақириб, Ҳудайрнинг озуқасини бердилар ва унга Ҳудайрнинг айтган сўзларини эслаб қолишни буюрдилар. Унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга салом йўлладилар ва сизга Аллоҳнинг раҳматини сўрадилар. У зот сизга озуқа беришни унутган эканлар. Аллоҳ таоло Жаброилни жўнатиб, у зот орқали сизнинг ҳолингизни эслатиб қўйди ва сизнинг ўрнингизни билдирди«, – деб айтишни таъкидладилар.

У киши Ҳудайрнинг олдига келганида, унинг: “Ла илаҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар валҳамду лиллаҳ  ва субҳаналлоҳ ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ. Эй Роббим, бу қандайин ҳам яхши озуқадир”, – деб кетаётганини кўрди.

Унга яқинроқ келиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга салом йўлладилар ва сизга Аллоҳнинг раҳматини сўрадилар. Мени сизга озуқа билан юбордилар, сизга озуқа беришни унутганларини, Аллоҳ таоло Жаброилни жўнатиб ҳолингизни маълум қилганлигини айтиб юбордилар”, – деди.

Ҳудайр Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиб, шундай деди: “Оламларнинг Роббисига ҳамдлар бўлсинки, мени етти қават осмон ва Арш устидан зикр қилди. Менинг очлигим ва заифлигимга раҳм қилди. Эй роббим, Ўзинг Ҳудайрни унутмаганингдек, Ҳудайрни ҳам Сени ҳеч ҳам унутмайдиган қилиб қўйгин”.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қайтиб бориб, кўрганларини ва Ҳудайрнинг айтган сўзларини айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Агар бошингни кўтарганингда, унинг сўзлари ер-у осмон ўртасида нур бўлганлигини кўрган бўлар эдинг”, – дедилар.

 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофидаги эр ва аёллар» китоби асосида

 

 

Пискент тумани “Саид ота” жоме масжиди имом-хатиби
Сайдираҳим Эшонхўжаев тайёрлади.