Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАСБЕҲ ИШЛАТИШ БИДЪАТМИ?

ТАСБЕҲ ИШЛАТИШ БИДЪАТМИ?

Ҳозирдаги ихтилофли масалалардан бири тасбеҳ ишлатишдир. Диёримизда баъзилар тасбеҳ ишлатишни бидъат демагунча бундай ихтилофлар бўлмаган. Шу гап чиққач эса мусулмонлар орасида турли ихтилоф ва тортишувлар юзага кела бошлади.

Тасбеҳ ишлатиш ҳақиқатан ҳам бидъатми ёки мустаҳабми, мавзуйимиз шу ҳақида бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқларини букиб (тасбеҳ) санаётганларин кўрганман”.

Термизий ривояти.

Софийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга кирдилар. Менинг олдимда данаклар ёки майда тошлар бўлиб, ўшалар билан тасбеҳ айтар эдим. У зот: “Эй Ҳуяй қизи бу нима?”, дедилар. Мен: “Булар билан тасбеҳ санайаман”, дедим. У зот: “Бундан-да кўпроқ савоб оладиган амал бор, дедилар”. Мен: “Менга ҳам ўргатиб қўйинг”, дедим. У зот: “Субҳаналлоҳи адада холқиҳи”, деб айт, дедилар.

Термизий ривояти.

Абдураҳмондан ривоят қилинади: “Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бир идишида хурмо данаклари бўлиб, тонгги намозни ўқигач, уларни идишдан битта битта чиқариб то идишда қолмагунича тасбеҳ айтар эди”.

Имом Аҳмад “Зуҳд”да ривоят қилган.

Имом Абу Довуд “Никоҳ китоби”да келтиришча, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг хурмо данаклари билан тасбеҳ ўгираётганини кўришган.

Ибн Абу Шайба Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши майда тошлар билан тасбеҳ санар эди. Шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг  мингта тугун қилинган ипи (тасбеҳи) бўлиб, то уни (тасбеҳ) ўлароқ санамагунча ухламас эди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу майда тошлар билан тасбеҳ санар эди.

Фотима бинти Ҳусайн ибн Али раҳматуллоҳи алайҳа ипга қилинган тугунлар билан тасбеҳ санар эди.

Ибн Саъд ривояти.

Умар Маккий айтади: Устозим Ҳасан Басрийнинг қўлида тасбеҳ кўриб: “Устоз, бундайин улуғ шаънингиз ва гўзал ибодатингиз билан тасбеҳ тутасизми?”, деб сўрадим. У зот: “Биз бу тасбеҳни аввал ҳам ишлатганмиз ва бундан кейин ҳам ишлатамиз. Мен Аллоҳ таолони қалбим, қўлим ва тилим ила зикр қилишни севаман”, деб жавоб берди.

Шайх Абул Аббос Раввод Ҳасан Басрийнинг ушбу сўзи ҳақида бундай дейди: Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сўзларидан маълум бўлдики, тасбеҳ саҳобалар замонида ҳам мавжуд бўлган экан. Зотан, Ҳасан Басрийнинг ҳаётининг аввали саҳобалар замонида бўлган.

“Нузҳатул фикр фий субҳатиз зикр”.

Ибн Ҳажарнинг “Мишкот”ида: Ҳадисдаги ушбу амрдан тасбеҳ ишлатиш мустаҳаблиги ва унинг бидъат экани нотўғри экани олинади”, дея келтирилган.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: Дарҳақиқат, тасбеҳ ишлатиш мустаҳабдир. Софийя онамиз ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тасбеҳ ўгирадиган майда тошлар ёки данакларини кўргач тақрир қилдилар (ман этмадилар). Тасбеҳ ҳам шу маънода жоиз бўлади.

Икрима раҳимаҳуллоҳ айтади: Уларга ишора қилинадиган (маконати улуғ), улардан фатво олинадиган ва уларга эътимод қилинадиган улуғлар тасбеҳ ишлатишган. Масалан: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг пишиқ ипига мингта тугун тугилган бўлиб, у зот ўн икки минг марта тасбеҳ айтмагунча ухламас эди.

Ҳанафий мазҳабидаги матн китоблардан бўлмиш “Дуррул мухтор” да: “Риёсиз ҳолатда тасбеҳ ишлатишнинг зарари йўқ. “Баҳр” да шундайдир”, дея келтирилган.

Ушбу китобнинг “Раддул мухтор” номли шарҳи соҳиби аллома ибн Обидин бундай дейди: Тасбеҳ ишлатишнинг зарари йўқ. Бунинг жоиз эканига имом Абу Довуд, Термизий, Насоий, ибн Ҳиббон ва Ҳокимнинг қуйидаги ривоятлари далилдир: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир аёлнинг олдига кирдилар. Унинг олдида данаклар ёки майда тошлар бўлиб, ўшалар билан тасбеҳ айтаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга бундан кўра осон ёки афзал нарсанинг хабарини берайми? Субҳаналлоҳи адад маа холақо фиссамааи ва субҳаналлоҳи адада маа холақо фил арз ва субҳаналлоҳи адада маа байна залик”, деб айтдилар.

У зот алайҳиссалом бу аёлни қилаётган ишидан қайтармадилар ва унга бундан осонроқ ва афзалроқ ишни ўргатиб қўйдилар. Агар бу иш ман этилган бўлса айтган бўлар эдилар. Тасбеҳ эса ушбу ҳадисдаги майда тош ёки данакларнинг ипга тизилганидан зиёда нарса эмас”. (Раддул мухтор. 1/457).

Алиййул Қорий “Мирқотул мафотиҳ” да бундай деган: Ушбу ҳадис тасбеҳ санаш жоиз эканлигига аслий далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу аёлнинг ушбу қилаётган ишига тақрир (иқрор) қилганлар. Тасбеҳни бидъат дейдиганлар сўзи эса эътиборга олинмайди.

Имом Суютий айтади: Уларга ишора қилинадиган, улардан фатво олинадиган ва уларга эътимод қилинадиган улуғлар тасбеҳ ишлатишган. Қози Абул Аббос Аҳмад ибн Халликон “Вафаётул аъён” да айтишича, у бир куни Абул Қосим Жунайд ибн Муҳаммаднинг қўлида тасбеҳ кўриб: Шундайин шарафингиз билан тасбеҳ ишлатасизми?, деб сўради. Шунда у киши: “Бу мени Роббимга етказувчидир, ундан сира ҳам ажралмайман”, деди.

(Ҳовий. 2/39-40.

Ибн Аллон раҳимаҳуллоҳ: “Ададда адашиб кетилмаса қўлда санаш тасбеҳда санашдан афзалдир. Агар кўп ададли зикрларда адашиб кетиладиган бўлса тасбеҳ афзал”, деб айтган.

Энди тасбеҳ ишлатиш бидъат дейдиганларга келсак, уларнинг бир неча иддаоси бор:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бу амал яхши бўлганида тасбеҳ тутган бўлар эдилар, деган даъво.

Бунга жавобан айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ҳар бир иш бидъат бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларидаёқ у зот қилмаган ишларни саҳобийлар қилишган ва узот буни ман этмаганлар, аксинча бу ишини савоблигини айтганлар. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тасмиъ (самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳни) айтганларида ортидаги саҳоба “Роббанаа валакал ҳамду ҳамдан касирон тоййибан мубарокан фийҳ” деб айтган ва у зот алайҳиссалом намоз тугагач ўттиз нечта фариштанинг ёзиб олишга талашаётганини кўрганларини айтганлар. (Бухорий ривояти).

 Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан қайси амали ила жаннатга ўзгани ҳақида сўраганларида, азон айтгач икки ракъат намоз ўқиб олиш ва таҳорати синса таҳорат олиб икки ракъат намоз ўқиб олишини айтган. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мана шу икки амалинг билан жаннатда ўзибсан”, деб айтганлар. (Термизий ривояти).

Эътибор қилсак, бу икки саҳобанинг амалини Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ўргатмаган эдилар. Аммо бу ишларин билгач тақрир (индамадилар) қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом қилмаган ишни қилиб, таровеҳни жамоат билан бир имом ортида ўқишни йўлга қўйганлар.

Демак тасбеҳ ўгиришга ҳам тақририй суннат ворид бўлган ва ушбу иш савобли амалдир, асло бидъат эмас.

2. Баъзи уламолар зикрларни санашни мутлақ бидъат дейишган. Зикрларни тасбеҳ билан санашни эса гапирмаса ҳам бўлади, деган даъво.

Бунинг жавобига ҳам айтамизки, ушбу уламоларнинг бидъат деган қавллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрири, амали ва жалил саҳобалар феъллари ила мардуддир. Биз бу сўзимизг юқорида ҳадислар ва салафи солиҳлар феълларидан етарли далиллар келтириб ўтдик.

3. Бу иш бошқа дин вакилларига тақлид бўлгани жиҳатидан бидъат.

Биз бунинг жавобида айтамизки, мазкур қавл мутлақ нотўғридир. Зотан, шариати Ислом аввалги динларда бўлган ва унинг қилиниши яхши амал ҳисобланган ишдан мусулмонларни қайтармаган. Аввалги умматларнинг баъзилари бомдод, баъзилари пешин ва баъзилари бошқа намозларни ўқишган. Бизга эса буларнинг барчаси жамлаб берилган. Аввалги умматлар рўза тутишган ва биз ҳам рўза тутамиз, бунда бирон бир бидъат нарса йўқ, аксинча савобли ишлар бўлиб, оят ва ҳадислар ила қувватланган. Тасбеҳ ўгириш ҳам шундай амал. Биздан аввалги умматлар ва баъзи қавмлар ҳам тасбеҳ ўгирганлиги сабабли бидъат дея ҳукм бериш ножоиз.

Умумий қоида шуки, бирон ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган бўлсалар ва агар мазкур иш шариатга зид кўринишда бўлмаса, бунинг ҳукми бидъат бўлмайди. Аммо шариат ҳукмларига зид бўлса, унда бидъат бўлади.

Тасбеҳ тутишга эса ҳадислар, салафи солиҳларнинг амаллари ва қавллари далил бўлиб турибди.

Хулоса: Тасбеҳ тутиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бошланиб, то ҳозиргача давом этаётган савобли амал. Зикрларни тасбеҳ орқали кўпроқ саноқ қилинаётган бўлса янада яхши. Зотан, саҳиҳ ҳадисларда ўттиз уч ва бошқа лафзлар билан саноқлар жоизлигига далиллар бор. Тасбеҳ ўгириш бидъат дейдиганларнинг ихтиёри ўзида бўлиб, мабодо тасбеҳ тутишмаса бу ўзларининг иши. Аммо тасбеҳ тутадиган мусулмонларни бидъат ва залолатда айблашлари ножоиз иш. Биз бунга далиллар келтирдик.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan