Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАРОВЕҲ НАМОЗИ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Рамазон – бу ўзгача шукуҳга эга ойдир. Унда мўмин-мусулмонлар Яратган олдида кўпроқ ибодат қилиб, Ундан беҳисоб ажр-савоблар Олишга умид қиладилар. Фақат Рамазон ойидагина ўқиладиган намоз мавжуд – гап таровеҳ намози ҳақида бормоқда. Бугун мамлакатимизнинг жуда кўплаб жоме масжидларида бу йилги илк таровеҳ намози адо этилади.

Таровеҳ араб тилидаги “тарвиҳа” сўзининг кўплик шакли бўлиб, “истироҳат”, “дам олиш” маъноларини англатади. Намозга бундай ном берилганлигига сабаб, ҳар тўрт ракатдан кейин уни ўқувчилар бир неча дақиқа дам оладилар ва бу пайтда дуою зикрлар ўқийдилар. Истилоҳда таровеҳ Рамазон ойида ўқиладиган махсус намоз ҳисобланади.

Таровеҳ намозининг шариатдаги ҳукми қандай? – Бу намоз эркак ва аёллар учун суннати муаккада ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ҳақида “Ким унда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” деганларини эшитдим” (Бухорий, Муслим).

Таровеҳ намози қачон ўқилади? – Ҳуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.

Тарихи: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам У зотга иқтидо қилишди. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапиришди. Кейин бундан ҳам кўп тўпланишди ва У зот билан намоз ўқишди. Одамлар бу ҳақда ҳам гапиришди. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб намоз ўқидилар. Улар У зотга иқтидо қилишди. Тўртинчи кеча масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва:Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим, дедилар. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд).

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тарқоқ ҳолда: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқир, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қиларди. Шунда Умар: “Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади”, деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар: “Бу қандай яхши бидъат (янгилик). Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал”, деди. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди” (Бухорий).

Демак, таровеҳ намози Расулуллоҳ давридан бизга мерос бўлиб қолди, уни жамоат бўлиб ўқиш Умар розияллоҳу анҳу даврида жорий қилинди. Юқорида айтилганидек, таровеҳ намози суннати муаккада, уни жамоат бўлиб ўқиш суннати кифоядир. Яъни бир ҳудуддаги масжид қавми жамоат бўлиб ўқиса, бошқалардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Бундан келиб чиқадики, таровеҳ намозини жамоат бўлиб ҳам, якка ўзи ҳам ўқиш жоиз.

Бир куни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, Сиз мен Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ Зот йўқ эканлигига ва Сиз Унинг пайғамбари эканлигингизга имон келтиришимни, намозларимни адо этишимни, закот беришимни, рўза тутишимни ва Рамазон кечаларида ибодат учун қоим бўлишимни биласизми?!” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки шу ҳолда вафот этса, Жаннатда сиддиқлар ва шахидлар орасида бўлади!” (Ал-Баззор, Ибн Хузайма, Ибн Хиббон).

Юқоридаги ҳадисда таровеҳ намози жуда катта мукофотларга эга бўлишга сабаб бўлиши таъкидланмоқда. Қуръони Каримда бизларга Аллоҳ таолонинг буйруқларида ҳикмат борлиги ва тафаккур қилганлар, Унинг марҳамати ва раҳматига эришиши такрор – такрор уқтирилади. Шу ўринда таровеҳ намозининг жисмоний фойдалари ҳақида ҳам қисқача тўхталсак.

Жисмоний нуқтаи назардан, биз рўза тутган пайтимизда, одатда, ортиқча юкланган жигаримизни овқат ўзлаштиришдан озод этамиз ва бунинг ўрнига жигаримиз ортиқча ёғларни ўзлаштира бошлайди, улардан организм учун “ёқилғи” сифатида фойдаланади. Шунингдек, рўза пайтида жигар токсинларни (заҳарли моддалар) ишлаб чиқади. Улар Рамазон ойида мусулмон кишини қийновчи бош оғриғи, кўнгил айниш, оғиздан нохуш хид келиш ва теридаги қичишишлар кўринишида намоён бўлиши мумкин.

Айнан мана шу аломатларни биз таровеҳга олиб келамиз. Оғир иш кунидан кейин бу жамоат намозига истар – истамас қўшиладиганлар топилади, десак муболаға бўлмайди. Лекин маълум бўлишича, бош оғриғи ва кўнгил айнишидан азият чекаётган толиққан инсон учун айнан мана шу намоз керак экан. Фанга мурожаат қиладиган бўлсак, барчамизнинг организмимизда лимфатик тизим мавжуд, уни баъзан тананинг канализацион тизими деб ҳам аташади. Чунки унинг асосий вазифаси токсинларни чиқазиб юборишдир. Лимфатик тизим токсинларни жамлайди ва уларни бартараф қила оладиган органларга жойлайди, мисол учун, тер билан чиқиб кетишини таъминлайдиган терига ёки нафас чиқариш орқали йўқ қила оладиган ўпкага ёхуд уларнинг таъсирини йўқотадиган жигарга. Бизнинг лимфатик тизимимиз ноёбдир. Унда фаолият юритишини таъминлайдиган юракникига ўхшаш насослар йўқ. Токсинларни танамизнинг турли хил органларига ташувчи суюқлик, ёки лимфа, фақатгина бизнинг мушакларимиз ишлаганда ва юрагимиз урганда ҳаракат қилади.

Мана таровеҳ намозининг нозик ҳикмати қаерда яширинган. Кечки оғир таомдан кейин (ифторликларда енгил овқатланишимиз мумкинми?! Узоқ давом этган рўзадан кейин ошқозон учун ҳар қандай енгил таом ҳам оғирлик қилиши мумкин эмасми?!) диванда ястаниб ётиш ўрнига таровеҳ намозини ўқисак, ундаги ҳаракатлар сабаб, лимфатик тизимга токсинларни (уларни чиқариб юборадиган органларга) ташишига кўмаклашган бўламиз. Натижада эса, Рамазонни ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом тарзда якунлаймиз.

Аллоҳ таоло таровеҳ намозларимизни, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни таъминласин!

Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди
имом-хатиби Абдулаҳад Саиджахонов