Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тарбияда сийратга аҳамият бериш

Тарбияда сийратга аҳамият бериш

Мусулмон уммат сифатида фарзандларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танитиш, У зотга муҳаббатли ва садоқатли қилиб тарбиялаш ҳам отанинг бурчидир.

عن أنس رضى الله عنه قال قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ رواه البخاري

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг бирингиз токи мен унга ота-онасидан ҳам, фарзандидан ҳам ва жамики инсонлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда:

عن علي رضى الله عنه قال قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أدِّبُوا أوْلادَكُمْ على ثلاثِ خِصالٍ حُبِّ نَبِيِّكُمْ وَحُبِّ أهْلَ بَيْتِهِ وقِراءَةِ القُرآنِ فإِنَّ حَمَلَةَ القُرآنِ في ظِلِّ الله يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لا ظِلَّ إلاَّ ظِلُّهُ مَعَ أنْبِيائِهِ وأصْفِيائِهِ رواه الطبرانى

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга уч хислат: Набиййингизга муҳаббат, У зотнинг аҳли байтига муҳаббат ва тиловати Қуръонга муҳаббат асосида одоб беринглар. Чунки, Қуръон ҳомиллари қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда, У Зотнинг соясида анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар, дедилар”. (Имом Табароний ривояти).

Демак, фарзандларимиз чин мусулмон, комил мўъмин бўлиб улғайишлари учун албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлишлари шарт. Муҳаббат эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бир кишини яхши кўриш учун аввало яхшилаб таниш керак. Танитмасдан туриб қуруқ гап билан биринчи кимни яхши кўрасан деган саволга, “Аллоҳни кейин Расулуллоҳни яхши кўраман”, деб ўргатиб қўйган билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди.

Фарзандларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига ота-оналаридан ҳам меҳрибонроқ эканларини, У зотнинг инсониятга қилган яхшиликларини, бутун ҳаётлари давомида инсонларни ҳидоятга, жаннатга бошлаш учун яшаб ўтганларини гапириб бериб, танитиш керак бўлади. Бунинг учун уларга У зотнинг сийратлари, кундалик ҳаёт тарзларини ва хулқу одобларини ҳикоя қилиб бериш жудаям қўл келади. Ёки сийратга бағишлаб ёзилган китоблардан ўқиб бериш керак. Саҳобалар ҳам болаларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини худди Қуръон сураларини ёдлатиб ўргатгандек ўргатишар экан.

Яна фарзандларни ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни ўргатиш ҳам, У зотга муҳаббатли қилиб тарбиялашда самарали восита ҳисобланади. Чунки, ҳар саловот айтилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга руҳан боғланилади. У зот ким саловоту салом айтса, Аллоҳнинг изни билан саломга алик олиб жавоб қайтарадилар. Бундан ташқари саловот айтган кишига Аллоҳ таоло томонидан ҳам фазлу раҳматлар, хайру баракотлар ёғилиб туради.

 

                                                       Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди                                                        имом-хатиби Баҳодир Раҳматуллаев