Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Таомланиш одоби

Таомланиш одоби

Шариат нуқтаи назаридан таомнинг ҳалол йўл билан топилган ва пок бўлиши асосий шарт ҳисобланади.

Таомни оз ейиш керак, қориннинг учдан бири овқатга, яна бири сувга, қолгани нафасга қолади. Агар таом шубҳали бўлса, нафс ором олгудай миқдорда жуда кам ейилади.

Гўштли таомлар доимо ейилмайди, тарк ҳам қилинмайди, қирқ кунгача бутунлай гўшт емасликнинг зарари бор.

Сут ёки сутли таом билан балиқни, тухумни, гўштни, нордон нарсани, қовурилган гўшт билан қайнатилган гўштни, эски гўшт билан янги гўштни, турли мижозли овқатларни бир-бирига аралаштириб ейиш ярамайди. Ҳидланган нарсани, хом пиёз ва саримсоқни истеъмол қилиш ҳам одобга тўғри келмайди.

Таомни қўлларни ювиб, дастурхон устида ўтириб, ўнг қўл билан, «Бисмиллоҳ» айтиб тановул қилинади.

Катталар таомга қўл узатмагунча бошқалар кутиб туради, катталар ҳам уларни маҳтал қилмаслиги керак. Таом ўз олдидан ейилади, аммо мевани ҳар қайси тарафдан олса бўлади.

Уч бармоқ: бош, кўрсаткич, ўрта бармоқлар билан овқат ейиш суннатга мувофиқ бўлади. Икки бармоқда таом ейиш такаббурлик аломатидир. Овқатланиш пайтида оч бўлинса ҳам, тез ва шитоб билан ейиш соғлиққа ҳам зарар, қалбни ҳам қотиради.

Луқма катта ҳам, кичик ҳам эмас, ўртача олинади, у яхшилаб чайнаб сўнгра ютилади. Уни ўнг тарафда чайнаш мақбулроқ.

Оғиздаги таомни ютмай туриб, идишга қўл узатилмайди, ташланган таом идишга қўйилмайди, қўйилган таом ёмонлашиб, камситилмайди.

Таомни иссиқ ҳолда еб бўлмайди, у пуфланмайди, хўриллатиб, шапиллатиб истеъмол қилинмайди, устида нафас олинмайди, таом ейилаётган қўлни коса ёки товоққа силкитилмайди.

Таом сузилган лаганнинг атрофидан ейилади, нон исроф қилинмайди, унинг устига бошқа емак қўйилмайди.

Таом устида хомуш ўтириш, оғизда таом билан сўзлаш, таом еб турган одамга савол бериш, ёнда овқатланаётган кишига назар солиш ҳам одобсизлик саналади.

Агар имкони бўлса, танҳо ҳолда овқатланилмайди. Мабодо дастурхон атрофида пес, қўтир, яра босган одамлар шерик бўлиб қолса, улардан ҳазар қилинмайди.

Таомнинг яхши, сархил, лаззатли жойини ёши улуғларга ёки ёнидаги шерикларга тутилса, инъом-эҳсон қилинган бўлади.

Доналаб санаб ейиладиган емишлар тоқ ейилади.

Қошиқ билан ичишда уни тўлдириб юборилса-очкўзлик, оз бўлса кибр аломатидир. Овқатни дастурхонга тўкиб ёки оқизиб ейилмайди, оғиз косадаги таомга жуда яқин келтирилмайди ва катта ҳам очилмайди.

Мева пўчоқлари, данаклари мева идишидан узоқроққа қўйилади ёхуд улар рўмолчада ёки қўлда сақлаб турилади, фурсат топиб четроққа ташланади.

Сув, чой каби ичимликлар уч бора нафас олиш билан бўлиб-бўлиб, ўтирган ҳолда, «Бисмиллоҳ» айтиб ичилади. Фақат зам-зам суви тик турган ҳолда қиблага юзланиб ичилади.

Мусулмонлар олтин, кумуш идишларда таом ейиш ва сув ичишдан қайтарилган. Чинни ва сопол идишларда таом ёки сув истеъмол қилинганда улар лаби учмаган, дарз кетмаган, синмаган бўлиши кераклигига эътибор қилинади.

Овқатланиб бўлингач, овқат идишлари ва ёғли бармоқларни ялаб, сўнг қўл сочиққа артилади, дастурхонга тўкилган ушоқ, гуруч ва бошқа  емаклар териб олиб ейилади. Дастурхонга ва таом эгасига дуо ўқиб, берган неъматлари учун Аллоҳ таолога ҳамд шукрона айтиб, дастурхондан турилади.

Тошкент вилояти Пискент тумани «Саид Ота»
жоме масжиди 
имом хатиби Эшонхўжаев Саидрохим