Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

Бош саҳифа / Ҳадис / Таомланиш одоби

Таомланиш одоби

عَنْ عُمَرُ بْنُ أَبِي سَلَمَةَ قَالَ : كُنْت غُلَامًا فِي حِجْرِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصَّحْفَةِ ، فَقَالَ لِي رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : « يَا غُلَامُ : سَمِّ اللَّهَ ، وَكُلْ بِيَمِينِكَ ، وَكُلُّ مِمَّا يَلِيكَ».  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. (Овқат еганда) қўлим тавоқда изғиётган еди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга :“ Ҳой бола! Аллоҳнинг исмини айтгин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!” дедилар” деди. Бухорий ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўз қўл остидагиларига таомланишни қандай таълим берган бўлсалар, ҳар бир мусулмон инсон ҳам фарзандларига шундай таомланишни ва ичимлик ичишни ўргатмоғи лозим.  Бу жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳусни хулқлари қандай ҳам гўзал эканлигини кўришимиз мумкин. Боланинг қўли ўнг ва чапга ҳар қаёққа  бораётганини кўриб, уни  жеркиб бермай, балки чиройли бир услубда таълим бердилар. Бу нарса Умарнинг ёдларида бир умр қолди. У киши ҳадисни сўнгида “Шундан сўнг ейишим шундай бўлди” деганлар.  Ёшларга мана шундай таълим берилса, уларни ёдидан бир умр чиқмас экан. Бола бошидан деганларидек, фарзандларимизга ёшлигиданоқ таълим берсак, ижобий натижаларга эришишимиз мумкин бўлар экан. Болада пайдо бўладиган сифатларнинг аввалгиси таомга ўчликдир. Шунинг учун, ота-она унга овқатланиш одобларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ўргатиб бориши лозим. Ҳадисдаги уч набавий насиҳатга эътибор қаратайлик.

Аллоҳнинг исмини айтгин: Яъни: Бисмиллаҳни айтгин. Инсон доимо бирон нарса тановул қилишидан ёки бирон ичимлик ичишидан аввал Аллоҳнинг исмини зикр қилмоғи лозимдир. Агар Аллоҳнинг исмини тарк қилса, таомига энг ашаддий душмани бўлган шайтон шерик бўлади. Уламоларимиз: “ҳадисга биноан Бисмиллаҳ ёки Бисмиллаҳир раҳманир роҳим деса ҳам бўлади” деганлар. Бу жойда кўзланган асосий мақсад – Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилишдир. Агар Аллоҳни исмини айтиш эсидан чиқиб қолса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек:

«Қачон бирингиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин, дедилар» демоғи керак бўлади.

Ўнг қўлинг билан егин: Ҳар бир мусулмон ўнг қўлида таомланмоғи керак. Чунки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам чап қўлда емоқ ва ичмоқдан қайтарганлар. У зот  бир ҳадисда “Агар сизлардан биронтангиз таомланса ўнг қўлида есин. Агар ичса ўнг қўли билан ичсин. Албатта, шайтон чап қўли билан ейди ва ичади” деганлар.  Барча мусулмонлар шайтонга эргашишдан қайтарилганлар.  Бошқа бир ҳадисда “Сизлардан биронтангиз чап қўли билан емасин ҳам ичмасин ҳам чунки шайтон чап қўли билан ейди ва чап қўли билан ичади” деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръон Каримнинг Нур сураси йигирма биринчи оятида:  “Эй иймон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг. Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида абадул-абад ичингиздан бирор киши поклана олмас эди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини поклайдир. Аллоҳ ўта эшитгувчи, ўта билгувчи зотдир”, деб марҳамат қилган.  Ўнг қўлда емоқ ва ичмоқ лозим эканлигини мана шу оятга мувофиқ билиб олсак ҳам бўлади. Чап қўлда емоқ ва ичмоқ шайтонга эргашиш ҳисобланар екан.  Шу билан бирга, бу иш кофирларнинг ҳам одатлари ҳисобланади. Чунки улар чап қўлда еб ичадилар. Баъзи инсонлар таомланиб туриб ичимлик ичмоқчи бўлса, чап қўллари билан ичадилар. Бу хато ишни қилаётган инсон стакан (ёки пиёла) ёғ ёки доғ бўлмасин дейди. Ёғ бўлса таом билан бўлади. Сийдик ва шунга ўхшаш нарса билан бўлмайдику, ахир. Таомни ювиб ташлаш имкони бор. Шариатда мана шунга ўхшаш нарсалар учун чап қўлдан фойдаланишга рухсат берилмайди.  Бу жойда фақат қўли шол ёки кесилган  ва қўлини кўтара олмайдиган бўлса чап қўлни ишлатишни зарари йўқ. Аммо ҳеч қандай узрсиз чап қўлда таомланиш мумкин эмас. Демак ёшлар онгига ўнг қўл билан таомланишни ўргатиб бормоқ мақсадга мувофиқ экан.

Ўз олдингдан егин: Бошқа бир инсонларнинг ёнидан емагин. Балки олдингдан тановвул қилгин. Агар бола бошқалар билан таомланаётганида уларнинг олдидан олса, одоби ёмонлигини кўрсатиб қўяди. Ҳадисдаги ҳолат ҳам шундай: Умарнинг  қўллари ўнг ва чап томонларга кетар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оталарча ғамхўрлик қилдилар. Ахир ота фарзандига нега танбеҳ беради?! Албатта, бошқалар танбеҳ бермаслиги учун танбеҳ беради.

Бу қисқа, лекин мазмунан бой сатрларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун умматларига таомланиш борасида уч улуғ насиҳатларини кўришимиз мумкин. Таомланишга боғлиқ яна бошқа кўплаб ҳадислар келган, уларни ўзаро бир бирига уйғунлаштирган уламоларимиз таомланиш одоблари деган китобларни ёзганлар. Хулоса ўрнида, таомланиш одоблари ҳақидаги баъзи ҳадисларни келтириб ўтмоқчимиз:

  1. Таомланишдан аввал (икки қўлни) ювмоқ. Имом Термизий ва Абу Довудлар Салмон розияллоҳу анҳудан  ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам  “Таомнинг  баракаси  ундан олдин ва кейин  (икки қўлни) ювмоқлик”, дедилар.

  2. Таомга барака тилаб дуо қилмоқ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:  «Қачон бирингиз таом еса, «Эй бор Худоё! Буни бизга баракали қилиб бергин. Бизларни бундан яхшиси ила таомлантиргин», десин. Қачон сут ила суғорилса, «Эй бор Худоё! Буни бизга баракали қилиб бергин. Ундан бизга зиёда қилгин», десин. Чунки таом ва шаробдан бирортаси сутчалик кифояли эмас», деганлар.

  3. Таомни ёмонлаш мутлоқ мумкин эмас. Таомни шўр, нордон ва шунга ўхшаш сўзлар билан айблаб бўлмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”, деганлар.

  4. Таомланиб бўлгандан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб дуо қилиш: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам қачон таомланишдан фориғ бўлсалар “ Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа минал муслимин” ( бизларни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин) дер эдилар.

  5. Нон ва таомни ҳурмат қилиш: Имом Ҳоким “ Мустадрок”  китобида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни ҳурматланглар” деганлар.  Хоким бу ҳадисни саҳиҳ деган. Имом  Муновий “Ноннинг барча турларини ҳурмат қилинглар, чунки уни ҳурмат қилиш бор ризққа рози бўлишдир. Неъматланишда ва зиёдани талаб қилишда тиришмасликдир”, деган.

  6. Таомни ўз олдидан емоқлик. Имом Термизий ибн Аббосдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “ Барака таомнинг  ўртасига нозил бўлади. Уни атрофидан енг, ўртасидан еманглар”, деганлар.

  7. Суяниб ва ёнбошлаб емоқлик мумкин эмас. Имом Бухорий Абу Жуҳайфадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Аммо мен суянган ҳолатда емайман”, деганлар.  Суяниш қандай бўлиши ҳақида уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Баъзи олимлар бир тарафга ёнбошлаш деса, бошқа уламолар чап қўлини ерга қўйиб ёнбошлаш деган.

Хадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Таълим тарбияни  эрта кечи  бўлмайди.
  2. Болаларга таълим тарбияни бир умр эсидан чиқармайдиган услубда бериш.
  3. Ёшларга вақтида тарбия берилмаса, катталарга нисбатан одоби камаяди. Катта бўлганида одоби кичик бўлади.

Хулоса: Фарзандларимизни яхши кўришимиз уларни тарбия қилишдан тўсмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни жуда яхши кўрганлар. Ҳатто намоз ўқаётган вақтларида ҳам улар елкаларига минганлари борасида ҳадислар ривоят қилинган. Ҳазрат Ҳасан оғизларига садақа хурмосини солганларида олиб ташлашга буюрганлар. Демак, яхши кўрган фарзандимиз ҳам тарбиясизлик қилса, уни яхши кўришимиз танбеҳ беришимиздан тўсмасин.  Агар бир инсон фарзандингни яхшиликка буюрса ёки ёмонликдан қайтарса, жаҳлинг чиқмасин. фарзандимиз бирон инсонга азият берса, гуноҳи бизга ҳам бўлади, чунки биз яхшиликка буюрганимиз йўқ. Ёмонликдан ҳам қайтарганимиз йўқ. Балки бошқа бир инсонни яхшиликка чақириб ёмонликдан қайтаришидан ҳам ман қилдик.

Тошкент вилояти Қибрай тумани
“Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби
Мирҳамидов Обид