Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Талоқ ҳақида сўз

Талоқ ҳақида сўз

Мусулмончиликда қадрли ва эъзозланадиган нарсалардан бири оиладир. Оиланинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги учун барча чоралар кўрилган жамият – мусулмон жамияти, десак муболаға бўлмаса керак.

Негадир охирги пайтда ёш оилаларнинг келишмовчилиги, ажримгача етиб бораётган ҳолатлар тез-тез қўлоққа чалиниб қоляпти. Сабабларини ўрганадиган бўлсангиз, охирига етиш амри маҳол. Куёвларимиз ҳурмат талаб, келинларимиз эса ҳуқуқ талабгоридек кўринади. Оилавий муомалаларда баҳс-мунозара бўлиши табиий ҳолат бўлсада, эр қизиққонлик қилибми ёки сўзини ўтказаман дебми, талоқ сўзини ишлатишлари ҳунук бир одатга айланиб боряпти!

Динимизнинг оилага тегишли таълимотини ўрганар эканмиз, ўзаро иноқ ва аҳил бўлишга, камчиликларни кечириш, тўғрилашга ёрдамлашишга чорланганига гувоҳ бўламиз.

Талоқ сўзи эса эрларга берилган ҳуқуқ бўлиб, умуман бирга яшашнинг имкони қолмаганидагина фойдаланиладиган ечимдир. Шундай экан, бугун  мана шу талоқ лафзи ҳақида қисқача сўз юритамиз. 

Талоқ – маҳсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир”, деганлар (Абу Довуд, Имом Ҳоким).

Демак, ҳалол билан ҳалолнинг ҳам фарқи бор экан. Аллоҳ таоло Ўзи энг ёқтирмаган нарса талоқ экан. Ўйлаб кўринг-а, арзимаган ҳолларда Аллоҳ ёқтирмайдиган сўзни ишлатган инсонни Аллоҳ ёқтириши мумкинми?! Йўқ, албатта…

Талоқ айтишни эрга ҳуқуқ қилиб берилишининг ҳам ҳикматларидан бири, у оила раҳбари ҳисобланади, оиланинг обрўси унинг обрўси, қолаверса, болалар ҳам унинг номида, шу ва шу кабиларни инобатга олиб,  эр бу лафзни ўз луғатидан чиқариб ташлаши зарур.

Аксар ҳолда талоқ сўзини айтганлар билан суҳбат қилсангиз, бу сўз муаммо(ўзаро тортишувдан)дан кейин содир бўлганини айтишади, гўёки шу билан муаммони ўзининг фойдасига ҳал қиладигандек. Аммо талоқдан кейин муаммо янада мураккаблашганини тушуниб етгач, масжидга ечим излаб келади…

Йигитларимиз тўйдан олдин аҳли илмлардан оилада эрнинг мажбуриятларини (ҳуқуқларини ҳамма яхши билади) ўрганиб олса, фойдали бўлар эди. Негаки, талоқ айтилган ҳолатларни муҳокама қилсангиз, аксари “уч талоқ” лафзини айтган бўлишади. Ўзларини оқлаш учун спиртли ичимлик ичиб, жанжаллашиб аччиқ устида ёки ҳазиллашиб айтганини пеш қилишади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг” дедилар” (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривояти). Шу сабабли халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, деган мақол бор.

Ҳа, азизлар, бу сўз эр оғзидан хотинига нисбатан айтилар экан, ортидан оиланинг бузилиши, болаларнинг тирик етим қолиши, қуда-андаларнинг юзкўрмас бўлиб кетиши каби бир неча мусибатлар келиб чиқади-ку!

Сўзимиз охирида ёш оила вакилларига айтадиганимиз, оила бошлиғи бўлмиш эр кечиримли бўлса, унинг “вазири” – жуфти бир гапдан қолишга одатланса, ҳар қандай муаммолар ўз ечимини топади деб умид қиламиз.      

Ўрта Чирчиқ тумани “Фирдавс” жоме масжиди

имом-хатиби Жобир Махамадиев