Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Таълим бериш ва муаллим одоблари

Таълим бериш ва муаллим одоблари

Тараққиётни, фаровон яшаб, бахтли-саодатли бўлишни белгиловчи омиллар кўп. Лекин буларнинг ҳеч бири илмчалик манфаатли, билимчалик мустаҳкам асосга эга эмас. Шу боис динимизда илм олиш ва уни ўргатишга катта аҳамият берилади. Илм эгаси ҳамиша қадрланади. Устознинг бошқа касб эгаларига нисбатан мартабаси, шарафи, рутбаси жуда баланд.

Мусулмонлар доимо илм олишга иштиёқли бўлишган. Ислом таълимотига қатъия риоя қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Бу алломалар фақат диний илмларни эмас, балки диний ва дунёвий илмларни баб-баробар ўрганишган. Бунинг натижасида “Ўрта аср Шарқ ренассанси” даври дунё-илм маърифатига тамал тошини қўйган. Уларнинг аксарияти айнан бизнинг боболаримиз экани кишига катта қувонч бағишлайди.

Бу анъанани бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давом эттириш учун тамал тоши қўйиляпти. Бежиз давлатимиз раҳбари: «Биз учинчи Ренессанс учун пойдевор қўйяпмиз. Мактабларда зарур шароитлар яратилса, билим олишда ўзбек боласидек меҳнаткаш ва сабрлиси жаҳоннинг ҳеч ерида йўқ. Уйғониш даври барибир бўлади, ўшанда янги Улуғбеклар дунёга келади… Нима учун шунча маблағни математика, кимё, биологияга сарфлаяпмиз? Эртага ушбу фундаментал илмлар барибир натижа кўрсатади. Ахир бир вақтлар шундай бўлганди-ку”, демади.

Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих ҳали-ҳануз билмайди. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар барча-барчалари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзган.

Мусулмонларнинг таълим борасида қилган саъй-ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи дорилфунунларга асос солинди. Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорилфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганига анча бўлди. Исломнинг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган.

Бунинг асосий омили “Уммул улум”, яъни илмлар онаси дея таърифланадиган Қуръони каримдир. Чунки Каломуллоҳнинг 824 жойида илм тарғиб этилган.

 Ҳадиси шарифларда ҳам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар”, дедилар» (Имом Термизий ривояти); “Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно”, дедилар» (Имом Муслим ривояти), илмга ташвиқ бор.

Пайғамбарларнинг меросларини инсонларга ўргатувчи муаллим гўзал хулқ билан зийнатланиши ва ўзига номуносиб ишлардан тийилиши ҳамда зарур одобларни ўзида мужассам этиши зарур.

Бу одоблар қуйидагилар:

Холис ният. Яъни илм бериши орқали Буюк Аллоҳнинг ризолигини исташи, илмини дунёвий мақсадларга эришиш воситаси қилмаслиги керак.

Олимлик даъвосидан йироқ бўлиш. Қуръони каримда:

“Ҳар бир илм эгаси узра (ундан) билимдонроқ (олим) бордир” (Юсуф сураси,  76-оят).

Илмни асраш. Уламоларимиз асраганларидек илмни асраши ҳамда Аллоҳ ато этган иззат ва шараф мақомида туриши лозим. Яъни, арзимас дунё матоҳлари учун илмни бир восита қилиб, пасткаш дунёга муккасидан кетганларнинг олдига бирор узрсиз бориб, илмни хор этмасликдир.

Бежиз Алишер навоий ҳазратлари:

Кимки илмни воситаи жоҳ этар,

Ўзинию халқини гумроҳ этар, демаган.

Илмни омонат деб билиш. Яъни илмга аҳл – лойиқ бўлмаган одамга бермаслик ҳамда муносиб бўлганга илмни ўргатиш лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Илмни унга лойиқ бўлмаган кимсага ўргатиш худди жавоҳирни тўнғизга илиб қўйганга ўхшайди”» (Имом ибн Можа ривояти).

Дарс жараёнида кўп кулгидан тийилиш. Албатта, муаллим очиқ чеҳрали, мулойим, ширинсўз, дардкаш ҳамда меҳрибон бўлиши билан бирга, ўзига ярашмайдиган бачкана ва уят сўзлар, ноўрин, беўхшов кулгидан тийилиши, ҳазил қилса ҳам енгил, оғир келмайдиган тарзда қилиши мақсадга мувофиқ.

Талабалар ўртасида адолатил бўлиш. Агар талаба тиришқоқлик, кўп дарс қилиш ва одоб жиҳатдан пешқадам бўлса, бунинг зарари йўқ. Лекин обрўси ва бойлиги сабабидан ажратилмайди.

Мухтасар айтганда, бугун тараққий этган дунёнинг қайси жиҳатини мақтасангиз, албатта, бунинг замирида илм, билим мужассам. Аслида ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа исломчалик илмга тарғиб қилган, уни нафл ибодатлардан устун қўйган эмас. Шундай экан, фақат ва фақат ўқиш, ўқиш керак.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan