Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Тафсири Нобулсий. “Наас сураси”

Тафсири Нобулсий. “Наас сураси”

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

“Наас сураси”

  1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига. 2. Одамлар Подшоҳига. 3. Одамлар Илоҳига. 4. (инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигиданки. 5. (у) одамларнинг дилларига васваса солур. 6. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир».

Бу сура Қуръони каримдаги охирги сурадир. Бу сура Пайғамбар алайҳиссалом кундалик ҳаётда доимий ўқиб юришга тарғиб қилган “икки паноҳ сўралувчи” сураларнинг бири саналади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалом ҳар кеча тўшакларига ётиш олдидан икки кафтларини бирлаштириб, у иккисига дам солиб, сўнг  “Қул ҳуваллооҳу аҳад”, “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннаас” сураларини ўқиб, кейин икки кафтларини баданларидан қўллари етган жойларга суртардилар. Аввал бошлари, юзлари ва баданларининг олд томонидан бошлардилар. Бу ишни уч марта амалга оширардилар”[1]. Сиз ҳам азиз китобхон, ухлаш олдидан мазкур сураларни ўқишни ўзингизга одат қилинг. Шунда бирор ёмон туш кўрмайсиз, ҳар хил касалликлар сизга етмайди. Душманлар, сизни ташвишга солиб турган хавф, турли бало-офат, сеҳргарларнинг сеҳри, ҳасадгўйларнинг ҳасади, шайтон васвасасидан омонда бўласиз. Шуни унутмангки, бу сураларни ўқиш асносида қалбингиз Аллоҳ таолодан бошқа нарсаларга чалғимасин.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлик давомларида барча сифатлари ва ишларида комиллик намоён бўлган. Буларга ақлларининг устунлиги, чексиз ҳалим ва мислсиз шижоат, заковатлари, камтарликлари, илмлари, доноликлари, фаросатлари, бутун оламга раҳм-шафқатларини мисол қилсак бўлади. Шунча сифатга эга бўлишлари билан бирга намунали ота, кўзга кўринган қўмондон, тажрибали сиёсатчи, мўминлар билан ака-ука эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунча буюк сифатларга қандай эришдилар? Ҳатто Аллоҳ таоло Ул зотни Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, дея бошқа бирор пайғамбарга айтмаган сифат ила васф этди. Шунингдек, Аллоҳ таоло: “(Эй, Муҳаммад!) Умрингизга қасамки, улар ўз «мастликларида» гангиб юрар эдилар”, дея Пайғамбар алайҳиссалом умрлари ила қасам ичди ҳамда: “Эй, Пайғамбар, эй Расул, дея лақаблари билан хитоб қилди.  Ҳолбуки, бу ҳолат бошқа пайғамбарлар билан кузатилмаган.

Ҳўп! Бу буюкликка қандай эришилди? Бундай буюк хулққа қандай сазовор бўлинди?

Бу саволларга жавоб ўрганаётган сурамизнинг биринчи оятидир:  (Эй, Муҳаммад!) «Одамлар Парвардигори ила паноҳ тилаб илтижо қилурман, деб айтинг. Пайғамбар алайҳиссалом юқорида санаб ўтилган барча сифатларга Аллоҳ таолога боғланиш ва барча ёмонликлардан Ул Зот ила паноҳ сўраганлари орқали эришганлар. Демак, ҳар қандай инсон буюк хулқ, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги олий даража, абадий саодатни хоҳласа ҳамда олижаноб, ҳалим, тавозеъли, журъатли, доно, заковатли ва зийрак бўлишни истаса, бунга эришишнинг ягона йўли – Аллоҳ таолога боғланиш, Ул Зот ила паноҳ сўраш ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашишдир.

    Айтингчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари ҳақида ўқиганимизда ёки эшитганимизда орамизда қай биримизнинг ҳис-туйғуларимиз тўлқинланмаслиги мумкин?!

Муборак равзалари қаршисида турганимизда қай биримиз кўз-ёш тўкмаслиги мумкин?!

Орадан бир минг тўрт юз йил ўтганига қарамай, Ул зотни кўрмаган бўлсангиз-да, ҳужрайи саодатлари олдига келиб йиғлаб туришингизга нима ундади?!

Бунга сабаб Пайғамбар алайҳиссалом буюк хулқ соҳиби бўлганлари эмасми, бу умматнинг Пайғамбари эканлари эмасми, раҳм-шафқатлари барча умматларини қамраб олганидан эмасми, айтган ҳар бир гапларига ўзлари амал қилганлари эмасми?!

Бу оятда Пайғамбар алайҳиссаломнинг васфлари, буюкликларининг сирлари ва Ул зотдаги буюк сифатларнинг бирортаси билан сифатланмоқчи бўлган инсон учун кўрсатма бордир. Масалан, сиз ҳақиқатда раҳм-шафқат, меҳрибон сифатига эга бўлишни истасангиз, бу хулқингиз ўзингизнинг маҳорату уддабурон ёки ақлу заковатингиздан келиб чиққан эмас, балки иймон ила суғорилган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ бўлиши лозимдир. Бу икки нарсага эришишнинг ягона йўли эса Аллоҳ таолога боғланишдир. Гувоҳи бўлганимиздек, айрим кишилар инсонлар олдида ташқи томондан ўзини раҳм-шафқатли, мулойим қилиб кўрсатиши мумкин, ҳолбуки, у киши ичида тош каби қаттиқ қалб эгаси ҳисобланади. Ёки яна шундай кишилар борки, ўзларини одамларга ақлли, доно қилиб кўрсатади, уларга ҳар хил кўрсатмалар беришади, ваҳоланки, у кишиларнинг ҳаётини ўрганадиган бўлсангиз ўзлари ўша кўрсатмаларига амал қилмайдилар.

  1. (Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига. 2. Одамлар Подшоҳига. 3. Одамлар Илоҳига. “Наас сураси”нинг ушбу уч ояти Қуръони каримнинг бошқа бир оятида ўз аксини топган. Аллоҳ таоло “Зумар сураси”нинг 6-оятида шундай марҳамат қилади: “… Мана шу Аллоҳ – Раббингиздир. Ҳукмронлик фақат Уникидир. Ундан ўзга (ҳеч) илоҳ йўқ. Бас, (Унга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!”. Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Робб экани, Подшоҳ экани ва Илоҳ эканини айтмоқда.

Шу ўринда, ўринли бир савол туғилади. У ҳам бўлса, нима сабабдан “Наас сураси”нинг аввалги уч оятида Аллоҳ таоло Ўзининг Парвардигорлиги, Подшоҳлиги ва Илоҳлигини одамларга чеклаб айтди, ҳолбуки, Аллоҳ таоло бутун оламнинг Парвардигори бўлса? Бутун салтанатнинг Подшоҳи бўлса? Бутун борлиқнинг Илоҳи бўлса? Бу чеклашнинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло бу билан инсон зотини улуғламоқда. Оятлардаги одам сўзининг такрор келиши эса инсон зотининг бошқа махлуқотлардан улуғ эканини таъкидлашдир.

Тарбия қилишда нималарга эҳтиёж туғилади? Одатда, илм, ғамхўрлик ва эътибор қаратишга эҳтиёж туғилади. Ҳар қандай тарбияткунанда борки, ўзининг тарбияси остидагиларининг табиъатини, нимага муҳтож эканини ва ҳаётида нималар юз бериши мумкин эканини билувчи бўлиши лозимдир.

Одамлар Парвардигори – тарбияткунанда, неъматлар ила сийлайдиган Зотдир. Тарбияткунанда Зот ўзининг махлуқотларини ўта билувчи, улар ҳақида ўта хабардор, ўта қудратли, беҳожат, доно ва доимий кузатиб турувчи Зотдир.

Бирор лаҳза ҳам ўз махлуқотларидан неъмати ва мададини узмайдиган Тарбияткунанда Зот – паноҳ тилаб илтижо қилиниш, бошпана сўралиш, ҳимоя ва ёрдам сўралишга энг ҳақли Зотдир. У Зотдан бошқа барча махлуқотлар заифдир. Бинобарин, инсон зоти ҳам ўзини ўзи ҳимоя қила олмайдиган, ўз-ўзидан бошқаларни ҳам ҳимоя қила олмайдиган даражада заифдир. Шундай экан, ҳар бир ақлли инсон Аллоҳ таоло ила паноҳ тилаши керак бўлади. Аллоҳ таолодан бошқа ила паноҳ тилаган инсон эса ақлли инсонлар сафидан чиқиб кетади. Келинг ўзимизга бир савол бериб кўрайлик. Ҳар биримиз бошига кулфат ёки мусибат етганида ким ила паноҳ тилаган, кимдан ёрдам излаган?

Сиз Аллоҳ таолони ҳақиқий Мураббий Зот эканини англаб етканингиздан кейин ҳар куни такрор-такрор “алҳамду лиллаҳи роббил ъааламиин[2]деганингизда оламларнинг тарбияткунандаси бўлмиш Аллоҳ таоло нима сабабдан барча ҳамду саноларга ҳақли эканини англаб етасиз.     

Одамлар Подшоҳи – Ўз мулкидаги барча нарсани хоҳлаганича тасарруф қила оладиган зот. Аллоҳ таолонинг мулкидаги ҳар қандай махлуқот фақат унинг изни ила ҳаракат қила олади. Ул Зот хоҳласа унинг жонини олади, хоҳласа ҳаёт баҳш этади. Хоҳласа неъматлари ила сийлайди, хоҳласа мададини узиб қўяди. Барча ишнинг калитлари фақат унинг қўлидадир. Яхши тушунишингиз учун бир мисол келтириб ўтамиз. Масалан: бир корхонада саксон кишидан кўпроқ ишчи ишлайди. Агар ўша корхонага ишга кириш истагида ариза ёзиб мурожаат қилсангиз, токи шу корхонанинг раҳбари сизга розилик имзосини қўймагунича ҳалиги саксон кишининг бирортаси сизга ёрдам қила олмайди. Худди шунингдек, барча нарсанинг эгалиги фақат Аллоҳ таологадир.

Одамлар Илоҳи – барча нарсанинг бошқаруви измида бўлган Зотдир. Борлиқдаги ҳаракат қиладиган ҳар қандай махлуқот борки, унинг бошқаруви остида бўлади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир. У барча нарсага вакил (ҳомий)дир (Зумар сураси, 62-оят).

Қавми у билан баҳслашди. (Шунда) у деди: «Мен билан Аллоҳ ҳақида баҳслашасизми? Ахир, (У) мени ҳидоятга йўллаган бўлса?! Мен сизлар келтирган ширкдан қўрқмайман. Илло, Раббим бирор нарсани хоҳласа (ўша бўлур). Раббим илм жиҳатидан ҳар нарсани қамраб олган. (Буни) эслаб кўрмайсизларми? Сизлар келтирган ширкдан қандай ҳам қўрқайинки, сизларга бирор ҳужжат қилиб туширмаган нарсани Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмаётган бўлсангиз?!» (Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқдир? Биладиган бўлсангиз (айтинг!) (Анъом сураси, 80-81-оятлар).

Борлиқдаги ҳар бир қўрқитувчи борки, у ҳам Аллоҳ таолонинг измидадир. Агар ўша қўрқитувчи нарса сенга етишини Аллоҳ хоҳласагина, у етади. Аллоҳ таоло ўша нарсани сенга азият беришини хоҳласагина, сен ундан қўрқасан. Агар Аллоҳ таоло ўша қўрқитувчи нарсани сенга етишини хоҳламаса, у сенга етмайди ва албатта, азият ҳам бермайди. Демак, борлиқдаги барча махлуқотнинг хоҳиш-истаги Аллоҳ таолонинг измидадир, барча хоҳиш-истаклар устидан Аллоҳ таолонинг хоҳиши туради. Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, ўша нарса бўлади, нимани хоҳламаса, бўлмайди. Шунинг учун тавҳид аҳли шундай дейдилар: Илон Аллоҳ таоло хоҳлагани учун чақади, Аллоҳ таоло хоҳламаганида чақмайди.

Борлиқдаги барча нарса Аллоҳ таоло хоҳласагина ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло бу сурада инсонларга барча ёмонликдан Ўзи ила паноҳ сўрашни буюрди. Паноҳ сўраладиган ёмонликлар орасидан энг хатарлисига урғу бериб: “(инсон Аллоҳни эслаганда) чекиниб, (эсламаганда) васваса қилувчи (шайтон) ёвузлигидан… паноҳ сўра”, дея таъкидлади. Чунки ер юзидаги барча жиноят ва ёмонликларни текширилиб кўрилганда, унинг келиб чиқишининг асл негизи  васвасага бориб тақалган. Бу васваса эса уч нарсадан келиб чиқади. Биринчиси: нафсдир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

Инсонни (Биз) яратганмиз, (демак,) унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз (Қоф сураси, 16-оят).

Аллоҳ таолога боғланмаган нафс ўз соҳибини тўхтовсиз ёмонликка чақиради.

Иккинчиси: инсонлардан бўлган шайтонлар.

Учинчиси: Жинлардан бўлган шайтонлар.

Аллоҳ таоло чекиниб, васваса қилувчи (шайтон)ни оятнинг давомида қуйидагича сифатлайди: (у) одамларнинг дилларига васваса солур. Шайтоннинг ҳақиқати шу! Одамларнинг дилларига васваса қилишдан бошқа нарсага эгалик қила олмайди. Натижа эса инсоннинг ўзига боғлиқдир. Васвасага учиб йўлдан адашади ёки Парвардигори ила паноҳ тилаб ўзини ўнглайди.

Масалан: бир кишининг тўғри йўлда юрганини, бироз вақт ўтиб йўлдан адашганига гувоҳ бўласиз. Яна бошқа бир аёлни динида мустаҳкам, иффатини сақлаб юрганини, бироз вақт ўтиб беҳаё кийимларни кийиб юрганини кўрасиз. Яна бир кишининг ҳалол йўл билан пул топаётганини, орадан кўп ўтмай, ҳаром ишларга аралашиб қолганига гувоҳ бўласиз. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига асосий сабаб, шайтоннинг уларнинг дилларини васваса қилгани ва улар бу васвасага алданиб қолганларидир. Бироқ ҳамма мўминда ҳам бундай ҳолат кузатилмайди. Тўғри йўлда юрган, яхши амаллар қилиб, ёмон амаллардан ўзини тийиб юрган тақводор мўмин кишини шайтон васваса қилса, мўмин шу ҳолатда шайтоний васвасани сезиб қолса, бу васвасага учмасдан: “Ъауузу биллааҳи минаш шайтоонир рожиим”[3] дейди ва дарҳол уни даф қилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:

Тақво қилганларга шайтондан (бирор) мусибат етса, (дарҳол Аллоҳни) эслайдилар. Бас, ўшанда улар (ҳақни) кўрувчидирлар (Аъроф сураси, 201-оят). Инсонлар орасида яна бир тоифа борки, улар мунофиқлар бўлиб, шайтон васваса қилганида, дарҳол уни даф қилмайди. Балки васвасага беэътибор бўлиб, шайтон йўлига юради.

Шу ўринда, илҳом билан васваса орасидаги фарқни билиш лозим. Илҳом – васвасанинг зид маъноси саналади. Агар инсон хаёлига шариатга мувофиқ хаёллар келса, у Аллоҳ таоло томонидан бўлган илҳомдир. Аммо инсон хаёлига шариатга зид хаёллар келса, албатта, у шайтон васвасасидир. Демак, у иккисининг орасини фарқловчи мезон шариатдир. Ундан бошқа мезонлар бўлиши мумкин эмас. Одатда тўғри йўлда бўлмаган, Аллоҳ таолони унутган инсоннинг хаёлига келган нарсалар васваса бўлади. Доимий Аллоҳ таолони ёд этадиган, шариат кўрсатмаларига амал қилган кишининг хаёлига келган нарсалар илҳом бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир (Бақара сураси, 257-оят).

Наас сурасининг охирги оятида Аллоҳ таоло шайтонни жинлар ва одамлар жинсидан эканини шундай баён қилади: (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир».

Бундан бошқа ояти карималарда ҳам шайтон жинлар ва одамлар жинсидан экани очиқ ойдин айтилган:

Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсу жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар алдаш мақсадида сохта хушсуханлик билан бир-бирларига васваса қиладилар. Агар Раббингиз хоҳласа, (бундай) қилмаган бўлур эдилар. Уларни ҳам, тўқиётган (бўҳтон)ларини ҳам қўяверинг! (Анъом сураси, 112-оят).

 Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиргандилар. Олдиларига бориб ўтирдим. Ул зот: “Эй Абу Зарр, Аллоҳ таоло ила жинлар ва одамлар жинсидан бўлган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўра”, дедилар. Шунда: “Инсонлар жинсидан ҳам шайтон бўладими?!” дедим. “Ҳа”, дедилар”[4].

Жинлар жинсидан бўлган шайтонлар ҳаммага маълум. Инсонлар жинсидан бўлган шайтонлар шундай кишиларки, улар гуноҳ ишларга чақиради, уни зийнатли қилиб кўрсатади, гуноҳ амалларнинг зиёни йўқ эканини, оддий иш эканини исботлашга ҳаракат қилиб, охир-оқибат, уни қилишга сизни кўндиради. Масалан: бир киши сизнинг олдингизга келиб сиздан: “Пулларингизни қаерда сақлайсиз?” – деб сўрайди. “Уйда”, десангиз. Сизга: “Барака топкур! Пулларингизни музлатиб ўтирасизми? Ундан кўра фоизга бериб айлантирсангиз бўлмайдими?” – деб йўлдан уради. Яна бошқа инсон қиёфасидаги шайтон келиб: “Эркакка ўхшаб кўнгилхушлик қилсанг бўлмайдими?” – деб сизни нашаръий маконларга чорлайди. Демак, мана шундай сизни ношаръий ҳолда эркагу аёллар жамланадиган жойга ёки ҳаром ичимликлар ичишга ёки рибохўрлик қилиш ёки ўғирлик қилиш ёки ҳаромдан топилган молни ейиш ёки шариатга хилоф касблар билан шуғулланиш, борингки, ҳар қандай маъсиятларга чорлаб туриб: “Ҳамма инсонлар шундай қилишяпти-ку, бунинг нима ёмон томони бор”, деб айтадиган кишилар – инсон қиёфасидаги шайтонлардир. Аллоҳ таолони ғазабини келтирадиган барча нарсага чақириш – инсон қиёфасидаги шайтоннинг васвасаси ҳисобланади. Бундай инсон қиёфасидаги шайтонлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“(Улар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Қайсики, у инсонга: «Кофир бўл!» – дейди. Бас, қачонки, (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга): «Мен сендан безорман. Зеро, мен (барча) оламлар Парвардигори – Аллоҳдан қўрқаман», – дейди (ва инсонни тарк этади)” (Ҳашр сураси, 16-оят).

Васваса қилувчи шайтоннинг ундан ажралмас яна бир сифати бор. Бу “ханнос” сифатидир. Сиз қачон: “Ъауузу биллааҳ”[5] десангиз шайтон чекинади, узоқлашади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Инсон туғилса, шайтон унинг тепасига келиб қисиб олади. Аллоҳ таолони зикр қилса, кетади, Аллоҳ таолони зикр қилмаса, қалбига мустаҳкам ўрнашади”[6].

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини эшитди: “Киши уйига кириш вақтида ва таомланиш вақтида Аллоҳ таолони зикр қилса, шайтон (лашкарларига): “Сизларга (бу уйда) ётоғ ҳам йўқ, таом ҳам йўқ”, дейди. Агар уйга кирганида Аллоҳ таолони зикр қилмаса, шайтон (лашкарларига): “Ётоққа эришдиларинг”, дейди. Агар таомланиш чоғида ҳам Аллоҳ таолони зикр қилмаса, шайтон (лашкарларига): “Ётоқ ва таомга эришдиларинг”, дейди”[7].

Демак, уйга киришда ва таомланишда Аллоҳ таолонинг зикрини қилмаган инсоннинг ҳаётини кузатсангиз, кечаси билан хонадонида кўнгилсизлик бўлиши, эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши, таомларида бараканинг кетишига гувоҳ бўласиз.

Мазкур оят ва ҳадислардан маълум бўлдики, “ханнос” сифатли шайтон ва унинг ёмонлигидан сақланиш учун ҳар бир иш олдидан Аллоҳ таолони ёд этиш ва Ул Зот ила паноҳ тилаш лозим экан.

Гоҳида шайтон сизга ўтмишдаги ишларни эслатиб васваса қилади. Мисол учун, беш йил олдинги сафарингизда бўлиб ўтган ишларни, ўн йил бурун амакингизнинг ўғли билан хусуматлашганингизни, бир-бирларингизга қилган қўпол муносабатларингизни эслатади. Қўйингки, ҳаётингизда бўлиб ўтган, кўнглингизни ғаш қиладиган ҳар бир ҳодисани қаерда бўлгани, қачон бўлгани, шунга ўхшаш майда нарсаларигача эслатиб васваса қилади.

Шайтон ҳали бўлмаган нарсалар билан ҳам васваса қилади. Мисол учун, яқинда бассейнлари, катта уйлари бўлган маскан сотиб оласан, чиройли, қимматбаҳо маркабга эга бўласан, дам олиш масканларига борасан, деб васваса қилади. Кўпинча бундай васвасалар банданинг Аллоҳ таолога яқин бўладиган ўрни – намозда бўлади. Инсон ҳали амалга ошмаган нарсаларни орзу қилиб, оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ибодат қилаётганини унутади. Натижада, намоз амалларини чалкаштиради. Намоздан ташқаридаги ҳолатларда эса “фалон нарсани айт ёки қил”, дея гуноҳ амалларни қилишга чорлайди. Мабодо олдидан бирор номаҳрам қиз ўтиб қолса: “Бу фурсатни бой берма, сенинг ниятинг уйланиш-ку, чиройлими, сенга тўғри келадими, бир қараб ол”, дея йўлдан уради.

Шайтон инсонга барча ҳолат ва вақтларда унинг ўйлаб турган томонидан ҳужум қилади. Шайтон инсонга нисбатан қилаётган бу ишлари билан унга ёрдам бермоқчими? Йўқ, Албатта, у аниқ адаштирувчи душмандир» (Қасос сураси, 15-оят).

Шайтоннинг васвасаларидан яна бири инсонни қўрқитишидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Албатта, ўша шайтон ўз дўстлари (мунофиқлар)ни хавфлантиради. Агар (чинакам) мўмин бўлсангиз улардан (ёвдан) қўрқмангиз, (балки) Мендан қўрқингиз! (Оли Имрон сураси, 175-оят).

Аслида қўрқув бор нарса. Бироқ инсон ўзида содир бўлган қўрқувни   шайтондан эканини билишнинг йўли – қўрқишликка сабаб бўлмайдиган нарса ва ҳодисалардан қўрқишидир.

Инсондаги кечинмалардан яна бири унутишидир. Бу ҳам аслида инсон табиатидаги бор нарса. Кўпинча бу ҳолатга шайтон сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Агарда шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан кейин золимлар қавми билан ўтирманг! (Анъом сураси, 68-оят). Шайтоннинг инсонни унуттириши қандай бўлади дейилса? У инсонга солиҳ амалларни унуттиради. Мисол учун, қийналиб қолган дўстингизга ҳар ой маълум маблағ беришни аҳд қиласиз. Ўша кун келганида шайтон сизга уни унуттиради. Орадан бир ҳафта, икки ҳафта, уч ҳафталаб кунлар ўтса-да, қилган аҳдингиз умуман эсингизга келмайди. Толиби илмнинг белгиланган вақтда дарси бўлади. Шайтон келиб: “Сал кечикиб боравер, устозинг ҳали келмайди”, дея дарсга вақтида бориши керак эканини унуттиради. Шайтон васвасасига учиб кеч борса, дарс охирлаб қолган бўлади. Солиҳ амаллардан унуттириш шайтондан эканини унутманг.

Инсонда кузатиладиган ҳолатлардан яна бири мудрашдир. Айниқса илм мажлисларида. Толиби илм дарс пайтида эснаб, мудраб ўтиради, дарс тугаши билан тетиклашиб, яна фаол ҳолатига қайтади. Бироқ ўйин-кулгу учун соатлаб вақтини ўтказса ҳам, мудраш ёки эснаш ҳолатлари кузатилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳ таоло аксиришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради. Бирортангиз аксирса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Бу (ҳамд)ни эшитган ҳар бир мусулмон учун унга: “Ярҳамукаллоҳ”[8], деб айтиш лозим бўлади. Эснашга келсак, у шайтондандир. Бирортангиз эснаса, имкони борича уни қайтарсин, чунки сизлардан ким эснаса, шайтон унинг устидан кулади”[9].

Мазкур ишларнинг барчаси шайтоннинг амалларидир. Бу амаллардан шайтон Одам боласи устидан ҳукмрон, хоҳлаган ишини қила олади, деган фикрга борилмайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Қачонки, иш битгач (яъни жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга ҳукм қилингач), шайтон дейди: «Аллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен ҳам ваъда бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чорладим. Сизлар менга ижобат этдингиз. Энди мени эмас, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам берувчи эмассиз. Сизлар илгари мени (Аллоҳга) шерик қилганингизни инкор қилурман. Албатта, золимлар (кофирлар) учун (охиратда) аламли азоб бордир» (Иброҳим сураси, 22-оят).

Шунга кўра, қайси бир инсон ғафлатда қолиб, Аллоҳ таолони унутса,  шайтон васвасасига эргашиши аниқдир. Қайси бир инсон доимо Аллоҳ таолони ёдида тутса, у шайтон васвасасидан саломат бўлади.

Шу ўринда “Наас сураси” тафсири тугади.

Фаррух Абдулкарим
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

 

[1] Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус саҳиҳ” китобларида келган.

[2] Маъноси: “Барча ҳамду санолар оламлар Парвардигоригадир”.

[3]Маъноси: “Аллоҳнинг ҳузуридан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳ таоло ила паноҳ сўрайман”.

[4] Насоий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунан”ларида келган.

[5] Маъноси: Аллоҳ таоло ила паноҳ тилайман.

[6] Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус саҳиҳ” китобларида келган.

[7] Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳ”ларида келган.

[8] Маъноси: “Аллоҳ таоло сенга раҳм қилсин”.

[9] Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус саҳиҳ” китобларида келган.