Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Тафаккур қилайлик…

Тафаккур қилайлик…

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Ислом поклик динидир. Динимизда поклик тарғиб қилинган таълимотлар талайгина. Таҳорат сўзи ҳам поклик деган маьнони билдиради. Исломнинг асосий арконларидан бўлган намоз ҳам таҳоратсиз қабул бўлмайди. Қурьони Каримнинг Муддассир сураси 4-оятида “Либосингизни покланг”, дея марҳамат қилинади.

Инсоннинг даражаси унинг қилган яхши амалларига қараб белгиланади. Амаллар эса савобларга кўра ажратилади.

Инсонлар зиммасидаги амаллар саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ.

Фарз – Аллоҳ таоло буюрган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Узрсиз бажармаган киши гуноҳкор бўлади. Унинг зарурлигига ишонмаган киши эса кофир ва имонсиз саналади.

Вожиб – Ислом динида бажарилиши шарт бўлган амал. Уни бажарган киши савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлади. Вожиб амалга ишонмаган киши кофир ва имонсиз бўлмаса ҳам, катта гуноҳга ботади.

Суннат – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қилган амаллари. Суннат амалини қилган киши савоб топади. Қилмаган киши гуноҳкор бўлмасада, қиёмат куни маломатга қолади, Пайғамбаримиз шафоатларига лойиқ бўлмайди.

Мустаҳаб – Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом баъзан бажарган ва баъзан бажаришни лозим кўрмаган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Аммо қилмаса, гуноҳкор бўлмайди. Қиёмат куни азоб ва маломатга ҳам қолмайди.

Мубоҳ шундай амалки, қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир.

Ҳаром – Ислом динида қатъий таъқиқланган амалдир. Уни қилган киши қаттиқ гуноҳга ботади, уни ҳалол, дегувчилар кофир ва имонсиз ҳисобланади.

Макруҳ – Ислом дини таъқиқлаган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган киши эса азобланиши мумкин. Уни қилган киши кофир бўлмасада, гуноҳга ботади.

Мустакраҳ – шундай амалки, уни қилгандан кўра қилмаган яхшироқдир. Қилган киши гуноҳкор саналмасада, одобсиз бўлади. Қиёматда азобга қолиши мумкин.

Халқимиз орсида  фарз, вожиб, суннат, ҳаром амаллар ҳақида деярли ҳамма маьлумотга эга. Аммо қолган амалларга кўп ҳам эьтибор бермаймиз.

Мустаҳаб амалларни доим бажариб юришга тарғиб этилади. Доим таҳоратли юриш, нафл намозлар ўқиш, нафл рўзалари тутиш каби.

Мубоҳ амаллар  ҳалол ризқ топиб ейиш, зарарли сўзларни сўзламаслик ва шу кабилар.

Макруҳ амаллар бажарилиши кариҳ кўрилган амаллардир. Масжид ичига тупуриш, масхарабозлик қилиш, бекорчи нағмаларга қулоқ солиш кабилар. Бу амал 2 турга бўлинади. Макруҳи таҳримий ва макруҳ танзиҳий.

Мустакраҳ бозор ва кўчаларда овқатланиш, бор овози билан бақириш, кулиш, кекириш, эснаш каби ҳунук амаллардир. Бу амалларни ёдга олишдан мақсад, Ислом дини барча ишларни чиройли тарзда амалга оширишга ундашини эслатиб ўтишдир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонмусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир” (Бешовлари ривоят қилишган), дея марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда “Исломда биринчи бўлиб зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб бериш ҳам йўқ” (Абу Довуд ривояти), дейилади.

Энди ҳозирги кундаги ҳолатларга эьтибор қаратсак. Бозор, кўчаларда (овқатланиш муассасалари бундан мустасно) овқат еб юришга кўникиб ҳам қолдик. Бу биз учун одатий ҳолга айланиб улгурди. Овознинг борича бақириш, хаёлига келганини, ўйлаб ўтирмасдан гапиравериш эркинликнинг бир кўриниши ҳисобланадиган бўлиб қолгандек. Либослар мавзуси ҳам дилни сиёҳ қилади, аммо бу алоҳида бир мавзу. Очиқ-сочиқ кийинганлар, беҳаё либосда юрганлар ҳақида боплаб гапиряпмизу, номаҳрамлардан нигоҳларимизни тия оляпмизми?! Уларга тикилиб қараб, “кўзларимиз билан кузатиб қўйиб” уларни хоҳлаганлари “эътибор” билан сийламаяпмизми?! Масжидларга туфлаш жуда ҳунук ҳолат эканлиги барчамизга маълум, лекин ўз юртимиз, шаҳримиз, маҳалламиз, кўчамиз истаганимиздек ҳолатдами, тупуриш у ёқда турсин турли хилдаги чиқиндилар билан  “безантириб” қўймаяпмизми?!

Кундалик ҳаётимизда содир бўлаётган бу ишлар жуда оддий ва арзимас кўринсада, оммавий авж олаётгани ачинарли ҳолатдир. Юқорида бежизга инсон амалларининг даражаларини келтириб ўтмадик. Зеро, ҳар бир киши охират куни ўқилажак китобининг муаллифи саналади, ўз китобимизни фақат хайрли ва савобли амаллар билан тўлдирайлик. Аллоҳ таоло инсонларга ақлу фаросат неьматини бериб, барча мавжудотлардан устун қилганлиги бежиз эмас, албатта. Тафаккур қилайлик…

Ҳақиқий инсоний ва исломий амалларимиз кўпаяверсин. Аллоҳ барчамизни ҳақ йўлидан адаштирмасин. Омин!

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича
ёрдамчиси Мадиярова Умида