Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Вақт

Ўтиб кетган кунингдан топ-чи бир кун,
Бугун қайтиб келурми кечаги кун?!
Хусрав Дехлавий.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, унга бошқа жонзотларга бермаган жуда кўп неъматларни ато этди. Жумладан, уни энг гўзал суратда яратди. Борлиқни англаши учун унга ақл-идрок ато этди. Унга барча ишларида кўмаклашиши учун оёқ-қўл мисол бетакрор аъзоларни берди. Жамики борлиқни унинг фойдаси учун яратди. У шу қадар чексиз неъматлар билан ризқлантирилдики, унинг чегараси йўқ. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:
Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. …”.“Наҳл” сураси, 18-оят.
Мана шу неъматлар қаторида вақт – дея, аталмиш бир неъмат борки, у энг бебаҳо неъматдир. Бироқ у одатда энг беқадр неъматдек осонгина зое қилинади.
Вақт дунёдаги энг азиз ва энг ҳикматларга бой неъмат бўлса ажаб эмас. Чунки, ҳар бир ўтаётган вақт бизларни янада ҳушёрликка, кўплаб яхшиликлар ва савобли ишлар қилиб олишга ундайди. Аллоҳ таоло бу неъматни бизлар учун ўлчов мезони қилиб яратгандир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
“У эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирига) ўринбосар қилиб қўйган Зотдир”.“Фурқон” сураси, 62-оят.
Албатта кундуз биз учун савобларни, ибодатларни, хайрли амалларни қилиш учун фурсат, тун эса улгуролмаган яхшиликларимизни қилиб олишимиз, кундузида йўл қўйилган хатоларни ислоҳ қилиш ва тавба айламоғимиз учун берилган катта имкониятдир.
Бундан ташқари вақтнинг бошқа неъматлардан фарқли ўлароқ ўзига яраша ҳусусиятлари мавжуд:

  • Вақт – инсон у ҳақида қиёмат куни сўраладиган энг биринчи нарсадир.

Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларига берган барча неъматлари хусусида сўрайди. Буларнинг ичида энг биринчи бўлиб имкониятидаги вақтларни нимага сарфлагани борасида сўроққа тутади. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунича қадамлари силжимайди: умридан – уни нима билан ўтказгани; ёшлик давридан – уни нима билан машғул қилгани; мол-дунёсидан – уни қай йўсинда топгани ва қайси йўлди сарфлагани; илмидан – унга қандай амал қилгани”.
Хулоса қилиш мумкинки, сўралиши керак бўлган тўрт нарсадан иккитаси вақт хусусида экан.

  • Вақт ўтиб кетгач, асло ортга қайтмайди.

Тобеинлардан Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар. Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан. Хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди!”.
Эртага афсус-надомат чекмаслик учун ўтаётган ҳар бир дақиқамизни қадрлаб, уни энди қайтара олмаслигимизни дилдан ҳис қилиб яшамоғимиз лозимдир.
Уч нарса асло қайтиб келмайди: оғиздан чиққан сўз, камондан отилган ўқ, ўтиб кетган вақт.

  • Вақт – қиёмат яқинлашган сари тез ўта бошлайди.

Бу ҳақида Расулуллоҳ алайҳис салом шундай деганлар:
“Замон  яқинлашмагунича қиёмат бўлмайди: йил ойдек бўлади, ой ҳафтадек бўлади, ҳафта кундек бўлади, кун соатдек бўлади, соат тутатқи ёнгунчалик бўлиб қолади”.
Демак ҳар бир соатимиз ўтган сари вақтимизни янада кўпроқ қадрламоғимиз лозимдир. Уламолардан бири шундай деган экан: “Энг қўрқинчли нарсалардан бири – кунларнинг тез ўтаётганидир”.

  • Вақт ўтгани сари биз ўлим томон яқинлашиб борамиз.

Ҳасан Басрий айтганларидек: “Қуёшнинг ҳар бир ботишида бир камайишинг бор”.
Ўлим сари етаклайдиган нарса бу фақат – вақтдир. Хасталик, оч ёки ташналик ўлимга яқинлик эмас. Ал-Хусрийнинг шундай ҳикматли сўзлари бор: “Ўлим сенга отилган ўқ. Ҳаёт эса сенга етиб боргунчалик фурсатдир”.

  • Вақт ҳеч қаерда сотилмайди.

Унинг бозори йўқ. Баҳоси ҳам йўқ. Шайх Жамол Қосимий бир куни бекорчи нарсалар билан вақтларини зое қилаётган йигитларнинг ёнларидан ўтаб кетаётиб афсус билан: “Эҳ, қани энди вақт сотилганида эди, албатта шуларнинг вақтларини сотиб олган бўлардим” – деб, айтган эканлар.

  • Вақт одатда бекорга зое қилинади.

Доно инсон нафақат ўз вақтини балки ўзганинг вақтини ҳам доимо қадрлаб, уни зое қилмасликка ҳаракат қилади. Жалолиддин Румий ҳам вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаётган кишиларга ачиниб шундай деган эканлар: “Ўлим йўлда туриб, бизни кутмоқда. Инсон эса сайр қилиш ва умрини беҳуда сарфлаш билан аввора”.

  • Вақттўрт хил бўлади.

Солиҳлардан бири шундай дебдилар: “Банданинг вақтлари тўрт хил бўлади. Бешинчиси йўқдир. Улар: неъмат ичра ўтган вақт, кулфат ичра ўтган вақт, яхшилик билан ўтган вақт, ёмонлик билан ўтган вақт”.

  • Вақтуч турга бўлинади.

Инсон ҳаёти ўтиб борар экан унинг вақти уч турга бўлинади. Улар: КЕЧА – биз уни яшаб бўлдик, қайтиб келмайди; БУГУН – биз унда яшаяпмиз, бироқ у бардавом бўлмайди; ЭРТАНГИ КУН – билмаймиз, у кунда қаерда бўлишимизни…
Ўтиб кетган кечамиздан фақатгина яхшиликлар қолган бўлса, бугунимизда эса солиҳ амаллар қилишликка ҳарис бўлсак, эртага қаерда бўлсак ҳам бизни фақатгина шодликка тўла бахт қуршаб олиши муқаррар.

  • Ҳар қандай вақтнинг охири бор.

Дунё ҳаёти чегаралангандир. Денгизнинг охири қуруқлик, куннинг охири тун, умрнинг охири ўлим, дунёнинг охири қиёматдир.
Шундай экан ўтаётган ҳар бир кунимизда хайрли амал қилиб қолишга ва озгина умр фурсатини ғанимат билишга аҳд қилмоғимиз даркор.
Ҳар онимиз  бизларни шу мақсад сари чорлаб гўё шундай нидо қилар экан:
“Эй одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Ҳар бир кун ўтганда сенинг ҳам бир қисминг завол топади. Сенинг бир қисмнинг ўзинг билмаган ҳолатда ўтиб кетибдими, демак бутунлай кетишинга ҳам фурсат оз қолибди. Билгилки, бугун амал бор, ҳисоб йўқ. Эртага ҳисоб бор, амал йўқдир!”.
Аллоҳ таоло барчамизни умр аталмиш ҳар бир вақтимиз томчиларини фақатгина фойдали амалларга сарф этмоғимизни насиб этсин!

Қибрай тумани бош имом-хатиби М.Миржалилов.