Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Табиат – неъмат

Табиат – неъмат

Ҳар бир инсон коинотга меъёр билан, тўғри муносабатда бўлса, коинот ҳам инсонга фойдали муносабатда бўлиб, унга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, ҳаётимиз, яшашимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади.

Атрофимиздаги ҳар бир жонли ва жонсиз жисмларнинг боқий эмаслиги ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан ўз исботини топган. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган табиат ресурслари маълум муддатдан сўнг адоғига етишини бугунги кунда қирилиб битаётган жониворлар, йўқолиб бораётган ўсимликлар, тугаб бораётган конлар мисолида кўришимиз мумкин.

Борлиқдаги ҳар бир ҳайвонот, наботот ва жамодотни Ҳақ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди ҳамда бу хусусда ўз каломидаги “Ғошия” сурасида шундай марҳамат қилди:  «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!»

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Абаса» сураси 24-32-оятларида яна шундай марҳамат қилади: «Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир».

Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир яратиқ ва етказган неъматлари ҳақида тафаккур қилиш, уларга шукрона келтириш маъноси мужассамлашган.

Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, атрофга ҳам шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзи инсонлар учун маскандир. «Тоҳо» сурасининг 53-оятида Аллоҳ ерни шундай таърифлайди: «У Ерни сизлар учун бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва унда йўллар пайдо қилди ҳамда осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдирди. Бас, Биз у (сув) билан турли ўсимлик навларини ундириб чиқардик».

Ер юзи экологиясининг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб турибди. Табиий ресурсларга инсон томонидан шафқатсиз муносабатда бўлиш, жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг  қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаши натижасида инсон ўз ҳаёт илдизига болта урмоқда.

Сувларга турли ахлатларни ташлаш, чиқиндиларни ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммолари сафидан жой олди. Инсон Ҳақ таоло томонидан берилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор.

Демак, ҳар бир киши энг аввало Ҳақ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса, у шунга яраша ажр олади. Ўзимизни, турар жойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шундагина ҳар бир хайрли амалимиз туфайли дунё ҳаётида жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз.

Ҳозир айни куз фасли эканлигини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб, авваламбор ўзи, қолаверса атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш, табиатга нисбатан ноҳақлик, чунки бошқаарга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, ўша инсонни хулқи яхши эмаслигига далил бўла олади.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари “Арбаин” асарида “Мўъмин кишида икки хислат жамъ бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқлилик” ҳадиси шарифини бетакрор мисраларда шундай ифодалаган эди:

Мўъмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,

Эл била равшан ўл нечукким шамъ.

Негаким, тенгри ҳеч мўъминда,

Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.

Мазкур мисраларда мўмин киши эл-юрт равнақи учун жон куйдириб яшаши лозимлиги ва Яратган бундай кимсалардан бахиллик ва ёмон хулқни йироқ қилиши тилга олинган. Дарҳақиқат, инсон бахиллик туфайли қашшоқлик ҳамда ёмон хулқ сабабидан турли офатларга гирифтор бўлади. Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий  ёндашмоғимизни насиб этсин.

 

Тошкент вилояти Янгийўл тумани

“Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби

                            И. Муҳиддинов