Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Табассум ва мулойимлик

Табассум ва мулойимлик

Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло ер юзига инсон зотини юборгандан сўнг, уларнинг хулқларини сайқаллаш учун ҳам ўз динини, пайғамбарларни юборди, китобларини нозил қилиб турди. Табиблар инсонларни жисми жонини даволашда сабабчи бўлсалар, пайғамбарлар, уламолар, ҳакимлар инсон қалбини, руҳини поклашда сабабчидирлар. Парвардигори олам пайғамбаримизга хитоб қилиб: “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси 4-оят), деди.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табассумлари самимий эди, хеч қачон бировнинг устидан кулмас эдилар, адашганга тўғри йўлни мулойимлик билан кўрсатардилар. Ҳазиллари ҳам ҳақиқат устига қурилган бўлар эди. Табассум қилганлари ҳам, кулганлари ҳам ҳаёга чамбарчас боғланган бўларди. Саҳобаларга табассум қилганларида муборак тишларини кўрсатмас эдилар. Биз умматлар ҳамма нарсада табассум ва мулойимликда ҳам У зотга эргашишимиз керак. Албатта, табассумни ҳам меъёрида, суннатга мувофиқ қиладиган бўлсак, биз кўпгина фойдаларга эришамиз.

Шулардан биттаси: Асаб толалари узилиши аъзоларимиздаги озиқ моддалар камайишига, ҳолсизликка олиб келади. Масалан, жисмимиздаги калций моддаси етишмаса, мушакларимиз оғриб, суякларимиз мўрт бўлиб қолиши мумкин. Юзимизга табассум қайтиши биланоқ, миямиз тажангликни сўндирувчи моддалар ишлаб чиқаришни бошлайди. Табассумли бўлиш учун эса ҳакимлар шундай тавсия берадилар: “Табассум ва бахт излаган одам кўпроқ истиғфор айтсин”.

         Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир марта суҳбат қилган одам у зотни мулойимликларини кўриб, яна суҳбатларига зор бўлар эди. Бир куни бир аробий масжидга кириб бир четига бавл қилди, саҳобалар унга дарғазаб бўлиб уни калтакламоқчи бўлишди. Пайғамбаримиз ишини тугатмагунгача унга саҳобаларни тегдирмадилар, у бўшаниб олгандан сўнг унга мулойимлик билан бу иши нотўғрилигини англатдилар. Яна бир воқеа, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва “Ассааму алайкум (сизга ўлим бўлсин)”, дейишди. Оиша розияллоҳу анҳу айтди: “Мен фаҳмлаб қолиб, “Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳой Оиша шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳам ўзингларга ҳам, деб айтдим-ку”, дедилар”.

         Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб бир гуруҳ яҳудийлар “Ассааму алайкум”, дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишди. Бу сўз ҳам тузилиши жиҳатидан “салом” га ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди. Оиша онамиз (розияллоҳу анҳу) бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб, ўзига яраша жавоб бердилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша қисқагина, лекин мулойимлик билан жавоб қайтариб, нишонга аниқ урган эканлар.

Албатта, бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мустаҳаб ҳисобланади. Албатта, бунда ношаръий ишга олиб бормайдиган бўлиши шарт қилинади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи кези келганда ўзини билмасликка олиш оқиллик аломати эканини таъкидлаган эканлар (“Одоблар хазинаси” китобдан).

         Юқоридагиларни инобатга олганимизда тушунамизки, мўмин мусулмон ҳар доим ҳушёр, очиқкўнгил, мулойим ва табассумни ҳам ўз ўрнига қўядиган бўлиши керак экан.

Тошкент тумани “Хожи ота” жоме масжиди
имом ноиби Саййидаҳрор Саййидвалиев

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan