Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАҲОРАТ ВА УНИНГ СИРЛАРИ

ТАҲОРАТ ВА УНИНГ СИРЛАРИ

Билинг! Дарҳақиқат, таҳорат тўрт хил бўлади:

  1. Зоҳирий жасадни ҳадас, нажосат ва чиркинлардан поклаш.
  2. Аъзоларни турли гуноҳ ва ёмонликлардан поклаш.
  3. Қалбни ярамас, бемаъни хулқлар ва жирканчли разолатлардан поклаш.
  4. Аллоҳдан бошқа нарсалардан сир – қалбини поклаш. Бу энг олий ғоядир. Кимнинг қалб кўзи кучли бўлса, бу матлубга етишади. Кимнингки қалб кўзи кўр бўлса, таҳорат ҳолларидан биринчисини фаҳмлайди, холос. У аксари бебаҳо вақтини муболаға билан истинжо этиш ва кийимларини ювишга сарф этади. У васвасаланиб, илми озлиги сабабидан талаб этилган таҳорат – покланишни фақат шу деб ўйлайди. У кўп вақтларини қалбни поклашга сарфлаб, зоҳирий покланишга кўп ҳам диққат-эътибор бермаган мутақаддиминлар сийратларидан (аҳволларидан) бехабар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят этиладики, бир куни у киши насронийга тегишли обдастада таҳорат олдилар. У кишининг замондошлари қўлларидаги ёғ-кирларни кўп ҳам ювавермас, ерда намоз адо этар, яланг оёқ юрар ва истинжо этишда тошлар билан кифояланиб қолишарди.

Ҳозирга келиб одамлар хамоқатни назофат, деб номлашга ўтдилар. Сиз яхши биласиз, кўпинча улар азиз вақтларини зоҳирий зийнатларга сарфлашади, ички дунёлари эса хароб, кибр, худбинлик, риё ва нифоқ каби ёмонликлар билан тўлиб тошган. Агар улар кимдир истинжода тошлар билан кифояланса ё ерда оёқ кийимсиз юрса ёки ҳеч нарсасиз очиқ ерда намоз ўқиса ёхуд бир қари кишининг идишида таҳорат олса, уни қаттиқ инкор этишади ва уни ифлосга чиқаришади, бирга таом тановул этишдан бош тортишади. Уларнинг бу аҳволларига бир қаранг! Улар иймон сифатидан бўлган оддий кийинишлик ҳолатини ҳаром, ифлослик деб ўйлашади, хамоқатни эса – назофатга чиқаришади. Мункар ишни маъруф, маъруф амални мункар деб билишади. Аммо бу таҳоратни назофат деб қасд қилган киши кўп сув исроф этмайди. Кўп сув истеъмол қилиш дин асли, деб эътиқод қилмайди. Бу мункар амал эмас, балки у чиройли ишдир. Нажосат ва ҳадасларни билишда фиқҳ китобларига мурожаат этилсин. Бу китобдан ҳақиқий мақсад – одоб-ахлоқдир.

Бадандан кир-чирларни кетказиш икки турли бўлади:

Биринчи тури – бош ёки бошқа аъзоларда йиғилган кир ва ифлосликларни ювиб кетказиш. Бошни ювиб тозалаб бўлгач, тўзғиган сочларни тараб, мойлаб тартибга солинади. Шу каби қулоқ, бурунларда йиғилган кирларни ҳам ювиб тозалаб туриш лозим.

Тиш, тил ва оғиз бўшлиғини мисвок, мазмаза қилиш орқали тозалаш мустаҳабдир. Шунингдек, қўл ва оёқ панжа ораларида йиғилган кирлар, тер ва чанг натижасида баданда йиғилган кир ва ифлосликлар ҳам ювиб тозаланади.

Ҳаммомга кириб яхшилаб ювинса ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бир жамоа ҳаммомга кириб ювинишган, лекин авратига бошқаларнинг кўзи тушишидан ва уни ушлашдан эҳтиёт бўлиш шарт этилади. Ҳаммомга кирган одам унинг иссиқлигидан оташи дўзах ҳароратини эслаб қўйиши лозим бўлади, зеро мўминга охират ғами ҳар доим ғолиб бўлмоғи зарур. Ҳар бир идиш ўзидаги нарсани сочади. Фикр билан бир боқинг-чи, кўрасиз, агар бир обод ҳовлига баззоз, газламафуруш, нажжор, бинокор, тикувчилар кирса, баззоз бу ердаги ўрин-кўрпаларга қиймати қанча, деган мулоҳаза билан қарайди, тикувчи эса кийимлар тикилган матолар сифатига разм солади, нажжор уйнинг шифти қандай экан, деб унга қарайди, бинокор бўлса, унинг атроф деворлари билан қизиқади. Мўмин киши ҳам шулар каби зулматни кўрса, қабр қоронғулигини эсга олади, агар бирон қаттиқ садони эшитса, қиёмат кунини эълон этадиган карнай овозини хотирасига келтиради, нозу-неъматларга кўзи тушса, жаннат неъматларини зикр этади. Азоб-уқубатни кўрса, у дарҳол оташи дўзахни эслайди.

Ҳаммомга мағрибга яқин ҳамда шом ва хуфтон ўрталарида кириш макруҳ ҳисобланади, зеро, бу вақтларда шайтонлар тарқалишиб юрган бўлади.

Кир ва ифлосликдан тозаланишнинг иккинчи тури – айрим мўй-соч ва туклар тартибга солиниб, баъзилари эса бадандан кетказилади. Масалан, мўйлаблар қисқартирилади, қўлтиқ ости юнглари юлинади, таносил аъзолари усти ва атрофидаги мўйлар эса олмос ёки устара ила қирилади. Оқарган соч ва соқолни юлиш макруҳдир. Тирноқлар олинади (Хусусан, пайшанба куни оёқ ва қўлларнинг ўсган тирноқларини олиш инсонга фаровонлик ва бахт келтиради, иншааллоҳ… – тарж.). Соч-соқолларни бўяш (хина билан… – тарж.) мустаҳаб, яхшидир.

Таҳорат – покланиш мартабалари ҳақидаги сўз, иншааллоҳ, мухликот ва мунжиёт (ҳалок ва нажот) қисмида батафсил зикр этилади.

«Минхожул Қосидийн» китоби асосида

Пискент тумани «Ўсмат Ота » жоме масжиди
имом-хатиби Сирожов Мунис