Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / ТАҲОРАТ КИТОБИ («Ҳанафийлик далиллари» китоби)

ТАҲОРАТ КИТОБИ («Ҳанафийлик далиллари» китоби)

7 – БОБ. НАМОЗНИНГ КАЛИТИ – ТАҲОРАТДИР

  1. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

     “Намознинг калити таҳоратдир…”. Термизий ривояти[1].

8 – БОБ. НАМОЗ – ТАҲОРАТСИЗ ҚАБУЛ БЎЛМАЙДИ

  1.  Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

     “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таҳоратсиз намоз ва ҳаромдан садақа қабул қилинмайди”, деб айтдилар. Термизий ривояти[2].

9 –  БОБ.  ТАҲОРАТНИНГ ФАЗИЛАТИ

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

      “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мусулмон ёки мўмин банда қачонки таҳорат қиладиган бўлиб юзини ювса, кўзлари ила қараб  қилган ҳар бир хатолари юзини юваётгандаги сув билан чиқиб кетади (Ё охирги томчи сув билан чиқиб кетади ёки шу каби сўз айтдилар). Қачонки қўлларини ювса, қўллари билан қилган хатолари қўлларини ювишлиги билан чиқиб кетади (Ё охирги томчилаган сув қатраси билан чиқиб кетади). Ҳатто, таҳоратдан гуноҳлардан пок бўлиб чиқади”. Термизий ривоят қилган ва “Бу – ҳасан саҳиҳ ҳадис”, деб айтган[3].

10 – БОБ. НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ТАҲОРАТЛАРИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН ЭДИ?

  1. Абу Ҳайядан ривоят қилинади: “Алий розияллоҳу анҳунинг таҳорат қилаётганини кўрдим. У қўлларини тозалаб ювди, сўнгра уч бора оғзини чайди, уч бора бурнига сув олди ва юзини уч бора ювди. Кейин қўлларини тирсаги билан уч бора ювди ва бошига бир бора масҳ қилди ва оёқларини тўпиқлари билан уч бора ювди. Сўнгра тик туриб, шу ҳолатда таҳоратдан ортган сувни ичдида: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратлари қандай бўлганини кўрсатгим келди”, деди. Термизий ривоят қилган ва “Бу – саҳиҳ ҳасан ҳадис”, деб айтган[4].

11 –  БОБ. ТАҲОРАТДА ТАСМИЯ (БИСМИЛЛАҲ) АЙТИШ

  1. Дорақутний марфуъ тарзда ривоят қилади[5]: “Ким таҳорат қилаётганида Аллоҳнинг исми(бисмилоҳ)ни айтса, албатта, баданининг барчаси  пок бўлади. Ким  таҳорат қилаётиб Аллоҳнинг исмини айтмаса, фақатгина таҳоратда ювилган жойларигина пок бўлади”. “Ниқоя шарҳи” нинг биринчи жилдида келтирилган.
  2. Яна: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аробийга таҳоратни ўргатганларида, тасмияни айтмадилар. Агар тасмия айтиш шарт бўлса эди, албатта, айтган бўлар эдилар”[6].

     Шу сабабли Ҳанафий мазҳаби уламолари: “Тасмия айтиш – суннатдир”, дейишган. Ҳидояда: “Асаҳҳ қавл – мустаҳабдир”, дейилган[7]. “Тафсири Мазҳарий” да Хосийф ривоят қилган ҳадисда шундай келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларида бир киши таҳорат қилиб, тасмия(бисмиллоҳ)ни айтмади. У зот: “Таҳоратингни қайтадан қил”, дедилар. Сўнгра яна шундай тасмияни айтмай таҳорат қилган эди, “Таҳоратингни қайтадан қил”, дедилар. Бу ҳол уч марта такрор бўлди. Кейин эса тасмияни айтиб таҳорат қилган эди, У зот алайҳиссалом: “Мана энди хайриятга эришдинг”, деб айтдилар”.

Лекин бу ҳадиснинг асли йўқ, мавзуъ-тўқимадир. Чунончи, Ат-Тийб аш-шазий да шундайдир[8].

  1. “Аллоҳни зикр қилмаган кимсанинг таҳорати йўқ”[9] ҳадиси, Аллоҳни зикр қилмай таҳорат қилган кимсанинг таҳорати комил бўлмайди маъносидадир.
  2. Бу худди: “Масжиднинг қўшниси учун масжиддан бошқа жойда  намоз йўқ”[10], ҳадиси кабидир.

     Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни (таҳоратда тасмияни) доимий қилмаганлар. Усмон[11] ва Алий[12] розияллоҳу анҳумоларнинг у зот алайҳиссалом таҳоратлари ҳақидаги ривоятларида бу ҳолат – Пайғамбар алайҳиссаломнинг тасмия айтганлари нақл қилинмаган.

 

Муҳаммад ибн Муслим Баҳлавий рахимаҳуллоҳ
Муҳаммад раҳматуллоҳ надвий тахрижи.
Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси

 

[1] Термизий Сунани Таҳорат китоби (3) ва  Намоз китоби (221) да, Абу Довуд Сунани Таҳорат китоби (56) ва Намоз китоби (523) да, Ибн Можа Сунани Таҳорат китоби (271) да ва Дорамий Сунани Таҳорат китоби (684) да ривоят қилишган.

[2] Термизий Сунани Таҳорат китоби (1) да,  Муслим Саҳиҳи Таҳорат китоби (329) да, Насоий Сунани Таҳорат китоби (139) да Абу Малийҳдан, у отасидан ва шу кабини Закот китоби (2477) да, шунингдек, Абу Довуд Сунани Таҳорат китоби (54) да, Ибн Можа Сунани Таҳорат китоби (267) да ва Ибн Умардан (268 рақамда) ривоят қилишган.

3 Термизий Сунани Таҳорат китоби (2) да, Муслим Саҳиҳи Таҳорат китоби (360) ва, Имом Молик Муватто Таҳорат китоби (56) да, Дорамий Сунани Таҳорат китоби (716) да  ва Таҳовий Шарҳи Маъониял осор (1/37 да ривоят қилишган.

[4]  Термизий Сунани Таҳорат китоби (45) да, Насоий  шу каби ривоятни  Сунани Таҳорат китоби (95) да, Зиё Мухтора: 2/409 (795) да, Имом Аҳмад Муснади: 1/127 (1046) да ва Абу Яъло Муснади: 1/385 да ривоят қилишган.

5  Камина (Муҳаммад Раҳматуллоҳ Надвий) ҳадисни ушбу лафзлар билан топа олмадим. Сунан ва осор китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачонки бирортангиз таҳорат қиладиган бўлса Аллоҳни зикр қилсин. Зотан, бу унинг жасадини барчасини покловчи бўлади. Агар Аллоҳни зикр қилмаса, сув оқиб ўтган жойларигина покланади холос”, деб айтганларини эшитганман, дея ривоят қилинган. Бу Дорақутнийнинг лафзларидир. 1/73.  Яҳё ибн Ҳишом бу заифдир, деган. Байҳақий Сунани Кубро 11/44 (199) да ривоят қилиб, заиф деган. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний 1/15 да ривоят қилган.

[6] Қаранг: Зайлаъий. Насбур-роя. 1/7. Тасмиянинг вожиб бўлмаслиги ҳақидаги ворид бўлган ҳадислар.

[7] Қаранг: Марғиноний. Ҳидоя. 1/12 ва ибн Нужайм ҳанафий. Баҳрур-ройиқ шарҳу Канзур рақоиқ. 1/19.

[8] Ушбу ҳадисни имом ибн Жавзий  “Ат-таҳқиқ фий аҳодийс ал-хилоф” китобида келтириб, мақтуъ бўлгани сабабли заиф деган.

[9] Абу Довуд Сунани Тахорат китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилган бўлиб, лафзлари қуйидагича: “Аллоҳни зикр қилмай (бисмиллоҳ демай) таҳорат қилган кимса учун таҳорат йўқ”. Ибн Можа Сунанида Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Таҳорат китоби (397) да шунга ўхшаш лафзлар билан, Доримий Сунани Таҳорат китоби (691) да, Дорақутний Сунани: 1/71 да, ибн Абу Шайба Мусоннафи: 1/12 (14) да, Аҳмад Муснади: 3/41 (11389-11390) да, Абу Яъло Муснади: 2/324 (1060), 2/424 (1221) да ривоят қилишган.

[10]  Ҳоким Мустадраки 1/373 (797) да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан, Байҳақий Сунани Кубро 3/57 (4721, 4722) да Али розияллоҳу анҳу каломига мавқуфан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан (4724), шунингдек: 3/111 (5027), 3/174 (5381) да Али розияллоҳу анҳу сўзлари билан, Дорақутний Сунани: 1/419 да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан марфуъан, шунингдек, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Ибн Абу Шайба Мусоннафи: 1/303 (3469) да ва Абдурраззоқ Мусоннафи: 1/497 (1915) да ривоят қилишган.

[11]  Бухорий Саҳиҳи, Таҳорат китоби (155 ва 159), Рўза китоби (1798) да, Муслим Саҳиҳи Таҳорат китоби 332) да, Насоий Сунани Таҳорат китоби (73-74) да ва Абу Довуд Сунани Таҳорат китоби (96) да ривоят қилишган.

[12]  Термизий Сунани Таҳорат китоби (45), Абу Довуд Сунани Таҳорат китоби (99), Насоий Сунани Таҳорат китоби (91, 93, 94, 95 ва 114), Абу Наъийм, Абу Ҳанифа муснади (94) ва Байҳақий Сунани Кубро: 1/75 (358) да ривоят қилишган.