Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАҲОРАТ ГУНОҲЛАРНИ ЮВАДИ

ТАҲОРАТ ГУНОҲЛАРНИ ЮВАДИ

Таҳоратнинг фазилати ҳақида келган ҳадислар жуда кўп. Улардан бирини Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ўзларининг “Сунани Термизий” асарларида иккинчи бобда келтириб ўтганлар. Унинг матни қуйидагича:

إذا توضأ العبد المسلم أو المؤمن فغسل وجهه خرجت من وجهه كل خطيئة نظر إليها بعينيه مع الماء أو مع آخر قطر الماء أو نحو هذا وإذا غسل يديه خرجت من يديه كل خطيئة بطشتها يداه مع الماء أو مع آخر قطر الماء حتى يخرج نقيا من الذنوب

“Муслим (ёки мўъмин) банда қачон таҳорат қилиб, юзини ювса, сув билан бирга (ёки охирги қатраси билан бирга ёхуд шунга ўхшаш) унинг юзидан икки кўзи ила назар солган ҳар бир хатоликлари чиқиб кетади. Қачон икки қўлини ювса, сув билан бирга (ёки сувнинг охирги қатраси билан бирга) унинг иккала қўлидан қўллари ила ушлаган (қилган) барча хатоликлари чиқиб кетади. Ҳатто у гуноҳлардан пок ҳолда чиқади”.

Ҳадиси шариф матнида “юзидан … ҳар бир хатоликлари чиқиб кетади”, деган ибора бор. Бу ибораларни тўғри тушунишда олимлар томонидан анчагина баҳслар юритишган. Имом Суютий  ва бошқалар бу ерда бир эътирозни ўртага ташлаганлар. Масалан, “ухруж” (“чиқиб кет”) дейилса, зоҳирий эътибордан ─ ташқи кўринишда бутун жисм билан чиқиб кетиш тушунилади. Бу ерда зоҳирга “хаража” феъли қўлланилади. Демак, “хуруж” сўзи фақат моддий чиқиб кетишга ишлатилади. “Гуноҳ”, “хатоликлар” кабилар эса аъроз – қўшимча маънавий нарсалар, улар ажсом – жисмлар эмас. У ҳолда, матнда хатоликларга чиқиб кетиш – “хуруж” қандай нисбатланди? Бунга ҳар хил жавоблар берилган.

Имом ас-Суютий  бу ерда “хуруж”нинг нисбати мажозийдир, деганлар. Аслида غفرت له كلّ خطيئة – “унинг барча хатоси мағфират қилинди” бўлиши керак эди. Демак, “ғуфират” феъли ишлатилганда “хатоликлар”га нисбатан  ҳақиқий маъно қўлланган бўлади (Жалолиддин ас-Суютий. ад-Дийбож шарҳ Саҳиҳ Муслим ибн ал-Ҳажжож. 2-жилд. – Риёз: Дор Ибн Аффон, 1996. – Б. 28.).

Бошқа олимларнинг фикрига қараганда, “куллу хатиатин” (“ҳар бир гуноҳ”) иборасидан олдин битта музоф-боғловчи тушириб қолдирилган. Уларнинг фикрича, гапнинг маъноси: خرجت من وجهه أثر كلّ خطيئة – “юзидан барча хатоликларнинг асорати чиқиб кетади”, бўлган. Яхши инсон бўлса ҳам, ёмон инсон бўлса-да, юзидан асари, таъсири билинади. Бир ҳадисда инсон гуноҳ қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади, дейилган. Гуноҳ кўпайган сари ўша қора нуқталар қўшилиб-қўшилиб катталаша боради, натижада бутун қалб қоп-қора бўлиб қолади, дейилган. Демак, жисмга гуноҳнинг таъсири бўлар экан. Ана ўша таъсир – аломат таҳорат қилиш вақтида кетади.

Бу ўринда Анваршоҳ Кашмирий нинг ҳам фикру қарашлари бор. У зот айтадиларки, олам асли икки қисм бўлади. Биринчиси ─ олами мушоҳада. У ҳавосси хамса – беш ҳис-туйғуга таянади: кўриш, эшитиш, таъм сезиш, ҳид билиш, ушлаб кўриш. Иккинчиси, олами амсолдир. Баъзи бир нарсалар олами мушоҳадада аъроз бўлса, ўша нарса олами амсолда аъён бўлади (Анваршоҳ Кашмирий. ал-Арф аш-шазий. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б. 39.).

Бу жуда ажойиб тавжиҳ! Демак, гуноҳ олами амсолда жавҳар ва шаклларга ўхшаб кўринар экан.

Агар бир киши тушида сут кўрадиган бўлса, уни нима дейсиз? Бу илм билан таъбир қилинади. Илм маънавий нарса, уни кўрмаймиз. Шу нарса олами амсолда шаклли ҳолда кўринди. Илмнинг сурати олами амсолда сут ҳисобланади. Бу ҳадиси шариф билан собит бўлган. Демак, олами мушоҳадада аъроз бўлган барча нарсаларнинг олами амсолда хос шакли мавжуд.

Биз ўрганаётган ҳадисда “хуруж”нинг нисбати мутлақ айтилган, демак, бу ерда ҳам олами амсол нисбати билан қилинган. Кўпгина улуғлар тушларида гуноҳларни ҳар хил суратларда кўрганликлари ривоят қилинган. Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий  “Ҳужжатуллоҳи-л-болиға” асарида олами амсолни муфассал тушунтириб берганлар (Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳи-л-болиға. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жийл, 2005. – Б. 43-46.).

Ҳадиси шарифнинг матни борасида яна бир баҳс бор. Ҳадисда “барча гуноҳлар чиқиб кетади” дейилмоқда. Хўш, сағира ва кабира – каттаю кичик гуноҳларнинг барчаси чиқиб кетадими ёки улардан бирига хос қилинганми? Фақат сағира гуноҳми?

Аксар уламолар бу ерда гуноҳи сағира назарда тутилган, чунки гуноҳи кабиралар фақат тавба билан ювилади, деганлар. Ҳадиси шарифларда қайси ўринларда гуноҳлардан покланиш ҳақида сўз борса, ўша ерда гуноҳи сағиралар назарда тутилган бўлади.

Баъзи ҳадисларда жумъа аввалги жумъа ва ўзининг орасидаги гуноҳларни ювади, модомики кабираларни қилмаган бўлса, деган қайдлар бор. Бироқ бобдаги ҳадисда бундай қайд мавжуд эмас: حتى يخرج نقيّا من الذنوب – “ҳатто гуноҳлардан пок бўлган ҳолда чиқади”, дейилган. Бундан гуноҳи кабиралар ҳам эътиборга олинади, деб эътироз билдирилиши ҳам мумкин.

Бу эътирозга турли жавоблар мавжуд. Ўз замонасининг Абу Ҳанифаси дея аталган, ХХ аср бошларида яшаб ўтган, Имом Термизий нинг мазкур ҳадис тўпламига “ал-Кавкаб ад-дуррий” деган шарҳ ёзган зот Рашид Аҳмад Гангуҳий  ўз изоҳларида бундай деганлар: “Бу ерда ҳар икки гуноҳлар – ҳам сағира ва ҳам кабира гуноҳлар назарда тутилган. Бу ерда бир қоидага таянамиз. Бу “иштиқоқ қилиб ясалган сўзга бирор ҳукм тааллуқли бўлса, ясама сўз ўша ҳукмнинг иллати бўлади”, деган қоидадир. Энди, ҳадисда “ал-муслим ав ал-мўъмин” дейилдими, таҳоратнинг ҳукми муслим ёки мўъминга боғланди. Демак, гуноҳларнинг авф этилиши имон ва исломдаги кимсалар учундир. Инсон ҳақиқий имон ва ҳақиқий исломда бўлса, унинг барча гуноҳлари авф этилади. Бу ҳақиқий имонли кимса қалбини ҳозир тутиб, кабира гуноҳларига тавба қилган ҳолда таҳорат олади, деганидир. Инчинун, тавба бўлгани боис кабира гуноҳлар ҳам ювилади. Сағира гуноҳ эса ўша амалнинг ўзи билан кетади (Рашид Аҳмад Гангуҳий. ал-Кавкаб ад-дуррий ъала Жомеъ ат-Термизий. 1-жилд. – Лакнау: Надват ал-уламо, 1975. – Б. 32.).

Бу фикрга яна бир эътироз туғилади: гуноҳнинг кетиши тавба туфайли бўлди, амал билан эмас-ку?! “Ал-Кавкаб ад-дуррий”да бунга жавобан “Мусулмоннинг ўзида гуноҳи кабира мавжудлиги эҳтимолдан холи. Зеро ҳақиқий мўъмин-мусулмон кабира гуноҳ қилмайди. Мусулмонда гуноҳи кабира бўлиши тасаввурга сиғмайди”, дейилган. Демак, таҳорат қилаётган мўъминда фақат гуноҳи сағира бор эди, ўша сағира таҳорат туфайли ювилиб кетади.

Анваршоҳ Кашмирий  фикрича, гуноҳларнинг даражаларига далолат қиладиган тўртта нарса бор: “занб”, “хатиъа”, учинчиси “саййиа”, тўртинчиси “маъсият”. Уларнинг шиддати, оғирлиги ҳам мана шу эътибордан олинади. “Занб” энг енгил гуноҳ, “маъсият” эса ўта оғири. Биз кўриб чиқаётган ҳадиси шарифда “занб” ва “хатиъа” тилга олиндими, демак, “саййиа” ва “маъсият” ҳақида бу ерда гап йўқ. Хуллас, ҳадисда кабира гуноҳ ҳақида гап йўқ. У ҳолда матн давомидаги “ҳатта йахружа нақиййан мин аз-зунуб” (“ҳатто гуноҳлардан пок бўлган ҳолда чиқади”) деган мазмунни гуноҳи сағиралардан пок ҳолда чиқади, деб тушуниш керак (Анваршоҳ Кашмирий. ал-Арф аш-шазий. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б. 39).

Хулоса шуки, шариат ва фиқҳ қоидаларига мос равишда таҳорат қилганимизда, нафақат ташқи кирлардан балки гуноҳлардан ҳам пок ҳолда турар эканмиз. Ислом поклик дини. Соф исломга эътиқод қилиш ва амал этиш ташқи ва ички оламимизни ҳам покиза сақлашга гаров бўла олади. Поклик имондандир, деб бекорга айтилмаган. 

Ҳикматуллоҳ Абиев,

“Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом-ноиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]