Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Учталоқ қилган кишига хотинини ҳалоллаб бериш мақсадида унинг хотинини никоҳига олиб, сўнг талоқ қилиш.(Таҳлил)

Учталоқ қилган кишига хотинини ҳалоллаб бериш мақсадида унинг хотинини никоҳига олиб, сўнг талоқ қилиш.(Таҳлил)

بسم ﷲ الرحمن الرحيم

Аллох таолога бeҳисоб шукурлар бўлсинки, бугунги кунимизда Юртимизда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий ва моддий жабҳадаги ривожланишлар самараси сeзиларли даражада ортиб бормоқда. Айникса, маънавий томонлама амалга оширилаётган ишларнинг натижаси жамият ҳаётида яққол намоён бўлмоқда. Бунга мисол қилиб, оила фаровонлиги йўлида қилинаётган диний ва маърифий ишлар сабаб оилалардаги тотувлик янада юксалмоқда. Бу эса халқимизнинг диний ва маънавий соҳадаги яхшиликларни қабул қилиб, ҳаётларига татбиқ этаётганларидан далолат беради. Динимизда ёшлар саодатли оила қуриб, гўзал ҳаёт кeчиришлари учун етарли дастурул амаллар мавжуд. Лeкин танганинг икки тарафи бўлгани каби, буларнинг қадрига eтмасдан, шариатимиз таьлимотларини назарга илмаётганлар, оила соҳасида оқсаб қолиб, ўз қилмишларини ўйламасдан, тилларидан чиққан «ТАЛОҚ» лафзи туфайли никоҳни бузиб, оилаларини барбод килувчилар ҳам, минг афсуски, учраб турибди. Кейин эса пушаймон қилиб, шариатимиз аҳкомларидан кўр-кўрона бузилган никоҳларини тиклаш, аёлини ҳалоллаб олиш учун йўл излаётганлар, бу маккорона ҳаракатларига динимиздаги муносабатни билиб олишса, яхши бўлар эди, иншаАЛЛОҲ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол қилувчини ҳам, ҳалол қилдирувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий ривояти).

Имом Термизий айтадилар: «Аҳли илм наздида ушбу ҳадисга амал қилинади. Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Умарлар шулар жумласидандир. Шунингдек, фуқаҳо тобеъинлар ҳам шу сўзни айтганлар».

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга аҳмоқ ижарачи ҳақида хабар берайми?» – деб сўраган эдилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ», – дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ҳалол қилувчидир. Аллоҳ ҳалол қилувчини ҳам, ҳалол қилдирувчини ҳам лаънатлаган», – дедилар (Ибн Можа ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳалол қилувчи ҳақида сўрашди. У зот: «Йўқ, фақат рағбат-хоҳиш билан қилинган никоҳ жоиз. Алдов-ҳийла никоҳи жоиз эмас. Аллоҳ азза ва жалланинг китобини истеҳзо қилиш мумкин эмас. Токи асал донидан тотиб кўрсин», – дедилар (Абу Исҳоқ Жузжоний ривояти).

Бир киши Ибн Умардан: «Бир киши хотинини учталоқ қилди. Бир биродари у билан маслаҳатлашмасдан, ҳалоллаб бериш мақсадида унинг хотинига уйланди. Энди биринчисига ҳалол бўладими?» – деб сўраган эди, у: «Йўқ. Фақат рағбат-хоҳиш билан қилинган никоҳ жоиз. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бу ишни фоҳишабозлик деб ҳисоблардик», – дедилар (Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Шарик Омирий айтадилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан: «Бир киши амакисининг қизини (яъни, хотинини) талоқ қилиб, сўнг афсусланиб, хотинига рағбат билдирди. Бошқа биров у кишига ҳалоллаб бериш учун унга уйланмоқчи. Шу иш мумкинми?» – деб сўрашган эди, у зот: «Агар у ҳалоллаб бермоқчи эканини билса, гарчи йигирма йил ёки шунга яқин муддат яшаса-да, иккаласи ҳам зинокордир», – дея жавоб бердилар.

Исмоил ибн Саид айтади: «Имом Аҳмаддан: «Бир киши аёлга аввалги эрига ҳалол қилиб бериш мақсадида уйланмоқчи. Бироқ аёл бундан бехабар. Шу иш жоизми?» – деб сўраган эдим, у зот: «У ҳалол қилувчидир. Агар бу билан ҳалоллаб беришни хоҳлар экан, у малъундир», – дедилар».

Имом Шофеъий мазҳабларига биноан, агар никоҳ вақтида ҳалоллаб бериш шарт қилинса, никоҳ ботил бўлади.

Аллоҳ таолодан бизларни Ўзи рози бўлган ишларга муваффақ айлашини, гуноҳ ишлардан йироқ қилишини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, мағфиратли ва раҳмли зотдир.

Фойдаланилган манба: Имоми Захабийнинг»Кабоир» (Гуноҳи кабиралар) китоби.

Пискент тумани «Мулла Бўта Қози» жомe масжиди
имом-хатиби Вохидов Мирсобит