Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сўз масъулияти

Сўз масъулияти

Аллоҳ таоло динимизда қайси ишлар ҳалолу қайсилари ҳаром эканини баён қилиб қўйган. Очиқ ҳаром қилинган амаллардан мусулмонлар ўзларини эҳтиёт қилиб юришади. Лекин ғийбат қилиш, чақимчилик, бировлар обрўсини тўкиш, ҳасад, кибр каби маънавий жиноятлар ҳам борки, мусулмонлар бу гуноҳлардан сақланишда эътиборсизликка йўл қўйишади. Ваҳоланки, бу ишлар ҳам гуноҳи кабира эканлигига ҳамма уламолар иттифоқ қилишган. Қуйида маънавий гуноҳлардан саналмиш ғийбат ҳақида сўз юритамиз.

Ғийбат нақадар қабиҳ иш экани “Ҳужурот” сурасида шундай баён қилинган: Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир(12-оят). Қуръони карим бировни ғийбат қилишни ўша шаҳс ўлгандан кейин унинг гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, одамнинг гўштини ейиш мумкин эмас, ўлгандан кейин ейиш эса асло хаёлга ҳам келтириб бўлмайдиган иш. Шундай экан ўликнинг гўштини тановул қилишни инсон кўнгли қандай кўтара олмаса, бировни ғийбат қилишдан ҳам шундай сақланишлик лозим.

Ғийбат нима эканини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тушунтирганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нималигини биласизларми?” – дедилар. “Аллоҳ ва унинг росули билгувчироқдир”, дейишди. “Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг”, дедилар. “Айтингчи, биродиримда мен айтган нарса бўлсачи?” – дейилди. “Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Демак, бир одамни ўзи йўқ пайтида унинг орқасидан, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамни вужуди титраб кетади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меърожга олиб чиқилганимда мисдан бўлган тирноқлари билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим ва: “Эй Жаброил, улар ким?” – дедим. “Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар”, деди”, дедилар” (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти). Маълумки, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида У зотга ўта муҳим нарсалар кўрсатилган. Ўша ўта муҳим нарсалар ичида ғийбатчиларнинг охиратда қандай тарзда азобланишлари ҳам бор эканлиги ҳар қандай мўминни сергаклантиради.

Уламоларимиз баъзи ўринларда ғийбатга рухсатлар узрли бўлишини айтиб ўтганлар:

– зулмга учраган киши то ҳаққини олгунича золимнинг зулми ҳақида гапириши ва шикоят қилиши.

– раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш (Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат ҳисобламаганлар).

– мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапларни айтиб қўйиш кабилар.

Буюк ҳикмат эгаси Аллоҳ таоло қайси амални ҳаром қилган бўлса, бу ишларда инсоният учун катта зарарлар бор. Ғийбат инсоннинг молига, жисмига зиён келтирмасада, маънавий ҳаёти учун катта зарарларни юзага чиқаради. Ғийбат мусулмонлар ўртасида адоватнинг ривожланиши, қариндошлик алоқаларининг бузулиши, оилалар ўртасида ажримларнинг кўпайиши каби жамият учун зарарли бўлган иллатларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шундай экан, ўзини чин мусулмонман деган киши бу гуноҳни қилган бўлса, астойдил тавба қилиши, ғийбат қилган кишиларидан узр сўраши ва қолган умри давомида бу каби иллатдан ўзини доимо сақлаб юриши лозим.

Оҳангарон шаҳар бош имом-хатиби

Абдулҳаким Акмалов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan