Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СУВНИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ИЧГАН МАЪҚУЛ?

СУВНИ ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ИЧГАН МАЪҚУЛ?

Бизга маълумки, сувни ўтирган ҳолатда ичиш Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Суннатга амал қилган ҳолда эса биз буюк мукофотларга эришиш имконига эга бўламиз.

Даставвал қараганда, сув ичиш у қадар муҳим ҳаракатдай туюлмайди, лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бу борада кўрсатма бўлиб келган бир қанча ҳадислар мавжуд.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим” (Термизий).

“Али розияллоҳу анҳуга Роҳба эшиги олдида турганида сув келтирилди. Бас, уни тик туриб ичди ва: Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни худди мен қилганимни кўрганингиздек қилганларини кўрдим, деди” (Бухорий ва Абу Довуд).

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятида: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар”, дейилган.

Бу ҳадисларнинг мазмунини қандай қилиб бирлаштириш мумкин? Бу саволга жавоб берар экан, буюк ҳадисшунос олим имом Нававий ўзининг “Фатволар тўплами” китобида бундай деб ёзади: “Турган ҳолда ичиш мумкин эмаслиги баён қилинган ҳадислар, бу ҳаракатни бажариш маъқул эмаслигини англатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзи турган ҳолда ичганлиги маълум қилинган ҳадислар орқали бизга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳаракат билан сувни шундай ичиш ман этилмаганлигини тушунтирганидан далолат беради”.

Замонавий тиббиёт тадқиқотлари натижалари турган ва ўтирган одамнинг ошқозони турли аҳволда бўлишини исботлади. Доктор Абдурраззоқ ал – Киляни “Исломдаги тиббий фактлар” китобида ёзади: “Ўтирган ҳолда таомланиш ва ичиш хавфсизроқ, ёқимлироқ ва соғлиқ учун фойдалироқдир. Бу ҳолатда инсоннинг барча аъзолари ва ошқозони ҳам ҳаловатда бўлади, бу эса сувнинг унинг деворларидан эркин ўтишини таъминлайди”.

Яъни, агар инсон сувни туриб ичса, ошқозонга тушган суюқлик тўғридан – тўғри ўн икки бармоқли ичакка ўтиб кетади, ошқозонда ушланиб қолмайди. Лекин, инсон ўтирган ҳолда ичса, ошқозонга тушган суюқлик кислоталар билан аралашади ва турли хилдаги микробларнинг ҳаракатини бартараф қилади ва шундан сўнггина ўн икки бармоқли ичакка ўтиб кетади. Бунинг натижасида инсон бир қанча касалликлардан ўзини сақлаб қолиши мумкин.

Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суннатларига амал қилайлик. Зеро унда бизларни икки дунёда саодатманд этадиган ҳикматлар бор.

Бекобод тумани “Дўстлик” жоме масжиди
имом – хатиби Фозилов Умар

[carousel-horizontal-posts-content-slider]