Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сув – ҳаёт

Сув – ҳаёт

Сув – ҳаёт, дейди доно халқ. Албатта, ўша доно халқ бу гапни динимиз таълимотларидан олгандир. Сувсиз ҳаёт йўқ, шундай эмасми?! Дунёда мавжуд энг қуруқ моддаларнинг таркибида ҳам маълум миқдорда сув бўлиши аниқланган.

Танамизнинг аксар қисми сувдан иборатлигини ҳам кўп бора эшитгансиз. Хўш, одам организмининг неча миқдори сув? У организмнинг барча органларида, ҳатто суяк тўқималарида ҳам мавжудми?

Буни қарангки, танамизнинг ҳар битта ҳужайрасида сув мавжуд. Тўғрироғи, ҳужайраларимиз деярли сувдан иборат. Бош мия ҳужайраларида сув 80%, мушакларда 76%, суяк тўқимасида эса 25% ни ташкил этади. Аслида бу ҳақда бундан 1400 йил муқаддам Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида марҳамат қилган:

“Аллоҳ ҳамма жониворларни сувдан яратди” (Нур, 45).

Дарҳақиқат, сув улуғ неъмат, сув ҳаёт манбаи ва Аллоҳ таолонинг мўъжизасидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади:

“Ўзларингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз тушурасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўйямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа, 68-70).

Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор? У сувни ичишдан ва булғатишдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Сувнинг яралиши ва турли холатларда бўлиши фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади.

Сувни бизгача қаердан етиб келишлигини фикр қилиб кўрайлик. Дунёда қуруқликдан кўра сувлик кўп, буни, албатта, Парвардигори олам мувозанатни сақлаб туриш учун қилган. Ўша сувлари бир жойда туравериб, ачиб қолмасин деб ичини туз билан тўлдириб қўйган, Ўзининг қудрати ила у сувни буғлантириб булут ҳосил қилди. Буғланганда эса, шўрлиги қолиб чучук сув ажралиб чиқди. Энди бу ҳомиладор булутлар Парвардигорининг амри билан бандасининг ҳожати учун дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига сайр қилиб, Аллоҳ амр қилган жойларга сепади ва бу узоқ-узоқлардан олиб келинган сувни ер шимиб кетмасин ёки бирор нарса зарар етказмасин деб, қаттиқ қилиб, яъни қор шаклида тоғларнинг тепасида, бировнинг қўли-ю оёғи етмайдиган жойларда ёғдириб сақлаб қўйди, тоғлардаги қорлар устига қуёшни келтириб, кам-кам тагидан эритиб, оқизди. Яна баланд-баланд тоғларнинг тепасига сақладики, эриганда шундай тезлик билан оқсинки, ҳар қандай ўнқир-чўнқирлардан ўтиб бандаларнинг эҳтиёжигача етиб борсин. Энди булар сой, дарё, ариқ бўлиб бизнинг эшигимизнинг олдигача етиб келади.

Ёки яна бир кўриниши Аллоҳ таоло дунёнинг у четидан бу четига оқиб юрадиган ер ости дарёларини ҳам яратиб қўйдики, уларни ер табақаларидан тозалаб хоҳлаган ерингизни кавласангиз сув чиқиб туради. Мана шу ишларда бизларнинг ҳеч қандай хизматимиз йўқ. Ҳеч бўлмаса, 10 метрлик қувур олиб эшигимиз олдигача келтиришимиз мумкин, холос. Шу иш учун неча кун уринамиз. Лекин Аллоҳ таоло қанча-қанча махлуқотларни хизмат қилдириб қўйиб, эшигимизни олдигача олиб келган.

Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда суга ҳожати тушиб туради. Уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам ўйлаб кўрмайди. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб ўрганиб қолган. Уларга бу нарса ўзи шундоқ бўлиши керакдек кўринади. Шунинг учун ҳам, ҳаёт манбаи бўлган сувни берган зотни унутиб қўямиз. Лекин бир тасаввур қилиб кўринг-а

“Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз”

У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади. Шўр сувни қайта ишлаб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак? Қолаверса қайта ишланган сув Аллоҳ берган сувчалик бўладими?! Умуман сувни қайта ишлашни Аллоҳ билдирмаса банда қаердан ҳам била олар эди! Биз ожиз бандалар шукур қиляпмиз-ми? Сув Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъмати эканлигини биляпмиз-ми? Ношукрлик қилимаяпмизми? Эндиликда бизлар мўмин-мусулмонлар ўз ҳолимизга теран назар солайлик.

Ношукрлик қиляпмиз – ариқ, канал ва дарёларимизга ахлатларни чиқариб ташлаймиз, кир сувини, суприндини ташлаймиз, ўлиб қолган ҳайвонларимизни оқизамиз…

Аслида бу ишлар биз мусулмонларга ёт эмасми? Биз бу ишларда бошқаларга намуна бўлишимиз керак эмасми?!

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Каломи мажидида:

“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас (Аъроф, 31), деб айтган.

“Исроф” сўзи асли арабча бўлиб, “ҳисобсиз тарзда ишлатиш”, “ҳаддидан ошиш” каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган одам Аллоҳ белгилаб берган чегарадан чиқиб, У Зотнинг неъматларини ўрнига сарфламаган ёки ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Тилимизда ушбу сўз “нест-нобуд қилиш”, увол қилиш”, “неъматни қадрламаслик” каби маъноларни англатади.

Сувни ҳатто ибодат учун покланиш мақсадида олинадиган таҳоратда ҳам исроф қилмаслик лозимлиги тўғрисида бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар ва бир мудд сув билан таҳорат олар эдилар” (Муттафақун алайҳ). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тахминан, 0,688 литр сув билан таҳорат қилардилар. Бу нарса ҳаммамизга ўрнак бўлиши лозим.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир куни Саъд таҳорат қилаётган чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва унга қарата: “Бу қандай исрофгарчилик, эй Саъд?!” – дедилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” – дея ажабланди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир”, – дея  унга танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Сувни исроф қилишнинг ҳар хил кўринишлари бор. Аксарият машиналарни ювиш учун жуда кўп миқдорда тоза ичимлик сувини ишлатадилар. Бу исрофдир! Баъзида маҳаллалардаги катта кўчаларимизда сув қувурлари ёрилиб, ўнлаб ёки юзлаб хонадонни таъминлашга етарли ичимлик суви йиллаб оқиб ётади. Бу исроф эмас-ми?! Бунга масъул шахсларнинг парвойи фалакда. Бунинг ҳисоби йўқми? Албатта, бор, бу дунёда жавоб беришдан қочишар. Лекин борлиқни баробар кўргучи, билгучи бўлган Аллоҳнинг назаридан четда эмас. Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда жавоб беришлари муқаррар.

Биз ўзимизда бор неъманларни қадрига етиш учун, шу неъматларга зор бўлган жойлардаги инсонларга бир назар солайлик. Бунинг учун узоқ-узоқ юртлар, Африка ёки Арабистоннинг чўлларига эмас, ўзимизнинг юртимиздаги баъзи жойларга назар солсак. Шундай жойлар борки бизнинг уйимиз ичигача сув қувурларида келган сувни улар каттакон сув ташувчи машиналар олиб келишини пойлаб, ўтиб кетиб сувсиз қолмайлик деб кимнидир ўғли, қизи ёки келинини пойлоқчи қилиб қўйишади. Баъзилари ерни кавлаб махсус сув учун жойлар қилиб, олиб келинган сувни қуйиб қўйишади. Ўша сув кўпроқ туриб қолиб, ичида пайдо бўлган турли қурт ва бошқа нарсалардан тозалаш учун сувни докадан ўтказиб, хар бир томчисини тежаб-тергаб истеъмол қилаётганини ойнаи жаҳон орқали кўриб гувоҳи бўлганмиз.

Афсуски, бизлар мўжаз таҳоратхонада сувни шариллатиб оқизиб қўйган ҳолда таҳорат қиламиз. бу исрофгарчилик ва ношукурчиликдан бошқа нарса эмас-ку! Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насиҳатларига қулоқ тутилса, аҳолини сув билан таъминлашдаги кўпгина муаммолар ўз ечимини топган бўлар эди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш дунёвий (глобал) муаммо даражасига кўтарилган бир паллада қўни-қўшни, ёру дўстларимизни сувни тежашга чақирсак, дунёда ютуқларга, Охиратда эса Аллоҳнинг розилига сазовор бўламиз.

 

Олмалиқ шаҳар “Рамазони шариф” жоме масжиди
имом-хатиби Ортиқов Хусниддин