Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Суннатни тирилтириб…

Суннатни тирилтириб…

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят) дея марҳамат қилган оламларнинг Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!

Яратганнинг таълимотини умматига етказиб, Ҳазрати инсон бўлишлари учун жон фидо қилган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саломларимиз бўлсин!

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун ҳар бир жабҳада, ҳаттоки кундалик ҳаётимизнинг арзимас санаганимиз жиҳатларида ҳам муаллимдирлар. Оддийгина таомланишни олсак ҳам, унга доир жуда кўплаб ҳадислар борки, уларга амал қилиб инсон Исломий одобини намоён этади.

Таомланиш одобига доир ҳадислардан бирида қуйидагилар келтирилади:

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Тавротда, албатта, таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир, дейилганини ўқидим. Бас, ўшани Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. У зот:

«Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Ушбу суннатга амал қилганда мусулмонлар учун жуда кўплаб – ҳам тиббий, ҳам эстетик жиҳатдан – фойдалар бор эканлиги ҳақида жуда кўп ўқиганмиз. Асосий масала шундаки, ҳар бир суннатга динимизнинг кўрсатмаси дея амал қилсак, ниятимиз суннатни тирилтириш, шу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқлигимизни кўрсатиш бўлса, Аллоҳ таоло бунинг учун барча дунёвий фойдалардан манфаатдор қилиб қўяди, иншааллоҳ.

Бир куни Имом Раббоний ҳазратлари талабалари билан меҳмондорчиликка борадилар. Дастурхонга таклиф этилганларида Имом Раббоний: “Қўлларимизни суннатлайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан олдин қўл ювишга буюрганлар”, – дедилар. Шунда уй эгаси: “Сув жуда узоқда эди, ҳаво ҳам совуқ”, – деди. Имом Раббоний: “Майли, шундай бўлсада биз суннатни тарк этмайлик”, – деб, талабалари билан қўл ювгани кетишади. Келиб не кўз билан қарашсаки, улар учун тайёрланган гўштдан бир кучукча еб, ўлиб ётарди. Маълум бўлишича, душманлик қилиб, тайёрланган таомга заҳар қўшиб қўйилган экан. Шунда Имом Раббоний кўнгли ҳотиржам, ним табассум билан дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатлари билан жонимиз омонда қолди. Агар барчасига амал қилсак, нималар бўлар экан-а?!”

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтирувчи, муносиб уммат бўладиган бандаларидан қилсин!

Манбалар асосида Бекобод тумани “Амир Ҳамза” жоме масжиди имом-хатиби А.Саиджахонов тайёрлади

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan