Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сўнгги амал…(воқеий ҳикоя)

Сўнгги амал…(воқеий ҳикоя)

Абдукарим ҳожи ота одатига кўра бу тонг ҳам эрта турди.

Таҳорат олиб, чопонини кийиб масжидга отланди.

Имом кўринмагач, жамоатга намозни ўқиб берди. Намоздан сўнг Аллоҳни улуғлаб тасбеҳ, таҳмид, такбир айтди. Муборак кун тонгида яхши ният, яхши дуо ила элу-юртнинг тинчини сўради. Намозхонлардан бири Қурьон тиловатини бошлади. Кутилмаганда ҳожи отанинг кўзлари юмилиб, секин ёнбошларига оға бошлади. Яқинроқ ўтирган йигит суяб қолишга улгурди. Тезда шифохонага олиб боришди, аммо кўп ўтмай ҳожи ота омонатни топширди.

Бу нохуш хабар баьзиларни сергаклантирди:

«Йўғэ, кечагина яхши эди-ку».

«Қандоқ ҳам яхши одам эдилар-а!»

«Охирати обод бўлсин, сафимиздан биттага камайдик», – дейишди жамоадошлари.

Ҳожи отанинг жанозаси жума намозида ўқилди.

Масжид имоми марҳумга шундай таьриф берди:

“Биродарлар бугун жанозасини адо этаётганимиз бу инсон кўп яхши одам эдилар. Ўлимлари ҳам жуда гўзал тарзда бўлибди, ҳавас қиларлик ҳолат. Зиммаларидаги фарзни адо этибдилар-у, жон таслим қилибдилар. У кишининг сўнгги амали намоз бўлибди, ундан кейин бирор ишга улгурмабдилар”.

Жамоат бир қалқиди-да, «Аллоҳ раҳматига олсин!» – деган сўзлар эшитилди. Бу сўзлар шунчаки тил учида эмас, балки қалб тубидан чиққанлигини англаш мушкул эмасди.

Намозни ҳаёт мазмуни, кўз қувончи деб билган кишилар учун Аллоҳ уларнинг сўнгги амали намоз бўлишини ирода қилса, бандасини икром этгани демакдир. Кимдир жиноят, яна кимдир маьсият устида жон таслим қилмоқда-ку. Инсон ҳаёти давомида қай бир ишни муҳим деб билса, доим шу иш ҳақида ўйласа, уша иш ила машғул бўлса, умрининг охирида ўша иш устида ўлади, деган гап бежизга айтилмаган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, ким нимани яхши кўрса, ўшани кўп эслайди деганида намозни зикр килдилар».

Сўнгги амалимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган намоз бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!

Отамиз жаннатдан тушган, яна ўша гулшан – жаннат сари интилмоқ бизнинг асосий вазифамиздир. Бунда ҳам НАМОЗ, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Оҳангарон тумани “Чил-қори” жоме масжиди

имом-хатиби Орифжон Хусенов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]