Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Суиистеъмол қилинаётган умр

Суиистеъмол қилинаётган умр

Ҳозирги кунда мамлакатимизда муҳтарам юртбошимиз томонидан ҳар бир соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар сабабидан халқимиз ўз қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириши, истеъдод ва қобилиятларини намоён этишига имконият бермоқда. Шу ўринда, ушбу ислоҳотлар динимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Масалан, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Ислом олийгоҳлари, илмий марказларнинг очилиши, Қуръон мусобақаси ва бошқалар. Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларга даъват этувчи диндир.

Динимиз таълимотида ер юзини обод қилиш, яхши ишларни амалга ошириш, Аллоҳ берган неъматларидан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, бировнинг молига-жонига қасд қилиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш каби ишлар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади.

Динимизнинг асослари бўлмиш Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номусига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун бир маротаба бериладиган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган имконият ва масъулиятдир. Аллоҳ таоло одамларга шундай имконият ва масъулиятни берган экан, инсон бу неъматни қадрламоғи, бунинг учун шукроналар қилмоғи, қолаверса, Аллоҳ таоло берган шундай даражага мос ҳолда яшамоқлик лозим бўлади. Уни суиистеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилган одамни Аллоҳ таоло кечирмайди.

Қуръони Каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким ҳаддан ошиб, зўравонлик билан шундай қилса, Биз уни дўзахга киритажакмиз. Бу Аллоҳ учун осон бўлган ишдир” (Нисо сураси, 29-30-оят).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. Яна ҳадисда: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”, – деганлар (Муттафақун алайҳ).

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда ва ёшларда хаётнинг айрим муаммоларига сабру матонат етишмай, ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётига ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудҳиш ҳолатлар нафақат Ислом таълимоти, балки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир. Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра, исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имом-хатиблари жаноза намози ўқиши дуруст эмас дейилган.

Ҳар биримиз ёшлар тарбисида эътиборли бўлиб, уларни миллий, диний қадриятларимизга амал қилган ҳолда таълим тарбия берсак, орзу-хавас кўрсатадиган, динига, халқига ва жамиятга фойдаси тегадиган ҳаётнинг баъзи муаммоларига дуч келганда ўзини йўқотиб, юқоридаги номаъқул ишларни қилиб, ота-онасини юзини ерга қаратиб кетадиган эмас, балки жисмонан, руҳан тетик ва маънан соғлом, етук фарзандларни вояга етказган бўлардик. Шундагина бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга озгина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшган ҳисобланардик.

Пискент тумани бош имом-хатиби
Зайнилобиддинхон Қудратов

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan