Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СОЛИҲ АМАЛ НИМА?

СОЛИҲ АМАЛ НИМА?

Аллоҳ таоло ҳар бир бандани солиҳ амаллар қилишга буюради, ҳатто бу ишга шошилишга ундайди. Қуръони каримда: «Албатта, яхши амаллар қилишга шошилингиз. (Ҳадемай,) барчангизнинг Аллоҳга қайтишингиз бордир» (Бақара сураси, 148-оят).

Ҳар биримиз ҳар соатда, ҳар куни, ҳар ҳафта, қанчадан-қанча солиҳ амаллар қиламиз. “Солиҳ амал” деганда, тоат-ибодат, имон, ихлос, намоз, рўза, закот, ҳаж ҳамда бошқа барча эзгу амаллар тушунилади. Ростгўйлик, ҳалоллик, ота-онага яхшилик қилиш, қавм-қариндош, қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш, етим-есир ва мискинларга ёрдамлашиш ҳатто наботот, ҳайвонот, жамодот оламига яхши муносабатда бўлиш ҳам солиҳ амаллардандир.

Солиҳ амалларимиз Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўляптими? Очиғи, бу масалани кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аслида, бирор солиҳ амални, яхши ишни қилиш – фазилат. Солиҳ амалимиз Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлаётган ёки бўлмаётганини ўйлаб юришимиз керак.

Солиҳ амалларимиз қабул бўлишининг шартлари, талаблари кўп. Уламолар шулардан учтасини алоҳида ажратиб кўрсатишган.

1. Имон, яъни мўмин-мусулмонлигимизни ёдда тутган ҳолда, солиҳ амаллар қилишимиз керак. Қуръони каримда: «Кимда ким, эркакми у, ё аёлми у, мўмин ҳолида бирор яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт ато этурмиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Амаллар қабул бўлишида имоннинг асосий шартлардан бири эканига яна бир далил шуки, Қуръони каримда “солиҳ амал қилганлар” сўзидан олдин, албатта, “имон келтирганлар” деган лафз келади.

2. Ихлос. Амаллар қабул бўлишида ихлоснинг ўрни катта. “Ихлос” деганда, солиҳ амални Аллоҳ таоло кўриб турганидек ёки У мени кўриб турибди, деган тушунчада қилиш тушунилади.

3. Ўша амални тўғри бажариш. Мўътабар китобларда қандай ёзилган бўлса, шундай бажаришдир. 

Уламолар солиҳ амал қилишда унинг қабул бўлишида, ниятни муҳим омил, дейишади. Ниятни ҳам тўғри қилиш керак. Амаллар қабул бўлишида яна бир муҳим омил – бу ҳалол луқмадир.

Инсон, аввало, луқмасини, касб-корини ҳалолдан бўлишига қаттиқ эътибор қаратиши керак. Шунингдек, қилаётган солиҳ амалларимиз ширкдан, риёдан, тамадан, кибрдан холи бўлиши керак.

Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизни даргоҳида қабул айласин. Ажру мукофотини кўпайтириб берсин.

Нуриддин ҲОШИМОВ,

Янгийўл туманидаги “Гулбаҳор” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]