Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / СОХТА ПИР – ТАРИҚАТ ДУШМАНИДИР

СОХТА ПИР – ТАРИҚАТ ДУШМАНИДИР

Бизнинг бобоколонларимиз азалдан тариқат бўстонида сайр этиб, у ердаги чаман бўлиб очилган гуллар ифоридан бахраманд бўлганлар. Шариат аҳкомлари ила тариқат манзилини макон тутиб, у маконга бориш йўлларини, қоида-қонунларини ёзиб, кўрсатмалар бериб улкан мерос қолдирганлар. Ушбу китобларни мутолаа қилиб, маъно мазмунини англаб, тариқат бўстонидаги гўзал манзараларга истовчиларни сайр эттириш бугунги куннинг хақиқий забардаст пирларининг вазифаларидандир. Агар бу вазифалар ўз ўрнида бажарилмаса, шу ерда қандайдир бўшлиқ пайдо бўлса, бу имкондан фойдаланган сохта пирлар бўш қолган жойни тўлдириб, тариқат бўстонидаги ифор таратиб турган гулларни беаёв пайхон қиладилар. Зеро, сохта пир – тариқат душманидир. Чунки сохта пир бўлмаса, сохта тариқатчи ҳам бўлмас эди. Алломалар, авлиёлар, олимлар макони бўлган юртимизда сохта пирларга ҳам, сохта тариқатчиларга ҳам ўрин йўқ. Аммо масаланинг иккинчи тарафи бор. У ҳам бўлса юртимизда азалдан ривожланиб келган тариқат илмини истовчиларга софлигича етказиб бериш. Бу вазифани ким қилади? Қачон қилади? Ўзбекистонимизда комил пирлар бўлса, у ҳолда сохта тариқатчиларга нима учун раддиялар бермаяпти? Ана шу саволларга жавоб топилса, пири комиллар ўзини ошкор қилса, меҳнаткаш, софдил халқимиз сохта тариқатчи деган хунук номдан садоқатли, имонли, тақводор тариқатчи деган номга эга бўлар эдилар.

Ҳозирги кунда ўзини пир деб танитаётган баъзи кишилар пирлик вазифаси у ёқда турсин, муридликка ҳам лойиқ бўлмайдиган кибр соҳибларидир. Менинг таклифим, Ўзбекистон мусулмонлар идораси қошидаги уламолар ҳайъати юртимизда фаолият кўрсатаётган барча тариқат пешволари билан суҳбат ўтказиши ва уларнинг хатолари бўлса очиқ юзларига айтиши, ҳатто баъзиларининг пирлик вазифасини тўхтатиши лозим. Ана шунда кўп масалалар ижобий ҳал қилинади. Ривоятларга кўра бир соҳиби каромат киши ўзига муносиб пир топиш мақсадида сафарга чиқибди. Сафар мобайнида чарчаб, чанқаб бир қишлоққа кириб келибди. Йўл четида пиёз ўтоқ қилаётган мўйсафиднинг ёнига борибди ва салом-аликдан кейин бир коса сув сўрабди. Чол сув келтириш учун уйига кириб кетибди. Шунда ҳалиги киши пиёз ичидаги бегона ўтларнинг кўплигини кўриб чолга раҳми келиб ўтларга: “ Эй пиёз ичидаги бегона ўтлар қани ҳаммангиз жойларингиздан чиқиб бир четга жойлашинглар”, дебди. Барча ўтлар бир жойга жам бўлибди. Сув келтирган чол келиб қараса пиёз ўтоқ қилиниб, бегона ўтлар бир уйим бўлиб турибди. Шунда чол меҳмонга қараб: “Меҳнатсиз қилинган иш билан фароғатга етишиб бўлмайди”, дебди-да ўтларга қараб:” Эй ўтлар тўдаси тезда жойларингизни эгалланглар”, дебди. Барча ўтлар яна жойига қайтибди. Буни кўрган меҳмон хатосини англаб етиб чолга мурид бўлибди. Бу жойдаги бўлиб ўтган воқеадан жуда катта ибрат олса бўлади. Мурид тушган киши ўзи соҳиби каромат бўла туриб, тариқат йўлида хато қилганлиги бўлса, пир бўлган киши бир сонияда каромати билан бажарадиган ишни икки соатлаб чин сабр ила ўз меҳнати билан бажаришлиги.

Ҳозирги кундаги баъзи тариқат аҳли меҳнат қилмасдан оиласини, фарзандларини қаровсиз ташлаб, биродарлари билан ўн кунлаб сафарда юриши ёки қўшнини уйидан овқат емаслиги шариатга тўғри келмайди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: “Қачон биронтангиз зиёфатга чақирилса, унга борсин. Агар рўзадор бўлса, дуо қилиб ўтирсин ва агар рўза тутмаган бўлса таомидан есин”, дея марҳамат қилганлар.

Шариат истасанг ўлдир илонни

Тариқат истасанг оғритма жонни

Тариқат шоҳсупасига кўтарилган киши ҳатто жонзотга озор бермаслиги керак. Аммо минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир тариқатдаги кишилар қўни-қўшнисига, мусулмон кишиларга бемалол баланд овоз билан озор бермоқдалар. Уларнинг бу ишларини кўриб, беихтиёр “Эй сохта тариқатчи” дейсан киши.

Бўлиб ўтган бир воқеани мисол келтирмоқчиман. Эҳсон бўлаётган жойда бир киши нонни синдириб чап тамонидаги кишининг олдига чап қўли билан нон қўйганида эътироз билдириб: “Бу нонни емайман, чап қўлингиз билан қўйдингиз”, дебди. Шунда нон синдирган киши кўпчилик олдида ҳижолат бўлиб унга дебди: “Хотинингиз нон ёпадими?” “Ҳа, ёпади”. “Унда хамирга чап қўлини ҳам соладику, бунга нима дейсиз?” Ўзини тақводар санаган ҳозирги тил билан айтганда сохта тариқатчи жим бўлиб қолибди.

Ҳаким Термизий ҳазратларининг “Оқиллар ва алданганлар” китобида (Ўзбекистон мусулмонлари идораси Имом Термизий халқаро илмий –тадқиқот маркази 2017 йил) шундай ёзилган: “ Булар шарманда бўлган муридларнинг хатолари. Тутган йўли хато, нафс истакларига боғланганлари фош бўлган содиқларнинг шармандалиги. Шу сабабли Аллоҳнинг ғазабига йўлиққанлар. Бу ғазаб улар Аллоҳга етишиш истагидан дунё матолари, истакларига эришиш, нафсни хурсанд қилиш учун талашиш истаги билан алмашганида бандаларнинг қалбларида зоҳир бўлган. Улар дастлаб Аллоҳга етиш учун нафснинг алоқаларини узган, истакларини рад этган, нафсни хафа қилган эдилар. Кейин эса яна нафс алоқаларини боғлашди, нафсни кўпроқ хурсанд қилишди”.

Ўша даврларда ҳам худди ҳозиргидек сохталик борлиги ва уларга раддиялар ёзилганлиги бу асарда намоён бўлди. Бугунги огоҳлик давр талаби бўлган кунда ҳар сония огоҳ бўлайлик. Сохталик хатони келтириб чиқаради. Хато эса яна хатони келтириб чиқаради. Илму фан ривожланган бизнинг жаннатмакон юртимизда ҳеч бир соҳа ва илмда сохталикка ўрин йўқ ва агар бўлса, жамиятимиз орқага кетиб қолади. Шундай экан, ҳар бир соҳа эгалари ўз касбига эътиборли бўлиб, боболардан қолган қимматбаҳо илму фан меросини кўз қорачиғимиздек сақлашлигимиз керак.

“Амир ўғли Хасанбой” жоме масжиди имом ноиби Отабек Боқоний

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan