Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Соғиндим дада…

Соғиндим дада…

– Достонбек! Тур болам, боғчага боришинг керак.

Тўрт ёшга тўлиши яқинлашаётган бола тўшагидан тургиси келмас эди. Уйқуси келаётганидан эмас, аллақачон йиғлаб ҳам бўлган. Кўзлари жиққа ёш эди.

Онаси:

– Турасанми!?

– Ойи, дадам келдими?

– Йўқ, келмади ҳали. Келади, сен туриб кийинавергин.

– Алдаманг. Бугун ҳам эртага ҳам келмайди. Нега алдайсиз.

Онаси келиб эшикка суянганча:

– Нега ундай дейсан? Келмаган дадангку, мени нима айбим бор?!

– Сиз келади дегандингизку! Ёки кетамиз уйга.

– Қандай кетамиз, даданг ўзи ҳайдаб юбордику ахир.

– Сиз гап қайтармаганингизда ҳайдамасди.

– Дадангни ўзи ичманг десам ичдику, нима қилай мен ҳам?!

Аёл шу гапларни айтиб кўзларига ёш олди. Йиғлаётган онасини кўриб Достонбек ҳам йиғлаб:

– Дадамни соғиндим,- деди.

– Соғинган бўлсанг бор кетавер!

– Нега, сизчи? Дадамга борсам сизни соғинаман. Сиз билан бўлсам дадамни соғинаман. Нега бирга яшамаймиз?

– Ўчир овозингни! Ярамас дадангни ўзи ҳайдадику бизни.

– Ундай деманг!

– Яна борсак яна ичиб келади, ўтган сафар урганига ҳам чидаганман, – зорланарди онаси.

– Бор боғчангга йўқол, кўзимга кўринма. Дардим бошимдан ошиб ётибди. Сен кам эдинг ўзи.

Достонбек йиғлаб-йиғлаб кийинди. Ҳеч нарса емай чиқиб кетди.

– Дада , дадажон! Нега келмайсиз? Бизни олиб кетинг. Сизни соғиндим. Сизни соғиндим. Соғиндим дада…

Бундай зорланиб йиғлаётган, қалблари чилпарчин бўлаётган болаларни сони кам дейсизми!? Мен Достонбек мисолида сизга шуни айтмоқчиман: “Эй ота-оналар, сиз ота ёки она бўлишга лойиқ бўлмасангиз болада нима айб!? Сиз оилада эрнинг бурч, мажбуриятлари нимаю, аёлнинг вазифалари нима эканлигини билмаганингиз оқибатида уруш-жанжал қилиб, қўйди-чиқди қиласиз. Турмушингиз меваси, Аллоҳ таолонинг неъмати болангизда нима гуноҳ!? Тайёр эмас экансиз нега турмуш қурдингиз!? Сиздан илтимос, болани зорлатманг. Аллоҳдан қўрқинг. Яратгандан қўрқинг. Оламлар Раббисидан қўрқинг!!!

Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди

имом-хатиби Эрали Сариев