Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ҳадис / Сизларнинг яхшиларингиз…

Сизларнинг яхшиларингиз…

عن عثمان -رضي الله تعالى عنه- قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ( خيركم من تعلم القرآن وعلمه ) أخرجه البخاري 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир” (Имом Бухорий ривояти). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сизларнинг энг яхшиларингиз”, деган сўзлари замирида афзаллик ётади.

Илмлар ичида энг афзали Қуръон илмидир. Муаллимларнинг энг афзали Қуръонни ўргатувчидир. Илм толиблари ичида энг афзали Қуръонни таълим олувчидир.

Қуръонни таълим берувчи ва уни таълим олувчи учун дунёда, қабрда ва охиратда яхшиликлар бор.

Дунёдаги яхшилиги шуки, Муқаддас Ислом динимиз таълимотларида Қурони Каримни яхши ўқийдиган инсон имомликка ўтишга энг ҳақли ҳисобланади.

Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таолонинг Китоби (Қуръон)ни яхшироқ ўқувчи қори қавмга имомлик қилади. Агар улар қироатда тенг бўлсалар, у ҳолда суннатни яхшироқ билувчи (имомликка ўтади)…” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).

Ушбу ҳадисда Қуръони Карим ҳамма нарсадан муқаддам қилинди. Мол-дунё ҳасаб-насаб ва бошқа дунё матоҳлари Қуръони Каримнинг ортида қолади.

Қолаверса, Қуръони Каримни яхши ўқийдиган инсон учун Аллоҳ таоло шу дунёнинг ўзида кўп яхшиликларни тайёрлаб қўйгандир.

Қабрдаги яхшилик эса,

Ухуд ғазотида жангда ўлдирилганларнинг сони кўп эди. Саҳобаларга ҳар бир маййит учун биттадан қабр кавлаш машаққат бўлгани учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан битта қабрга икки ёки учтадан маййитни кўмишга ижозат сўрадилар. Уларга изн бердилар. Ул зоти бобаракотнинг ўзлари бу ишда бошқош бўлдилар. Ҳар бир қабрнинг бошига келар эдилар. Бир маййитни дафн қилиш учун келтирилса: “Бу маййитлардан қайси бири Қуръондан кўпроқ олган?” – деб сўрар эдилар. Агар икки маййитдан бирига ишора қилинса, ўша маййит шеригидан олдин дафн қилинар эди.

 Охиратдаги яхшилик эса,

قال صلى الله عليه وسلم: يقال لقارئ القرآن اقرأ وارق ورتل كما كنت ترتل في الدنيا فإن منزلتك عند آخر آية تقرؤها

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар” ( Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадиси шарифда Қуръонни ўрганиш, ёд олиш, унга амал қилиш, ундаги гўзал одоблар ила одобланишга тарғиб бор.

Бу ҳақда салафи солиҳлардан кўп дурдоналар келган.

Бир улуғ зот ўзининг талабасига насиҳат қилиб:

– Эй ўғлим, сен илм талаб қилиб ўрганаяпсан. Ўзингга Қуръони Каримдан маълум бир миқдорини ўқишни одат қилгин! Агар сен ўша миқдорни давомий тарзда ўқисанг, Аллоҳ таоло сенга илм эшикларини очиб қўяди. Ўқувчи:

– Мен устозимни айтганларини тажрибада синаб кўрдим. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло менга илм эшикларини очиб қўйди,деди.

Ҳар бир толиби илм ўзига Қуръон тиловатидан насиба олиши лозим. Шу билан бир қаторда, гуноҳ, маъсиятлардан ҳам тийилиши зарур. Чунки улар Қуръонни фаҳмлаш ва ёд олишдан тўсади.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме

масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов