Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Синов ва сабр

Синов ва сабр

Шу кунларда халқимиз бошидан синовли кунлар ўтмоқда. Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек: «…Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор…» Ушбу сўзлар ҳозирги кунимиз ҳақидаги айни ҳақиқат. Бу оғир синовли кунларни саросимага тушмай, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишини, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, Аллоҳ таолога дуою истиғфорлар айтиб, ўз уйларимизда қолган ҳолда ўтказишимиз жуда муҳим. Бу кунлар аслида биз учун берилган бир имконият эканлигини англаган ҳолда, Яратганга яқинлашиш фурсатларини ғанимат билишимиз даркор.

Аёл-қизлар, уй бекалари оила даврасидаги ширин мулоқотлардан баҳраманд бўлиш билан бир қаторда, фарзандларининг ёки набираларининг илм олишларида бевосита иштирок этмоқдалар. Онлайн дарсларни биргаликда кузатиб, ёшлик дамларини эсга олиб, улар билан биргаликда завқу шавқ билан фанлардан вазифалар бажармоқдалар. Шунингдек, ибодатларга бел боғлаб, зикру дуолар, истиғфорлар ўқиб, Рамазоннинг келишини интиқлик билан кутиб, қилинган дуолар ушбу улуғ кунларнинг шарофатидан албатта ижобат бўлишига умид қилиб, саъй-ҳаракат этмоқдалар.

Ҳар бир даврда, ҳамма замонда ўзбек аёллари оила бошлиқлари учун кўмакдош, яхши маслаҳатчи бўлиб келишганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай синовли кунларда ҳам, аёл-қизлар томорқалардан, бир парча ердан ҳам унумли фойдаланиш юзасидан ғайрат кўрсатиб, экин-тикин ишларида жонбозликларини аяшмаяпти. Таъкидлашни хоҳлардикки, буларнинг барчасини улар уйда, яқинлари даврасида қолган ҳолда амалга оширмоқдалар ва шу билан карантин қоидаларига амал қилиб, балонинг тезроқ кўтарилишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Лекин, афсуслар бўлсинки, орамизда шу синовли кунлардан тўғри хулоса чиқазмаётганлар ҳам учраб турибди. Карантин қоидаларини бузиб, ҳуқуқбузарлик содир этаётганларнинг сони кўплиги инсонни ташвишга солади. Хизмат юзасидан айрим оилавий жанжаллар, эру хотин ўртасидаги келишмовчиликларнинг мана шундай оғир паллада ҳам тинмаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Сабаб эса оддий – ношукрлик, бекорчилик, тўқликка шўхлик…

Аллоҳ таоло бизга фурсат берди, имкон тақдим этди. Ундан фойдаланиш, ажру савобларга эга бўлиш фақат ва фақат ўзимизга, меҳнатимизга, уринишларимизга боғлиқ. Зеро, Аллоҳ таоло Каломида шундай марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили) ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси 155-оят).

Ва яна Роббимиз бизга хитоб қилиб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Бақара сураси 153-оят).

Аллоҳ таоло қилинган амаллар учун ажру савобларни беҳисоб қилиб берадиган Рамазон ойига ҳам оз қолди. Яратган ушбу ойни гўзал ибодатда, зикру дуода ўтказишлигимизни, дуоларимиз мустажоб бўлишлигини насиб этсин!

Янгийул тумани бош имомхатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ханифахон Нишанова