Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сийрат – суннат жавҳари

Сийрат – суннат жавҳари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча замонларда У зотнинг сийратларидан катта фойда олиб, уни жамлаб, келгуси авлодларга бир омонат сифатида ўргатиб келмоқда. Ёш авлод вакиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танишлари учун ҳозирги асримизда ҳам, олдинги асрларда ҳам талабаларга сийрат дарсларидан таълим-тарбия берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини энг биринчи бўлиб саҳобалар ўзларидан кейинги тобеъинларга, улар эса ўзларидан кейингиларга ўргатиб, бу омонатни ҳозирги кунимизгача етиб келишига сабабчи бўлдилар. Ислом олимлари, албатта, сийрат илми тарихида бирорта ҳодиса ёки воқеа унитилиб кетса, инсоният жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлишини таъкидлаганлар. Сийрат − бу суннат ва ҳадисларнинг жавҳари ва асосидир. Маърифат ва илм саҳифаларида у доимо ҳозир-у нозир бўлади. Ҳар бир мусулмон киши у қандай бўлишидан қатъий назар сийратни билиши лозимдир!

Абу Абдуллоҳ Ҳоким Найсабурий (406/1015 йилда вафот этган) ҳадис илмидаги 48-турни зикр қила туриб, шундай деган:

“Ҳадис илмининг бу тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларини билишдир. У зот юборган сариялар, қайси саҳобаларни элчи қилиб юборганлари, мушрикларнинг подшоҳларига ёзган мактублари, бу хабарларнинг қайси бири тўғри ва қайси бири шоз ривоят эканлигини билиш лозим. Чунки бунинг натижасида ўқувчи жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳар бир саҳоба нима билан синалгани, улардан ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан собитқадам бўлгани, ким урушлардан қўрқоқлик қилиб қочгани, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғалабалари учун ёрдам бергани, ким мунофиқлик қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангда тушган ўлжаларни қандай тақсимлаганлари: кимга кўпроқ бердилар, яна кимга камроқ (масалан, отлиқларга пиёдалардан кўпроқ улуш) бердилар ва яна бир қавм хиёнат қилганда уларга қандай жазо берганларини билиб олади. Юқоридагиларни билиш олим учун зарурдир!”

Мусулмон киши сийратни жуда яхши билмоғи лозим. Чунки мусулмон киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўймоғи ва у зотга эргашмоғи учун У зотнинг ахлоқлари ва ҳаётлари ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Бундай маълумотларнинг ҳаммасини жамланган ҳолда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан  топади.

Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Қавоъидул аҳком” китобида қуйдаги сўзларни келтирган:

“Билингки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари каби одоб ва У зотнинг ахлоқлари каби ахлоқ ҳеч кимда йўқ. Аллоҳ таоло кимга У зотнинг ахлоқлари билан хулқланишни ва У зотга эргашишни насиб этган бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзи у бандага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланишга ва У зотга эргашишга ёрдам бериб қўяди. Натижада, у банда сийрат ва суннатни ўзида энг кўп жамлаган кишига айланади. Суннатга эргашган ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини суннат қилиб олган, йўлларини тутган, қалби У зотнинг муҳаббати билан тўлган киши қандай ҳам бахтли инсон!”

Аллоҳ таоло: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси 31-оят) ва “Агар унга бўйин сунсангиз, ҳидоят топурсизлар” (Нур сураси 54-оят) яна бошқа бир оятда “Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб сураси 71-оят), деб марҳамат қилади. Қандай ҳам бундай бўлмасин ахир, Аллоҳ таоло “Албатта сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам сураси 4-оят) деганку! У зотнинг буюк мақталган хулқлари Қуръонга эргашганларида эди. Қуръон эса, У зот олиб келган Китоб бўлиб, суннатга эргашишга далолат қиладиган амрни ўз ичига олади.

Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan