Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сийрат илмининг буюк устози-2

Сийрат илмининг буюк устози-2

Китобнинг қўлёзма нусхалари: Имом Термизийнинг шамоил китоблари ислом оламида энг кўп тарқалган китоблардан бири ҳисобланади. Бунга бир неча сабабларни келтириш мумкин:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китоби Аллоҳ таолонинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлгани учун ислом уммати бу китобни жидду жаҳд билан ўрганишга ҳаракат қилган.
  2. Имом Термизий ҳадис илмида иқтидо қилинадиган (эргашиладиган) Имомлардан бўлгани учун оми халқ ва олимлар орасида китоб кенг тарқалган.
  3. Имом Термизий нафақат олим, балки жуда тақводор зот бўлганлар, бу ҳам китобнинг кенг тарқалишига сабаб бўлган. Бундан ташқари бошқа кўплаб сабабларни ҳам келтириш мумкин.

Китобнинг қўлёзма нусхалари сони ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг аниқ ададини аниқлаш жуда мушкул. Китобнинг қўлёзмалари қанча эканлигини аниқ айтиб бўлмайди. Чунки баъзи қўлёзма нусхалар шахсий фондларда сақланаётган бўлиши мумкин. Жумладан, Дамашқдаги Асад кутубхонасининг ўзида китобнинг 23 та қўлёзма нусхаси бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги “Шамоили Муҳаммадия” китобининг қўлёзма нусхалари қуйидагилар:

  1. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган форс тилидаги шарҳ. Шарҳловчи Абул Хайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳондир. Бу китоб “Шамоили Муҳаммадия” асарининг форс тилига таржимаси бўлиб, аввал арабча матн ёзилган. Сўнгра ёзув остидан форсча ёзилиб, кенг услубда шарҳланган. Қўлёзманинг охирги 10 вараққа яқин қисмига бир оз шикаст етган. Ҳаммод ибн Саламадан ривоят қилинган ҳадис билан тугаган бўлиб, тўлиқ ҳолатда эмас. 299 варақдан иборатдир. Китоб № 2351 рақам остида сақланади.
  2. “Жаму-л-Васоил шарҳ Шамоил” китобининг қўлёзма нусхаси № 422 рақам остида сақланади. Бу нусхада бир жилдда китобни ҳаммаси жамланган. Ушбу қўлёзма жуда равон насх хатида ёзилиб, ҳижрий 1231 сана Рабиул-аввал ойида тугалланган.
  3. “Шамоили Муҳаммадия” китобига ёзилган арабча шарҳ. Шарҳловчининг исми номаълум, чунки қўлёзманинг аввалги ва охирги варақлари йўқ. Қўлёзма 639 варақдан иборат. Ҳар бир бетда 19 та қатор бўлиб, № 461 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 555 санада ёзилган.
  4. Жамланма китобда келган қўлёзма нусха бўлиб, № 441 рақам остида сақланади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 1350 санада ёзилган.
  5. “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ҳижрий 990 санада Маккаи Мукаррамада ёзилган қўлёзма нусхаси. У 90 варақдан иборат бўлиб, № 481 рақам остида сақланади.
  6. Ушбу қўлёзма XVI асрга оид бўлиб, 104 варақдан иборат. 1980 йилда “Шамоили Муҳаммадия” китобининг ушбу қўлёзмаси офсет босмада чоп этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши собиқ Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳайъатининг раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон Ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган. Ушбу қўлёзма бобларининг боши қизил рангда бўлиб, чиройли насх хати билан ёзилган. Ҳошиясида бошқа нусхалардан ривоятлар бор. У № 2797 рақам остида сақланади.

 «Шамоил Муҳаммадия» асарига ёзилган шарҳлар: “Шамоили Муҳаммадия” асарига кўплаб шарҳлар ёзилган. Уларни бирон бир адад билан чегаралаш мумкин эмас. Кўпчилик тадқиқотчилар китоб таҳқиқини келтиришдан олдин китоб муаллифининг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида бир оз сўз юритадилар. Сўнгра китобнинг аҳамияти ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида маълумот берадилар. Ҳудди шунингдек, “Шамоили Муҳаммадия” китоби борасида тадқиқот олиб борган олимлар унга ёзилган шарҳларни келтирганлар. Уларнинг баъзилари ўнта, баъзилари йигирмата шарҳни келтирган. Ҳозиргача қилинган тадқиқотларда энг кўп шарҳларнинг номларини жамлаган тадқиқот бу Абдуҳ Али Кушкнинг тадқиқоти бўлиб, унда 72 та шарҳнинг номи ва муаллифлари исмлари келтирилган. Аммо илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, китобга ёзилган шарҳлар 80 тадан ошиқроқ бўлиб, уларнинг номлари тарих китобларида келгандир.

Улардан машҳурлари:

  1. “Иттиҳафатур-Роббонийя бишарҳиш-шамоили Муҳаммадия” – Аҳмад ибн Абдулжаввод Думий.
  2. “Аъзобул-манохил ала шамоил” – Аҳмад ибн Жаъфар Каттоний.
  3. “Аснал-васоил би шарҳиш-шамоил” – Аллома, муҳаддис, муфассир, муаррих Наҳвий Исмоил ибн Муҳаммад Ажлуний.
  4. “Ашрофул-васоил” – Исмоил Муфид ибн Али Аттор Румий.
  5. “Ашрофул-васоил ила фаҳмиш-шамоил” – Фақиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Маккий, Ҳайтамий, Ансорий.
  6. “Ашрофул-васоил шарҳи шамоил” – Сайфуллоҳ ибн Нуруллоҳ Бухорий, Деҳлавий.
  7. “Ақробул-васоил фи шарҳиш-шамоил” – Ҳофиз Муҳммад ибн Абдураҳмон Саховий.
  8. “Анжаҳул-васоил” – Абулқосим ибн Муҳаммад ибн Абулбарокат ибн Махлас.
  9. “Туҳфатул-ахёр ала шамоилил мухтор” – Муҳаддис Абулҳасан Али ибн Аҳмад Ҳурайший.
  10. “Ровзул-азҳар фи шамоил Набий мухтор” – Абдуссалом ибн Аҳмад Имроний Фосий.
  11. “Дурару фазоил-шарҳ шамоил” – Алимуддин ибн Фасиҳиддин Қоннужий.
  12. “Заҳрул-хамоил ала шамоил” – Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий.
  13. “Турар ала шамоил” – Ориф Абу Зайд Абдураҳмон Фосий.
  14. “Шарҳ шамоил” – Абдураззоқ ибн Абдулмуҳсин Бадр.
  15. “Итру шазий фи шарҳ мухтасар шамоил Термизий” – Фақиҳ Абдулмажид Шурнубий, Азҳарий.
  16. “Ихтисор шарҳ шамоил ли жассус” – Муҳаммад ибн Ҳасан Ҳажавий.
  17. “Фатҳул-айман мақбул вал-шарҳ муҳда ашроф росул” – Фозил Муҳмуд ибн Абдул Муҳсин ибн Муваққеъ Шофеий.
  18. “Фаваид жалилатул-баҳийяту ала шамоили Муҳаммадия” – Муҳаддис, фақиҳ, Муҳаммад ибн Қосим ибн Жассус.
  19. “Китабату ала шамоил” – шайх Али ибн Зайниддин Ужҳурий.
  20. “Кашфул-фазоил” – Нур ибн Муҳаммад Кошоний.
  21. “Мухтар мин шарҳил” – Ҳасан ибн Исҳоқ ибн Маҳдий.
  22. “Маваҳибул-ладунийя ала шамоил Муҳаммадия” – Шайх, Иброҳим ибн Муҳаммад Бажурий.

               Шамоил Муҳаммадия асарига форс тилида ҳам шарҳлар ёзилган бўлиб, улардан қуйидагиларни келтириш мумкин:

  1. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Ошиқ ибн Умар Ҳанафий.
  2. “Шарҳ” – Шайх Муҳаммад Файз ибн Муҳаммад Биликромий.
  3. “Шарҳ” – Абилхайр Фазлуллоҳ ибн Рузибаҳон.

Туркий шарҳлардан бўлса энг машҳури шайх Ҳисомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Нақшбандийнинг шарҳларидир. Китоб дунёнинг бир нечта тилларига таржима ҳам қилинган. Булар: ўзбек,  инглиз, француз, урду, форс тилларидир. Келтириб ўтилган маълумотлардан Ислом оламида мазкур асарнинг ўрни беқиёслигини англаш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳадис илмининг ривожи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кенг оммага етиб боришида улуғ ватандошимизнинг хизматлари буюкдир. Зеро, юқорида келтирилган уламоларнинг мақтовлари ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Хусусан, у зотнинг “Шамоил” асари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворлари, ташқи кўринишлари, ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида намуна бўлиб, амалга оширган ишларини мукаммал тарзда баён этиб берган. Китобни мутолаа қилган китобхон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танийди. Аллоҳ таоло бу бобокалонимизнинг хизматларини қабул этиб, жаннатдаги мартабаларини юқори қилсин!

Манбалар асосида Тошкент вилояти
Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди
имом-хатиби Мирҳамидов Обиджон тайёрлади

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan