Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шукроналик – олий неъмат

Шукроналик – олий неъмат

Бугун мустақил Ўзбекистонимизда кўпдан кўп фахрланса арзигулик ислоҳатлар, янгиланишлар бутун жаҳон кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Қайси соҳага қарамайлик ўзгаришлар, янгиланишлар. Муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган барча ишлар замирида фақат бир мақсад, у ҳам бўлса, халқ фаровонлиги, халқ тинчлиги, халқ ободлиги. Халқ илмли бўлсин, халқ тўқ фаровон ҳаёт кечирсин, деб тун-у кун меҳнат қилмоқдалар.

Шу ислоҳатлар, ўзгаришлар билан бир қаторда юртимизда Ислом дини ва муҳтарам имом домлаларимизга ҳам эътибор ошди. Бу соҳада ҳам жуда кўп ўзгариш, ислоҳатлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Ислом дини ва унинг соф ақидаларини халқимизга тўғри ва соф ҳолда етказиш имом-хатибларимиз зиммасига юкланиб, уларга катта ишонч билдирилмоқда. Куни кеча мустақиллик байрами арафасида муҳтарам юртбошимизнинг “Шаҳидлар майдони” мажмуасида сўзлаган нутқларида ҳам ҳозирги кунда ҳаётимизда имом-хатибларнинг ўрни беқиёслиги, халққа тўғрилик, ҳалолликни ўргатиш, адашганларга тўғри йўлни маънавият, маърифат, босиқлик билан кўрсатиш кераклиги тўғрисида сўз юритгандилар.

Шу сабабдан Республикамиздаги барча имом-хатибларимизнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон имомларининг таълим савиясини ошириш йўлида янги тизим ишга тушди. Бу тизимга кўра, имомлар имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади ва уч йил мобайнида бакалавр олий шаҳодатномасига эга бўлишади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва унинг жойлардаги филиаллари ташкил этилди. Ушбу марказда бугунги кунда вилоят, туман, шаҳар бош имом-хатиблари ва туман, шаҳар масжидлари имом-хатиблари малакали устозлар томонидан таълим олмоқдалар.

Умумий қилиб айтадиган бўлсак, бугун бизнинг жонажон юртимизга Аллоҳнинг неъматлари беҳисоб ҳолда ёғилмоқда. Энди биз томонимиздан қилинадиган вазифа ушбу неъматларни қадрига етиб, шукрона қилиб, зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш лозим бўлади. Шу ўринда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримасини ёдга оламизки, бу ояти карима албатта барчамизни хушёрликка чорлайди.

  (وَإِذۡ تَأَذَّنَ رَبُّكُمۡ لَىِٕن شَكَرۡتُمۡ لَأَزِیدَنَّكُمۡۖ وَلَىِٕن كَفَرۡتُمۡ إِنَّ عَذَابِی لَشَدِید)

Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг (Иброҳим сураси 7-оят).

Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлигини, ободлигини, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлишлигини сўраймиз. Ҳар бир ўтаётган вақтимизнинг қадрига етиб, ҳар бир неъмат учун Ўзига шукр қиладиган инсонлардан қилишини сўраймиз.

Бўстонлиқ тумани “Олимжон ота” жоме

масжиди имом-хатиби Курганов Фаррух

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan