Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фото / ШУКР БИЛАН НЕЪМАТ ЗИЁДА БЎЛАДИ

ШУКР БИЛАН НЕЪМАТ ЗИЁДА БЎЛАДИ

Маълумки, муборак Рамазон ойи давомида юртимиздаги қатор жоме масжидларда Хатми Қуръонлар ўтказилди. Хатмоналар дилларга хушнудлик, кўнгилларга хотиржамлик, руҳга маънавий озуқа улашувчи ажиб Қуръон байрамига айланиб кетди, десак муболаға бўлмайди. Ана шундай Қуръон кечаларидан яна бири куни кеча Зангиота туманидаги “Андалус” ҳамда “Имоми Аъзам”жоме масжидларида ўтказилди. Хатмонада Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов иштирок этиб, намозхонларни улуғ ой, ғанимат кечалар, яқинлашиб келаётган бетакрор айём билан муборакбод этар эканлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг дуои саломларини ҳам етказдилар.
Шундан сўнг йиғилганларга амру маъруф қилиб бердилар. Улар сўзларида, хусусан, Қуръони Каримнинг Абаса сурасида Аллоҳ таоло: “Ўша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур). (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур. У кунда (баъзи) юзлар ёруғ, шоду хуррам (бўлур). У кунда (бошқа бир) юзлар узра ғубор бўлиб, уларни қоралик қоплар. Ана ўшалар (дунёда яшаган пайтларида фисқу) фужур қилувчи кофирларнинг ўзидирлар” (35-42-оятлар) деб марҳамат қилгани, айнан нозил бўлган шу оятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч-соқолларига оқ тушишига сабаб бўлганлиги, чунки уларда бандаларнинг қиёматдаги ҳолати баён этилганлиги, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ ва бунга шак-шубҳа йўқлиги, Рамазон банданинг Қиёматдаги аҳволини ўнглашга кенг имкониятлар берувчи ой эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, банданинг даражотларини кўтарадиган амал – бу шукроналик эканлиги, шукр билан неъматлар зиёда бўлишини баён қилдилар.
Хатми Қуръон кечаси эзгу тилагу хайрли дуолар, қалблар юмшаб, кўздан шашқатор оққан ёшлар билан якунланди. Иштирокчилар бундай гўзал тадбирни ташкил этган мутасаддиларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар ва ҳақларига дуолар қилдилар.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan