Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шошма! (момомнинг айтганлари)

Шошма! (момомнинг айтганлари)

Болалигимдан ота-онамнинг тарбияларига кўра ёши улуғлар, хусусан катта ёшли қариндошларимизни зиёрат қилишга одатланганман. Бу ишни жуда ҳам хуш кўрар эдим. Ёшим кичик эканлигига қарамасдан қайси бирлариника бормай уйида тўй бошлангандек хурсанд бўлиб, бошлари кўкка етар, келинларига таом пиширтириб, кетишимни ҳеч ҳам хоҳламас, мени ўз фарзандларидек яхши кўрар эдилар. Улардан жуда ҳам кўп нарса ўрганганман. Бугун билсам буларнинг барчаси отам ва раҳматли онамнинг менга берган энг катта тарбиявий совғалари экан.

Ёз кунлари. Одатда қишлоқ дарвозалари доимо очиқ туради. Улар меҳмонни жуда ҳам яхши кўришади. Бир куни тоғам раҳматлининг кампирлари – момомнинг зиёратларига бордим. Қишлоқ кампирлари шу ёшларида ҳам тинч ўтиришмайди.

Момом ҳовли четидаги узум дарахти соясида урчуқда пахта игириб ўтирган эканлар. Суҳбат шундай бошланди:

Ассалому алайкум, менинг Момогинам!

Момом: “Вой-вой… Во алайку ассалом, болам! Кел-кел! Келин, қара мени кенжатойим келди!”, деб ўринларидан енгил қушдек тик турдилар. Икки ўртоқ очомлашиб кўришгандек, мени бағрига маҳкам босдилар. “Сендан Онанг раҳматлининг ҳиди келади-я”, деб икки қаварган ва кексайган кафтлар билан бошимдан тутиб, юзларимдан овоз чиқартириб ўпиб ҳам қўйдилар.

Келинлари уй ичкарисидан янги ва қалин бахмал кўрпачаларни икки қават қилиб тўшади. Ўзлари эса эски, қайта-қайта тикилавериб, кичрайиб кетган содиқ кўрпачалари устидан жой олдилар. Шу кўрпачада бир сир бордек, ундан асло ажралмасдилар.

Мен: “Ташвиш қилманг момо! Яхши ўтирибсизми…”, дея ҳол сўрадим. Момом мен билан суҳбатлашиб, уйдагилар ва соғлигим ҳақида сўради. Кейин устида ўтириб, урчуқда пахта игириб ўтирган содиқ кўрпачаларини қўллари билан оҳиста силаб: “Бу кўрпачани онанг раҳматли менга совға қилган эди. Кенжатой қайнисинглимни жуда ҳам яхши кўрар эдим. Мана ўттиз икки йил бўлибдики унда ўтираман. Бировни ўтқазмайман!”, дея ҳам кулиб қўйдилар. Ушбу бир киши сиғар-сиғмас ҳолатга келиб қолган кўрпачадаги ямоқларни санаб адашиб кетасан киши.

Шундан сўнг ишларим юзасидан ҳол сўради. Мен уларга ишим ва вазифаларим ҳақида соддагина қилиб тушунтирган бўлдим. Улар хурсанд бўлиб, табассум ила бошимдан маҳкам қучоқлаб қўйди. Кейин менга қараб ажойиб бир сўз айтдилар:

“Ҳа болам, ҳаётда ҳеч қачон шошилма. Ҳар бир ишинг, ундаги қарорларингни етти ўлчаб, бир кесгин. Ахир, келажак Сиз ёшларники!”. Ушбу сўзларига зарбул масал қилиб, ўзларининг содда ва жайдари

шеваларида: “Жугуриб жетган жерингга журиб ҳам жетасан!”, дея қўшимча қилиб қўйдилар.

Қари билганни пар билмас, деб шуни айсалар керак-да!

 

Зангиота тумани бош имом-хатиби

НУРАЛИ Мавланов