Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шиаларнинг асли

Шиаларнинг асли

Ҳаммамизга маълумки, уламолар нажот топувчи йўналиш – бу “Аҳли Сунна вал-Жамоа” эканига иттифоқ қилишган. Бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92,5 фоизи “Аҳли Сунна вал-Жамоа”га мансубдир. “Аҳли Сунна вал-Жамоа” номини қисқартириб, “суннийлик йўналиши” деб ҳам юритилади. Ақида борасида мотуридия ёки ашъарийя таълимотига, фиқҳда эса тўрт мазҳаб: Ҳанафий, Моликий, Шофиий ва Ҳанбалий мазҳабларига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик йўналишини ташкил қилади.

Биз сизларга ушбу суннийликдан ажралиб чиққан, ўзларининг нажот йўлларини топишда адашган “Шиа” фирқаси ҳақида тўхталиб ўтамиз.

“Шиа” луғатда “тарафдор” маъносини англатади ва уларнинг эътиқодига кўра Али (р.а.)га Пайғамбаримиз (с.а.в.) васият қилганлар ва (шунга кўра) Али (р.а.) Пайғамбаримаз (с.а.в.)нинг ўринбосарларидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Али (р.а.) га Аллоҳ таоло йўлида амал қилишга буюрдилар.

Инсонлар Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотларидан кейин У зотнинг буйруқларини инкор қилдилар ва Али (р.а.)дан бошқа инсон (Абу Бакр Сиддиқ)га байъат бердилар ва шу тариқа кофир бўлдилар.

Шиа ақидасига биноан, “имомлар” оддий инсонлар бўлмай, қуйидаги хусусиятларга эга бўладилар:

Биринчидан, фақат пайғамбаримизнинг қизлари Фотима онамиздан туғилган зотлар ва уларнинг болалари пайғамбар оиласи ҳисобланиб, имомлик ваколатининг ҳақиқий ва қонуний эгаларидирлар.

Иккинчидан, имом Пайғамбар эмас. Аммо Пайғамбар билан оддий инсонлар ўртасида туради.

Учинчидан, имом ҳар қандай гуноҳдан пок бўлиб, ҳеч қачон хато ва гуноҳ қилиши мумкин эмас.

Тўртинчидан, имом барча бўлиб ўтган ва қиёмат кунигача юз берадиган ишлардан илҳом орқали воқифдир.

Бешинчидан, Қуронни тафсир қилиш фақат имомга хосдир.

Шиаларни ачинарли ва ақлга тўғри келмайдиган хусусиятлари:

  • Имомат – давлат бошқарувини имомларга хос деб ишониш;
  • Қуронни ва ундан кейин ўз имомлари томонидан ривоят қилинган ҳадисларни асосий манба сифатида қабул қилиб, ижмо ва қиёсни рад этиш;
  • Айрим намозларни бир вақтда қўшиб ўқиш;
  • Таҳорат қилишда оёқларни ювмасдан унга масх тортиш;
  • Вақтинча никоҳни қонуний деб билиш (Эрон Ислом Республикаси Фуқаролик қонунининг 6-бўлим 1075-1077-моддаларида вақтинча никоҳ “Никоҳи мунқати” номи билан қонуний деб қабул қилинган);
  • Тақия, яъни хавфли жойларда ўз этиқодини яшириш;
  • Азон айтишда “ашҳаду анна Алийян валийюллоҳ” (гувоҳлик бераман Али Аллоҳнинг валийси, яъни дўстидир) иборасини қўшиб айтиш.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, инсон озгина исломий илм ўрганиб, ақлини ишлатса, бундай ақида ва хусусиятлар нафақат динга, балки инсон ақлига ҳам тўғри келмаслигини тушиниб етади. Барча нарса унинг изнида бўлган Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга чорласин, Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ!

“Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси Х.Аҳмадхўжаев тайёрлади.