Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шаръий аҳкомлар. “Басмала” ҳақида

Шаръий аҳкомлар. “Басмала” ҳақида

“Басмала” бу “ҳавқола” (Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ) ёки “ҳамдала” (Алҳамдулиллаҳ) калималари сингари “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” калималарининг қисқартирилган кўринишидир.

Биринчи ҳукм:

“Басмала” Қуръондан бир оятми?

Уламолар, албатта, “басмала” Намл сурасида келган оятдан бир бўлак, деб ижмо қилганлар. Лекин басмала Фотиҳа сурасининг бир оятими ёки ҳар суранинг бошланишидаги оятми ё оят эмасми, деб бир неча сўзларда ихтилоф қилганлар. Имом Шофеъий мазҳабидаги уламолар Фотиҳа сурасидаги “басмала” оят, шунингдек, ҳар бир сура аввалидагиси ҳам оят, деб фатво берадилар. Моликий мазҳабидаги уламолар эса Фотиҳа сурасидаги оят эмас ва бошқа суралардагиси ҳам оят ҳисобланмайди, деб айтадилар. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эса “басмала” – бу Қуръондаги бир тугал – мукаммал оятдир, суралар орасини ажратиш учун нозил қилинган, Фотиҳа сурасидаги бир оят эмас дейдилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари «басмала»ни Мусҳафда ёзилиши унинг «Қуръон» эканлигига далил бўлади, лекин унинг ҳар бир сурадан оят эканлигига далил эмас, дейдилар. Ҳанафий мазҳабининг далилларини қувватлайдиган ривоятлардан бири Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирилган ушбу: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «басмала» нозил қилингунга қадар фасл, яъни ажратишни билмас эдилар», деб қилинган ривоятдир.

Иккинчи ҳукм:                                                                                    

«Басмала»ни намозда ўқиш ҳукми қандай?

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ “басмала”ни фарз намозининг ошкораси бўлсин, махфийси бўлсин, Фотиҳа сурасининг аввалида ёки бошқа суранинг аввалида бўлсин мамнуъдир (қайтарилган), дейдилар. Лекин нафл намозларида жоиз деб биладилар. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ намозхон “басмала”ни намознинг ҳар бир ракатида хуфёна ўқийди ва агар ҳар бир сура билан ўқиса яхшидир, деб айтадилар. Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ намозхон “басмала”ни жаҳрий намозларида жаҳрий, хуфёна намозларида махфий ўқишлиги вожибдир, дейдилар. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ эса намозхон “басмала”ни махфий айтади, уни жаҳрий айтиш суннат бўлмайди дейдилар.

Учинчи ҳукм:                                                                                

Намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб бўладими?

Фуқоҳолар Фотиҳа сурасини намозда ўқиш борасида икки йўналишда ихтилоф қиладилар:

1) Жумҳур уламолар (Имом Молик, Шофиъий, Аҳмад), албатта, намознинг дуруст бўлиши учун Фотиҳа сурасини ўқиш шарт, кимики қодир бўла туриб, ўқимаса намози дуруст бўлмайди, дейдилар.

2) Суфён-ас Саврий ва Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳимолар: Албатта, намоз Фотиҳа сураси ўқилмаса ҳам жоиз бўлади, лекин ҳунук ишдир, намоз ботил бўлмайди, балки мутлақ қироатнинг ўзи, яъни уч қисқа оят ёки бир узун оят ўқиш вожибдир, дейдилар.

Тошкент тумани «Зиннурайн» жоме масжиди
имом-хатиби Абдуқодиров Ашурмат