Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Руҳий тарбия / Шариат – дунё ва охиратнинг барча саодатларига кафил (Имом Раббоний мактуботлари)

Шариат – дунё ва охиратнинг барча саодатларига кафил (Имом Раббоний мактуботлари)

36-мактуб

Ҳожи Муҳаммад Лоҳурийга “Шариат дунё ва охиратнинг барча саодатларига кафил эканлиги, шариатсиз биронта ҳам мақсад ҳосил бўлмаслиги ҳамда тариқат ва ҳақиқат – шариатнинг ходимлари эканлиги ва шунга муносиб нарсалар баёни” да юборилди.

Ҳақ субҳанаҳу бизни ва сизларни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатининг ҳақиқатидан огоҳ қилсин ва бунга омин деган бандага раҳм қилсин.

Билингки, шариатнинг учта ажралмас қисми бўлиб, улар: илм, амал ва ихлосдир. Мадомики ушбу уч қисмларнинг барчаси собит бўлмас экан, шариат ҳам собит бўлмайди.

Қачонки, ҳақиқатда шариат амаллари собит бўлса, Аллоҳ таолонинг розилиги топилади. Аллоҳ таолонинг розилиги эса, барча дунёвий ва ухровий саодатлардан қадри баланддир. Аллоҳнинг розилиги ҳар нарсадан кўра муҳимроқдир. Шундай экан, Аллоҳ ризоси барча дунёвий ва ухровий саодатларга кафилдир. Ва бирор бир мақсад йўқ-ки, у мақсад йўлида шариатдан бошқасига эҳтиёж қолган бўлса.

Сўфийликка хос хислатлар ила ажралиб турувчи тариқат ва ҳақиқат шариатнинг учинчи ажралмас қисми бўлмиш ихлосни такомиллаштириш учун хизмат қилади.  Демак, тариқат ва ҳақиқатга эришишдан мақсад, фақатгина шариатни такомиллаштириш бўлиб, ундан ташқари бўлган бирон бир нарса кўзланмайди. Бу сўфийда тариқат асносида ҳосил бўладиган (аҳвол-у мавожид) ҳолат, Аллоҳнинг жалолатини сезиш, илм, маърифатлар кўзда тутилган мақсадлар эмас. Балки булар тасаввур ва хаёлотларки, тариқатга эндигина кирганларни тарбиялайди.

Шунинг учун ўша барча мақомларни босиб ўтиб, ризолик мақомига етишиш лозим, бу мақом – тариқат ва барча интилиш мақомларининг (сулук ва жазаба мақомларининг охири) энг юқори чўққисидир. Зеро, тариқат ва ҳақиқат даражотларини ҳосил қилишдан мақсад, сўфийнинг ўзида фақатгина ихлос деган малакани ҳосил қилиши бўлади. Ихлос туфайли ризолик мақомига эришилади ва ихлос давлатига етилади.

Ризолик мақоми – шариатнинг учта ажралмас қисмидан бири ва  орифларнинг мушоҳадалар узра ўтганидан сўнг эришадиган минглаб мақомлар ичида ягона мақомдир. Ақли қусурлар эса, бу борада ҳолатлар ва Аллоҳ таоло жалолатини сезишни асосий мақсадлардан  деб ҳисоблашади. Ва мушоҳада қилиш ва тажаллиётни ҳам мақсад-у матлаблардан деб ўйлашади. Мана шу сабабли улар тасаввур ва ҳаёлотлар ичра қамалиб қоладилар.  Ва мана шу  тушунчалари ила шариат камолотларидан маҳрум ҳолда  қолиб кетадилар.

“(Эй, Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар” (Шўро сураси, 13-оят).

Дарҳақиқат, ихлос мақомини ҳосил қилиш (барча амалларни фақатгина Аллоҳ ризоси учун қилиш) ва ризо мартабасига етиш, юқорида зикр этилган (аҳвол-у мавожид) ҳолатлар ва Аллоҳ жалолатини ҳис қилишга боғлиқдир. Ва бу илм ва маърифатларни рўёбга чиқишига алоқадордир. Бас, бу ишларнинг ҳаммаси матлубни ҳосил қилиш учун василалардир ва мақсад сари етакловчи ибтидоий сабаблардир.

Бу ҳақиқат камина фақирга, Аллоҳ таолонинг ҳабиби Муҳаммад (у зотга салоту саломлар бўлсин) баракаси ила ушбу йўлдаги тўлиқ ўн йиллик машғулликдан сўнггина ойдинлашди. Ва шу муддатдан сўнг шариат ҳужжатлари қандай бўлса, шундай равишда ойдинлашди.  Ва менда ўн йил муқаддам бўлган ҳолатлар ва Аллоҳ жалолатини ҳис қилиш йўқ  бўлди. Ва менинг назаримда шариат ҳақиқатини топишдан ўзга мақсад ҳам қолмаган эди. Менга бу масаланинг асл ҳақиқати  ўн йиллик мужоҳадалардан сўнг  очиқ ойдин бўлди.

Аллоҳ таолога бу учун беадад ҳамду санолар бўлсин!

Марҳум  Шайх Миён Жамил жанобларининг ўлими хабари  барча Ислом аҳлини маҳзун этиб, қалбларин тилка пора қилди. Илтимосим шуки, марҳумнинг фарзандларига фақир номидан тазия билдириб, Фотиҳа сурасини ўқиб қўйсалар. Вассалом.

Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий. «Мактубот». 1-жилд.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ