Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Шарафли ва масъулиятли вазифа

Шарафли ва масъулиятли вазифа

Бугунги кундаги Ватанимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик сабабидан туҳфа этилган Аллоҳнинг азиз неъматларидандир. Халқимиз азалдан тинчлик ва осойишталикни Ватан, она, озодлик каби муқаддас тушунчалар билан бир қаторда қадрлаб ва эъзозлаб келмоқдалар. Она ватан озодлиги, тинчлиги ва хавфсизлиги ҳимоячилари доимо улуғланиб келинмоқда.

Инсонни ҳурмат-эҳтиромга етакловчи ишлар бисёр, аммо энг улуғвор ва шарафлиси Ватанни ҳимоя қилишдир. Аждодларимиз тарихда Ватан ҳимояси муқаддаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам, унга бўлган муҳаббатини ва содиқлигини намоён қилишган. Бу эса аждодларимизнинг руҳий камолотини ва жасоратини кўрсатиб турибди.
Ватанни душманлардан ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш динимизда савобли иш эканлигига бир қанча мисоллар келтирилган. Бугун ўсиб келаётган ёшларни бақувват, қалбида Ватанга садоқат ва халқига ҳурмат туйғуси билан вояга етишларига замин яратишимиз лозим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Болаларингизга сузушни ва отда чопишни ўргатинглар”. Бу ҳадисда ёшларни жисмоний чиниқтиришда юрт ҳимоясига зарур машғулотларга ўргатиш зарурлиги ишора қилинмоқда. Ёшлар бақувват-соғлом бўлса, Ватанини муносиб ҳимоя қила олади.
Инсоннинг юртига ва халқига зиён-захмат етказмоқчи бўлган одамни ғаним билиши, уни ички-ташқи душманлардан ҳимоя қилиши шу юрт фуқароларининг шарафли бурчи, юртига бўлган муҳаббатининг гўзал намоёндасидир. Туғилган, улғайиб-камол топган юртини ихлос билан турли хавфлардан ҳимоя қилишга киришган кишига жуда улуғ савоблар ваъда қилинган.
Бу хақда Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида айтадилар:

عَنْ سَلْمَانَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ رِبَاطُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ خَيْرٌ مِنْ صِيَامِ شَهْرٍ وَقِيَامِهِ

“Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари ибодатда тургандан яхшироқдир» (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис Ватанимиз сарҳадларида хизмат қилаётган ватан ҳимоячиларига тегишлидир. Халқимиз тинч ва осуда ҳаёт кечиришларига сабаб бўлаётган чегараларимизда юртимизни туну кун ҳимоя қилиб турган аскарлар ва миллий армиямизнинг шарафли хизматлари натижасидир.
Яна бошқа ҳадисда пайғамбар алайҳиссалом:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عليه و سلم: عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ فِي جَوْفِ اللَّيْلِ خَشْيَةً لله وَ عَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ. (رواه الترمذي)


«Кечалари Аллоҳдан кўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди», деб марҳамат қилганлар.
Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифаси Ватан мол-мулкини ҳимоя қилиш, унинг юксалиши ва тараққиёти йўлида хизмат қилиш, бу йўлда жонни фидо қилиш ва орқасида жонажон Ватани, халқи, азиз ота-онаси, қадрдон ака-укаси, опа-синглиси ва оиласи турганини ҳис қилган ҳолда камарбаста бўлишдир. Ватанни севиш ва ҳимоя қилиш ибодат даражасига кўтарилганини юқоридаги ҳадислардан ҳам маълум бўлиб турибди. Буни эвазига Аллоҳдан бериладиган ажр-савобларга, халқини олқишига ва дуосига эга бўлинади.
Ватан ҳимоясидан ўзини олиб қочишни динимизда оғир гуноҳ эканлиги ва ҳалокатга олиб боришлиги таъкидланади.
Жонажон Ватанимизни ҳимоя қилиш фақатгина ҳарбийларнинг иши эмас, балки барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир.
Бу вазифада лоқайдлик ва бепарволикнинг оқибати ҳаммамиз учун ҳалокатдир.
14-Январь – Ватан ҳимоячилари куни барча шу соҳа вакилларига муборак бўлсин. Шарафли ва масъулиятли вазифаларини бажаришда Аллоҳ куч-қувват, сабр-бардош ва матонат ато этсин. Доимо Аллоҳнинг, халқнинг назарида ва дуосида юришликни насиб этсин.

Пискент туман бош имом-хатиби Зайнилобиддинхон Қудратов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan