Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ШАЙХ МУҲАММАД АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

ШАЙХ МУҲАММАД АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

“Шайх Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ аср имоми, муҳаддис, муфассир, фақиҳ, усулий, мутакаллим, муаррих, адиб, луғавий шоир, мутасаввуф ва муҳаққиқ аллома бўлган”. Ушбу сатрларни ёзган шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, “Бу унвонларнинг биронтасида бирорта ҳам ғулувлик ёки ортиқча мақтов йўқ. Балки бу сифатларга у зот ҳақиқатан ҳам ҳақли бўлганига шубҳам йўқ”.

Имом Кашмирийнинг оталари Шайх Муаззам шоҳ ибн Шоҳ Абдулкарим Нарурий Кашмирий бўлган. У кишининг аждодлари Бағдоддан Ҳиндистоннинг Мултон шаҳрига, сўнгра Лоҳурга кўчиб, кейин Кашмир шаҳрида қўним топганлар. Шайх ҳижрий 1292 йил, Шаввол ойининг 27-сида Кашмир шаҳри яқинидаги Вудвон қишлоғида дунёга келган.

Анваршоҳ Кашмирийнинг отаси Муаззамшоҳ олим ва ўта тақводор бўлиб, Сухравардия тариқати шайхи бўлган. Оналари эса солиҳа ва обида бўлиб, ибодат ва тақвода  машҳур эди.

Анваршоҳ Кашмирий ёшлигидан илм ва солиҳликка тўла бўлган ажиб тарбия масканида ўсиб улғайди. Беш ёшга тўлганида Қуръонни хатм қилди.  Икки йил ичида отаси ҳузурида форс тилида китобларни, сўнгра ўша шаҳарда ўқиш одат бўлган шайх Саъдий Шерозий, Низомий, Хусрав Деҳлавий, Жомий, Жалолуддин Даввоний каби зотларнинг форс тилидаги адабий, насрий, назмий китоблар ва ахлоқий адабий китоблари мутолаасига киришди. Ушбу китобларни мукаммал ўзлаштириб, етарли маълумот ва илмга эга бўлгач, шаҳар фузалолари  у кишининг илмига ишора қиладиган бўлишди. У кишида наср ва назмга кучли малака ҳосил бўлган чоғда ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган эди.  Отаси Муаззамшоҳ Кашмирий форсий забонда шеър ёзадиган қувватли шоир ҳам эди. Ва форсий тилда шеър ёзиш унга ота мерос бўлди. Бундан ташқари отаси олим, тақводор ва фозил кимса эди. Анваршоҳ Кашмирийнинг шогирди аллома Баннурий: “Устозим  шайх Анваршоҳ Кашмирийдан: “Мен муҳим форсий китобларни ўз шаҳримда беш йил ўқидим. Сўнгра арабий илмларни беш йил таълим олдим”, деб айтганини эшитган эдим”, дейди.

Анваршоҳ Кашмирий ҳазратларининг ажиб одатлари бўлиб, у киши тунлари озгина ёнбошлаб олар, сўнгра илм таҳсили, китоб ўқиш ва ёзишга машғул бўлар эди. У киши ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб тўйиб ухламас, фақатгина жума куни озгина ётиб дам олар эди. Бошқа вақтларда эса, мудроқ ғолиб бўлса ўтириб ухлаб олар ва яна то тонггача илм мутолааси ила машғул бўлар эди.

Анваршоҳ Кашмирий ўта закий зот бўлган. Бу ҳақида у кишининг биринчи устози бўлмиш оталари Муззамшоҳ Кашмирий бундай дейди: “Ўғлим мендан “Мухтасари Қудурий” китобидаги дарсида бир масалани сўрар, мен уни жавоби учун “Ҳидоя” китобига муҳтож бўлардим. Сўнгра уни бошқа олимга шогирдликка бердим. У олим киши Анваршоҳнинг кўп савол беришидан шикоят қилар эди.  Анваршоҳ  дарсдан бошқа вақтларда камгап, виқорли ва сокин эди. Ёш болалар ва гўдаклар рағбат қиладиган ўйинларга умуман қизиқмас эди. Бир бор уни дуоси мустажоб бўлмиш шаҳримиздаги улуғ зот ҳузурига олиб бордим. У зот уни кўргач: “Бу йигит ҳадемай замонининг энг буюк олими бўлади”, деди. Замондош алломалардан баъзилари унинг китобларини ўқиб кўргач, замоннинг энг азиз олимларидан бўлишини айтишган эди”.

Шундан сўнг Анваршоҳ Кашмирий шаҳардаги уламолардан арабий ва бошқа илм таҳсилига кучли иштиёқ билан киришди. Икки йил ёки кўпроқ муддатда сарф, наҳв, фиқҳ, усул, мантиқ ва бошқа илмларни эгаллади. Шаҳар ва атрофидаги олимлар илмини эгаллаб бўлгач, Кашмирдан чиқиб Панжоб атрофидаги олимлар илми таҳсилига киришди. Уч йилдан ошиқ вақт фалсафа, мантиқ ва бошқа илмларни ўрганди. Муттақий устозлардан дарс олди. Ўша вақтда Кашмирда фиқҳ ва фатво илми мусобақалашадиган даражада бўлиб, шайх бу илмларда барчадан ўзиб кетди. Барча ундан фатво сўрайдиган, энг нозик масалалар ечимини ундан топадиган бўлди.  Анваршоҳ Кашмирийнинг шогирди Шайх Бадри Олам шундай дейди: “Шайхнинг: “Кашмирда инсонларга фатво берган чоғим ёшим ўн иккида бўлган эди. Тўққиз ёшимда фиқҳ ва наҳв китоблариннг шарҳларини ўқир эдим”, деб айтганини эшитганман”.

Анваршоҳ Кашмирий Кашмир мадрасаси ва Ҳазора маъҳадида олган илмлардан кўнгли қаноат қилмай, яна илм таҳсилида давом этди. Олган илмлари унинг илмга бўлган чанқоғини янада зиёда қилди, холос. Шундан сўнг, Ҳиндистоннинг марказига илм излаб йўлга чиқди. Ҳиндистон пойтахти яқинида жойлашган Девбанд қишлоғидаги “Дорул Улум” мадрасасига келди. Бу мадраса эса Ҳиндистоннинг азҳари шарифи ҳисобланар, ундаги устозлар энг етук алломалар бўлиб, илмнинг барча соҳаларида энг етук мутахассислар ҳисобланишар эди. Ушбу мадраса устозлари илмда, ҳилмда ва тақвода юқори мақом топган валий зотлар бўлиб, улар суннат ҳимоячилари ва дин жонкуярлари эди. Мазкур кибор ва фозил уламоларнинг энг улуғи эса шайхул олам Маҳмуд Ҳасан Девбандий раҳимаҳуллоҳ эди. Ушбу шайх Қуръон ва суннат, ҳақоиқ ва маориф илмларининг соҳиби бўлмиш шайх  Рашид Аҳмад Гангуҳий ҳамда шайх Муҳаммад Қосим Нонутавий раҳматуллоҳи алайҳимодан таълим олган эди.

Анваршоҳ Кашмирий шайх Маҳмуд Ҳасан Девбандий ҳузурида ўзи излаган барча илмларни топди. Илму маориф илмларидан баҳраманд бўлди. Шунингдек, Девбандда муҳаддис шайх Муҳаммад Исҳоқ Кашмирий Маданийдан таълим олди. Бошқа илмлардан ҳам мукаммал илм ҳосилига эга бўлди.

Анваршоҳ Кашмирий айтади: “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Абу Довуд”, “Жомиъу Термизий” ва “Ҳидоя” нинг охирги икки жузъини шайх Маҳмуд Девбандийда, “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Насоий”, “Сунани ибн Можа” ни шайх Муҳаммад Исҳоқ Кашмирий раҳимаҳумаллоҳда ўқидим”.

Ҳижрий 1313 йил ушбу китобларни ўқиб тугаллагач Девбанддан олиму фозил бўлиб чиқди. Сўнгра Деҳли шаҳридаги “Абдурабб” мадрасасида дарс бера бошлади. Аллоҳ инояти ила у ерда “Аминийя” номли арабий тилда дарс бериладиган мадраса очишга муваффақ бўлди. Албатта, бунда ҳимматли ёру дўстлар ва улуғ устозларнинг самимий дуолари кўмакчи бўлди. Ушбу мадраса тезда машҳур бўлиб, унга Ҳиндистоннинг кўп жойларидан таълим олиш учун толиби илмлар кела бошлашди.  Сўнгра яна Кашмир шаҳрига бориб у ерда уч йил истиқомат қилди. У ерда “Файзул омм” номли мадраса таъсис этиб, унда дарс ва фатво ила машғул бўлди. Умматга қалам ва тил ила насиҳатлар қилди.

Шундан сўнг, шайҳ Анваршоҳ Кашмирий Байтуллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам зиёратига йўл олди. 1323 йил Аллоҳ таоло у кишини ҳаж арконларини бажаришга муваффақ қилди. Бир неча ой Маккада истиқомат қилиб, тўйиб-тўйиб зиёратлар қилди. Сўнгра энг улуғ зот бўлмиш Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам зиёратига йўл олди. У ерда ҳам бир муддат яшади. У ерда “Рисолатул Ҳамидийя” ва “Ҳусунул Ҳамидийя” муаллифи фозил шайх Ҳасан Жиср Тароблусийни учратди.  Шайх у кишига ҳадис илмида ўз иснодлари ила ижоза берди.  Анваршоҳ Кашмирий  ушбу муаззам шаҳарда жуда кўплаб улуғ шайхларни учратиб, улар ила илмий музокаралар олиб борди. Мадинадаги “Мактабаи Муҳаммадийя” ва “Мактабаи Ҳикмат Ҳусайний” кутубхоналаридаги беназир китоблар мутолааси ила ўз илмини янада мукаммал қилди. У киши Мадинага қайтиш,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга қўшни бўлиб яшашни кўнглига тугиб қўйди. Ватанига қайтиб оз муддат яшагач,  кучли соғинч ила яна Мадинага қайтишни кўзлаб, буни яқинларига билдирди. Қавмнинг улуғлари йиғилиб у кишига ўз қизлари ва набираларини завжаликка таклиф қилишди. Унга молу-мулклар, боғу-роғлар бериш таклифи билан  бу фикридан қайтармоқчи бўлишди. Зотан, кўпчилик у кишини жуда ҳам яхши кўрар, ажралиб қолишни истамас эди. Лекин у киши Мадинани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламни соғинар, тезроқ У зот шаҳрига қайтишни истар эди. Ва ушбу қасд ила яна йўлга чиқди. Мадина сафари асносида Девбандда устози  шайх Маҳмуд Девбандий раҳимаҳуллоҳ ҳузурига кириб, устозига икки ҳарам риҳлати ва у ерда яшаб қолиш мақсадини баён қилди. Шунда шайх Маҳмуд Девбандий раҳматуллоҳи алайҳ унга ўз қасдидан воз кечишини ва Девбандда яшаб қолиши лозимлигини айтди. Ушбу мукаррам зот фозил аллома бўлиш билан бирга, тақводор ва кароматлари зоҳир валий ҳам эди. У зот Девбанд мадрасаси Анваршоҳ Кашмирий илмига ва файзига муҳтожроқ эканини айтиб, шайхни бу фикридан қайтарди. Шунда Анваршоҳ Кашмирий ўз устози Маҳмуд Девбандий сўзларига қулоқ тутиб, Ҳарамда яшаш фикридан воз кечди ва Девбандда яшаб қолди. Устози кўрсатмасига асосан Девбанд мадрасасида “Саҳиҳи Муслим”, “Сунани Насоий” ва “Сунани ибн Можа” китобларидан дарс бера бошлади. Девбандда то 1332 йилгача истиқомат қилди.

1333 йил шайх Анваршоҳ Кашмирийнинг устози Маҳмуд Девбандий раҳимаҳуллоҳ ҳаж зиёратини қасд қилди ва мадрасада Анваршоҳ Кашмирийни ноиб ва мударрисларнинг каттаси қилиб қолдирди. У киши “Сиҳоҳи ситта” ва бошқа ҳадис китобларидан дарс бера бошлади.  Шайх Маҳмуд Девбандий раҳимаҳуллоҳни Британия ҳукумати Малта оролига сургун қилгач, мадрасада Анваршоҳ Кашмирий яна йигирма йил устози ўрнида, унинг лавозимида қолиб ишлади. Ушбу вақт “Саҳиҳул Бухорий” ва “Жомиъу Термизий” китобларидан дарс берди.

Девбанд аҳли унинг иқоматидан хурсанд бўлишар, лекин бир куни Мадинага риҳлат қилиш қасдига тушиб қолишидан қўрқишар эди.  У зотга фотимийлардан шарафли ва насабли саййида қизни никоҳ қилишни ва шу йўл ила Девбандда олиб қолишни улуғлар маслаҳат қилишди.  Анваршоҳ Кашмирий бунга кўнгач, уни никоҳ қилишди ва мақсадларига етишди.

Анваршоҳ Кашмирий Дорул улум Девбандда озгинагина маош олар, тирикчиликка етадиганидан ортиғини асло олмас эди. Никоҳдан сўнг эса оилани боқиш ва бошқа маслаҳатлар учун кўпроқ маблағга муҳтож бўлди.  Жомиа аҳли дарров у кишига етарли маблағ тайин қилишди. Ўша вақтда унга  Калкуттадаги “Мадрасаи Олия” ўқитувчилари учун саккиз юз рупий ва кўпроқ маош тайин қилгани ва уни зориқиб кутишаётгани ҳақидаги хабар етди. Шайхнинг ўша пайтдаги Девбанддаги маоши эса эллик рупийдан камроқ эди. Шунда у киши: “Менга мана шу маош етарли. Ҳожатимдан ортиғи керак эмас”, дея айтди.

Анваршоҳ Кашмирий Девбандда умрининг учдан бирини ўтказди.  У киши қалби ва тилидан ҳикмат булоғи қайнаб чиқар, маърифат аҳли манфаатлар топишар эди. У кишидан асрнинг энг буюк олиму фузалолари истифода қилишарди.  У кишидан минглаб шогирдлар ҳадис китобларини ўқиб дарс олишар, унинг илми ҳаммага бирдек манфаатли бўлиб, олимлар унинг фатволарини айтиб фатво беришар эди. Девбанддаги истиқомати мобайнида Қодиёнийлик фирқаси фитналари зоҳир бўлиб, у зот уларга муносиб жавоблар, рисолалар ва китоблар ёзди.

1346 йил Девбанд мударрислигидан кетгач, у кишига ҳар тарафдан илм талабида одамлар оқиб кела бошлашди. Ҳатто Покистоннинг бир жойидаги мадраса устозлиги минг рупий эвазига таклиф қилинди ва у киши қабул қилмади.  Ўша йили Добил ноҳиясига ўта қаттиқ илтимослардан сўнг кўчиб борди ва у ерда “Жомиъату Исломийя” мадрасаси ва  таълиф ва нашр идораси бўлмиш “Мажлисул Илмий” га асос солди. Ушбу ноширлик маркази у киши ҳаёти ва  вафотидан сўнг жуда кўплаб китоблар нашр қилди.

Шайх Анваршоҳ Кашмирий ушбу шаҳарда беш йил тадрис, таълиф, нашр, ваъз ва тазаккур ила  турди. Ушбу муаззам шайх баракотидан жуда кўплаб олиму фузалолар етишиб чиқиб, у кишини жуда  кўплаб мухлислари қаттиқ севишар эди. Шайх умри охирида жуда ҳам юқори мақомлар топган бўлиб, мавъизаларида йиғи босиб ўзлари ҳам йиғлар, бошқаларни ҳам йиғлатар эди.

Шайх Анваршоҳ Кашмирий Добил шаҳрида бавосил касалига йўлиқди. Шундан сўнг Девбандга қайтди. Касал зўрайиб, қон кўп йўқота бошлади. 1352 йил сафар ойида вафот қилди. У кишига Девбанд мадрасасида жаноза ўқилди. Жанозада шу қадар кўп инсон қатнашдики ҳеч ким улар сонини ҳисоблай олмай қолди.  Ўша ердаги қабристонга қўйилди.

Шайх Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳдан ўғиллардан уч фарзанд қолган бўлиб, улар: Муҳаммад Азҳаршоҳ, Муҳаммад Акбаршоҳ ва Муҳаммад Анзаршоҳдир.  Фарзандларининг барчаси аҳли илм ва фузалолардандир.

У кишининг вафотидан аҳли илму фузалолар қаттиқ маҳзун бўлишди. Унга бағишлаб араб ва урду тилида вафотидан  сўнг ўн етти қасида ёзилган.

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ