Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ШАЙХ МУҲАММАД АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ-2

ШАЙХ МУҲАММАД АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ-2

УЛАМОЛАР АНВАРШОҲ КАШМИРИЙ ҲАҚИДА

Ҳакиймул уммат Ашраф Алий Таҳонавий айтади: “Менимча, Исломнинг ҳақ дин эканига Анваршоҳ Кашмирийнинг мусулмонлар сафида экани далолатдир. Агар Ислом динида бирон бир футур бўлса, шайх уни албатта топган бўлар эди. Зотан, у киши эгалламаган муҳим илм қолмаган”.

Ҳазрат яна айтади: “Ҳар қачон Анваршоҳ Кашмирий ёнимга ўтирса, у кишининг илми залворидан мени ҳаяжон босар эди”.

Ҳазрат Таҳонавий яна: “Мавлоно Анваршоҳ Кашмирийнинг дарсида бўлсам, уни ҳар бир сўзини китоб қилиш мумкинлигига амин бўламан. Мен мавлоно Анваршоҳ Кашмирийдан жуда кўплаб манфаатлар олдим. У кишига бўлган чуқур ҳурмат қалбимдан жой олган”, деб айтган.

Саид Атоуллоҳ Бухорий шундай дейди: “Саҳобалар карвони ўтиб кетишиб, ортларидан Анваршоҳ Кашмирийни қолдиришди”.

Шайх Шаббир Усмоний айтади: “Анваршоҳ Кашмирий ҳазратлари Аллоҳ мўъжизаларидан бир мўъжиза, Аллоҳнинг одамларга ҳужжатларидан биридир”.

Яна айтади: “Агар мендан Мисрлик ёки Суриялик инсонлар ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийни,  шайх Тақийюддин ибн Дақиқни ва шайх Азизуддин ибн Саломни кўрганмисиз деб сўрашса, кўрганман деб айта оламан. Зотан, мен  бу уламолар илмини жам қилган мавлоно шайх Анваршоҳ Кашмирийни кўрганман”.

Мавлоно Саид Аҳмад айтади: “Мавлоно Анваршоҳ Кашмирий ҳазратининг ҳадис дарслари мутақаддим муҳаддисларники каби эди. У зотга бошқа устозларим каби қаттиқ ҳурмат қалбимдан жой олган”.

Шайх аллома Рашид Ризо Мисрий (Ал-Азҳар устози) айтади: “Ҳиндистон Девбанди “Дорул улуми” гўёки ҳиндларнинг “Ал-Азҳари”идир. Мен ҳеч қачон Анваршоҳ Кашмирий каби буюк олимни кўрмаганман”.

У зотга ўн йил шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлган Шайх Муҳаммад Бадри Олам айтади: “Агар устозим ва шайхим Анваршоҳ Кашмирийга қарасам у кишининг бемисл зеҳнини, итқону забтда ибн Ҳажардек, адл ва назарий диққатда ибн  Дақиқул Ийддек, шеърда Бухтарийдек,  баёнда Саҳбондек кўраман. Бу нарсалар Аллоҳ азза ва жалланинг сунъидандир”.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтади: “Ҳадис илмларида Ибн Ҳумомдан сўнг Анваршоҳ Кашмирийдек бошқа инсон бўлмади”.

Ҳиндистон муфтийси Муҳаммад Кифоятуллоҳ Деҳлавий  у киши вафот қилган кунда шундай деган эди: “Анваршоҳ Кашмирий вафот қилгани йўқ. Лекин илм ва уламолар вафот қилишди”.

Фазилатли аллома шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Шайх Анваршоҳ Кашмирийнинг  Аҳмадхон исмли шогирди билан учрашдик. Унинг айтишича, устози Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ матн китобларидан йигирма беш мингини ёд олган экан!”

Беназир шоир Муҳаммад Иқбол бундай деган: “Исломнинг охирги беш асрида мавлоно Анваршоҳ Кашмирий каби бирон кимса бўлмаган”.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Ҳар қачон отам Муҳаммад Шафий Усмоний устозлари Анваршоҳ Кашмирий ҳақида эшитса, юзлари хурсандчиликдан ёришиб кетар эди”.

Яна айтади: “Отам ҳар доим мавлоно Анваршоҳ Кашмирий ҳақида гапирсалар, “У кишини Аллоҳ таоло барча илмларга соҳиб қилган”, дер эди.

Шайх Муҳаммад Шафиъ Усмоний айтади: “Бир сафар  шайх  Анваршоҳ Кашмирий ҳазрати қаттиқ бетоб бўлиб, касаллик узоқ чўзилди. Бир куни бомдод намозидан сўнг шайх ҳазрати вафоти ҳақида хабар келди. Биз худди чақмоқ урган одам каби карахт бўлиб қолдик. Биродарим Шаббир Усмоний билан ҳазрат уйига чопдик. Етиб борганимизда хабар ёлғонлиги маълум бўлди. Ҳазрат беморлик курсисида ўтирар, олдида эса китоб очиқ бўлиб, ёруғлик етмаганидан унга энгашиб ўқир эдилар. Ваҳоланки, бу касаллик жиддий бўлиб, у кишига бу ўлим хавфини келтириши мумкин эди. Шаббир у кишига шундай деди:

  • Ҳазрат, шу ҳолингизда шу машаққат лозимми? Ахир аввал тузалиб олсангиз ёки бизни ёрдамга чақирсангиз бўлмайдими? Нима сиз билмаган бирон соҳадаги илм қолдими?

Шунда  мавлоно Кашмирий бир оз меҳр ила унга қараб турдида оҳиста:

  • Тўғри айтасиз, биродар. Лекин мен китобга бўлган кучли иштиёқимни енга олмасам не қилайин?!

Мавлоно Анваршоҳ Кашмирий Ислом илмларига шу қадар машғул эдиларки, у кишининг дунё ташвишлари асло безовта қилмас, гўё бу дунёнинг унга заррача алоқаси йўқ эди”.

Мавлоно Абдулқодир Райпури айтади: “Бир марта “Аминия” мадрасасидаги масжидга кирсам, Шоҳ соҳиб Кашмирий жаҳрий зикр ила машғул бўлиб, “Аллоҳ”, “Аллоҳ”, дея зикр қилаётган эан. У киши қачон бозорга борса,  номаҳрамга назари тушмаслиги учун кўзини бир парча мато ила тўсиб олар эди”.

Алломадан энг кўп манфаат олган шайх Шаббир Аҳмад Усмоний эди. Мавлоно Саид Аҳмад Бажнури айтади: “Ўн олти йил шайх Анваршоҳ Кашмирийдан дарс олдик. Шайхнинг илм мажлисида энг кўп манфаатни Шаббир ҳазрати олган эди. Зотан, у ҳар бир масалани шайхдан сўрар ва кечаю кундуз шайхдан ажралмас, таълим олгани олган эди”.

Шайх Шаббир Усмоний ўзининг машҳур тафсири бўлмиш “Фатҳул мулҳим” ёзилишида энг кўп шайх Кашмирийдан истифода қилган эди.

У кишининг шогирдларидан бўлиш бахтига муяссар бўлган мавлоно Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий айтади: “Ҳазрат Кашмирий замонанинг Зуҳрийсидир. У кишининг ёд олиш қобилияти шу қадар кучлики, бир бор эшитган  ёки ўқиган нарса ҳеч қачон ёдидан чиқмас эди”.

ТАЪЛИФ ВА ОДАТЛАРИ

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳнинг одати шу эдики, у киши қайси соҳанинг қандай мутахассиси китобини ўқиса, китобни диққат билан бошдан охиригача ўқиб чиқар, асосан, мутақаддим  уламолар ва муҳаққиқ олимлар китобларини жидду жаҳд ила ўқир эди. У киши қайси соҳада оз бўлсада манфаатли илм бўлса, ўша соҳа китобларини албатта ўқиб чиқар эди. Қайси соҳадаги китобда динга ва  шариатга манфаатли бирон маълумот бўлса, қайд қилиб ёзиб қўяр эди.

КИТОБЛАРИ

Анваршоҳ Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобларни таълиф қилганлар:

  1. “Файзул борий алаа саҳиҳил Бухорий”. Ушбу китоб 4 жилдлик бўлиб, Бухорий китобининг бошқа шарҳларида учрамайдиган дақиқ маълумотлар бор. Ушбу китоб ёзишидан аввал шайх Кашмирий “Саҳиҳул Бухорий” ни ўн уч бора ўта диққат билан, таҳқиқан ўқиб чиққан эди. Бухорий шарҳларидан бўлмиш “Фатҳул борий”, “Умдатул қорий”, “Иршодус сорий” ва бошқа шарҳ китобларидан ўттизтасини ўқиб чиққан, шу даражада ўрганган эдики, дарс жараёнида “Фатҳ” ва “Умда” китоблари гўёки кўз ўнгида турар эди.
  2. “Ал-Арфуш шазий алаа Жомиъи Термизий” китоби. 488 бетдан иборат шарҳ.
  3. “Амолий алаа Сунани Аби Довуд”.
  4. “Амолий алаа Саҳиҳил Муслим”.
  5. “Хошияту Сунани ибн Можа”.
  6. “Мушкилотул Қуръон”. 278 бет. Ушбу китобда шайхнинг футуҳу файзлари бор.
  7. “Фаслул хутоб фий масьлати уммил китоб”. 106 бет.
  8. “Хотиматул хитоб фий фотиҳатил китоб”. Форсий. Бир жилд.
  9. “Найлул фарқадайн фий рафъил ядайн”. 15 бет.
  10. “Бастул ядайн линайлул фарқадайн”. 34 бет.
  11. “Кашфус сатр ан масьалатил витр”. 98 бет.
  12. “Икфорул мулҳидийн фий заруриёти дийн”. 127 бет.
  13. “Ақийдатул Ислом биҳаёти Ийсо алайҳиссалом”. 122 бет.
  14. “Таҳийётул Ислом фий ҳаёти Ийсо алайҳиссалом”. 149 бет.
  15. “Ат-Тасриҳ бимаа таваатара фий нузулил Масийҳ”. 293 бет.
  16. “Хотамун Набиййин”. Форсча. 96 бет.
  17. “Мирқотут торам алаа ҳудусил олам”. 62 бет.
  18. “Зарбул хотам алаа ҳудусил олам”. 400 байтдан иборат шеърий китоб.
  19. “Сағмул ғайб фий кабди аҳлир райб”. Форсча. 22 бет. Ушбу китоб Барлавийларга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ғайбни билади деган даъволарига раддия ўлароқ ёзилган.
  20. “Китабу физ забб ан қурротил айн”. Форсча. 196 бет. Валийюллоҳ Деҳлавий китобларига раддия ёзган рофизийларга раддия ўлароқ ёзилган.
  21. “Ал-Инҳоф лимазҳабил аҳноф”. “Осорус сунан” китобига ёзилган шарҳ китоби.

Бундан ташқари кўплаб рисолалар ҳам ёзган.

Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Анваршоҳни Ўз раҳматига буркасин!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan