Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Қуръон / Шайх Абдул-Босит Абдус-Самад (1927-1988)

Шайх Абдул-Босит Абдус-Самад (1927-1988)

Бугунги кунда жуда кўп қорилар унга тақлид қиладиган машҳур ва моҳир қори Шайх Абдул-Босит Абдус-Самад 1970 йилларда ўтказилган “Бутун Жаҳон Қорилар Мусобақаси”нинг уч карра ғолиби бўлган ягона ҳофизи Қуръон, қироати ёзилган аудио кассеталарни чиқаришни биринчи бўлиб йўлга қўйган шахс, ҳамда Миср Қорилар Уюшмасининг биринчи президенти ҳисобланади.

Қорилар устози, бетакрор овоз ва услуб соҳиби Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад 1927 йили 1 январда Миср жанубидаги Қино вилоятига қарашли Армант туманидаги Муроаза қишлоғида дунёга келди.

Бобоси Абдуссамад ҳам, отаси Муҳаммад Абдуссамад1 ҳам Қуръон ҳофизи ва тажвид билимдони сифатида танилган эди. Акалари Маҳмуд билан Абдулҳамид ҳам ҳофизи Қуръон бўлишган.

АбдулБосит 10 ёшга тўлганда қишлоқ мактаби устози Шайх Муҳаммад Амир қўл остида Қуръон каримни тўлиқ ёдлаш шарафига муяссар бўлди2. Етти қироатни эса қироъат олими, устоз Шайх Муҳаммад Салим қўл остида мукаммал ва пухта эгаллашга эришди.  Абдулбосит қори ўзи бундай эслайди: “Ўн ёшга етганимда Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб бўлган эдим. Отам улов (транспорт) вазирлигида ишлар, бобом эса олим эди. Улардан Қуръон илмларини ўрганмоқчи бўлдим, аммо улар устоз Муҳаммад Салимдан таълим олиш учун Танта музофотига боришимни айтишди.

Армант билан Танта орасидаги масофа анча узоқ эди. Йўлга чиқиш олдидан Муҳаммад Салимнинг Армантга келганини билдик. Гўё тақдир у кишини бизга юборгандек эди. Ҳузурларига бориб, Қуръони каримни тўлиқ ўқиб бердим. Сўнгра етти хил қироатга доир матн “Шатибия”ни ёддан айтиб бердим”3

Абдулбосит қори ўн икки ёшида Муҳаммад Салим тавсияси билан Қино вилоятининг турли жойларидаги масжидларда Қуръон ўқиб берарди. Қаерга бормасин, Абдулбосит қорининг ноёб истеъдоди ҳақида гап-сўз юрарди.

40-йиллар ёши ҳали 15 га ҳам етмаган Абдулбосит қорининг шуҳрати Миср бўйлаб ёйила бошлади. 1950 йил масжидларда ўзининг бетакрор услуби билан ўқиладиган Қуръон карим тиловатидан мусулмонларни баҳраманд этиш учун Қохира шахрига келади. Бир сафар Аҳзоб сурасини қироат қилгандан кейин бутун аудиотория 10 дақиқа давомида қоридан кайта ўқиб беришини илтимос қилиб туриб олади ва АбдулБосит АбдусСамаднинг жозибали овози ва тажвид коидалари билан ўқилган тиловатини яна ярим соат тинглашга эришдилар. Кейинчалик бу каби воқеълар машхур қори хаётида юзлаб марта содир бўлди.

1950 йили Абдулбосит қори Мадинаи мунавварага борди. Бу ерга кўпроқ чорлаётган нарса машҳур, тажрибали қорилардан Абдулазиз Зоҳир, Абдулфаттоҳ аш-Шошоий, Мустафо Исмоилнинг савт ва қироатларини бевосита эшитиш эди.

1951 йили Шайх Даббо Абдулбоситга қироатини ҳаво мавжлари орқали таратиш таклифи билан мурожаат қилди. Абдулбосит овоз ёзиш студияси мутасаддилари билан шартнома тузганидан кейин оиласи билан доимий равишда Қоҳирада яшаб қолди. Унинг овози радио эфирлари орқали тарала бошлагач, янада машҳур бўлиб кетди. Рамазон ойида кўплаб мусулмон мамлакатлари радио ва телетармоқлари Қуръони каримни асосан буюк қори, устоз Абдулбосит Муҳаммад Абдуссамад қироатида эфирга узатишади. Унинг қироатини севувчилар Абдулбосит қорига “Жаннатдан келган овоз эгаси” деб,  юксак баҳо беришган.

1952 йили, айниқса Рамазон ойида Абдулбосит қорига дунёнинг турли мамлакатларидан Қуръонни хатм қилиш истаги билдирилган таклифлар кела бошлади. Таклифлар орасида қори ҳеч бўлмаганда бир мартагина ташриф буюрсин, деганлари ҳам бор эди. Чунки Қуръони карим шарофатидан Абдулбосит қори қадами етган жой Аллоҳ таолонинг файзу баракаси, шукуҳига тўлар эди4.

АбдулБосит АбдусСамад кўплаб мамалакатларга ташриф буюрган.

Абдулбосит қори 1952 йили отаси билан бирга ҳаж қилиш учун Саудия Арабистонига борди. Шайхнинг бу зиёратини Аллоҳнинг марҳамати деб билиб, ундан Қуръон хатм қилиб беришини илтимос қилишди. Абдулбосит қори бу таклифга рози бўлди ва Саудия Арабистонидаги бир қанча масжидларда Қуръон ўқиди. Шайхнинг энг машҳур тиловатлари Маккада Масжидул Ҳаромда ва Мадинада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидида бўлди. Саудия қироли ҳузурида тиловат қилгани учун АбдулБосит қорига қимматбаҳо қўлсоатини совға қилди. Бу эса катта ҳурмат ва эътибор белгиси эди.5 Шунингдек Жидда радиоэшиттириши мудири Иброҳим Шурий АбдулБоситни радио тўлқинлари орқали қироат қилиб беришини илтимос қилди. Илтимос қабул қилинди ва бу жозибали тиловатдан барча радио тингловчилар баҳраманд бўлдилар6.

Шайх АбдулБосит дунё буйлаб жуда кўп сафар қилиб Аллоҳнинг каломини тиловат қилар ва хамма жойда катта хурмат- эҳтиром, олқишлар билан кутиб олинар эди. Жумладан 1961 йилда Бадшахи, Лахор, Покистон масжидларида Қуръон тиловати билан барчани лол қолдирди. Унинг Париж, Лондон, Қуддусда қилган қироатларини эшитган бир қанча бошқа дин вакиллари Ислом динини қабул қилиш истаклари борлигини билдирганлар7.

Унинг мухлислари орасидан барча тоифага мансуб кишилар; оддий ишчилар, мусиқашунослар, талабалар, олимлар, қорилар, давлат раҳбарлари, шаҳзода ва амирлар ҳам бор эди.

1987 йил Америка Қўшма Штатларига қилган сафари чоғидаги бир воқеани АбдулБосит АбдусСамаднинг ўзи ҳикоя қилиб берган.

Миср президенти Жамол АбдулНосир8 билан ҳамроҳликда Совет Иттифоқига қилган ташрифлари чоғида АбдулБоситдан Совет Иттифоқи партиясининг бош секретари9 учун тиловат қилиб беришини илтимос қилади. Жаҳонга машҳур қорининг Қуръон тиловатини тинглаган тўрт беш нафар Коммунистик партия раҳбарлари ўқилаётган оятларнинг мазмунига тушунмасаларда, илоҳий каломнинг таъсири ва моҳирона хамда жозибали ижро уйғунлигидан барчасининг кўзларидан ёш тирқираб кетди10.

Ҳиндистоннинг бош вазири Индра Ганди ҳар качон радио тўлқинлари орқали АбдулБосит АбдусСамаднинг кироати жаранглаб қолса албатта тўхтар, тиловат қилинаётган Қуръон оятларидан баҳра олиш учун қулоқ тутар эди11.

АбдулБосит АбдусСамад қандли диабет касалига чалинган, жигарининг фаолияти ҳам рисоладагидек эмасди. Бу икки жиддий ҳасталикка кўп йиллар бардош беришга тўғри келди ва шу касаллик сабаб АбдулБосит қори 1988 йил 30 ноябр куни 61 ёшида вафот этди. Унинг дафн этишга бутун Миср аҳолисидан ташқари чет эллардан ҳам жуда кўп одамлар ташриф буюрдилар.

АбдулБосит АбдусСамаднинг учта ўғли Ёсир, Ҳишом ва Ториқлар ҳам оталариннинг ҳақиқий издоши бўлишга интилидилар. Ҳар учовлари ҳам ҳофизи Қуръондирлар12.

Бекобод тумани  “Чаноқ” жоме масжиди
имоми хатиби Бухарбаев Ёқуб 


1Отаси курд миллатига мансуб, марказий Курдистондан бўлган.( Интернет маълумотлари. Википедия.)

2 “Ҳаж ва умра” ойномаси. 2003 йилнинг ноктябр, ноябр сонлари. Б.59

3 Ҳидоят журнали. 2009 йил. 9-сони

4 Ҳидоят журнали. 2009 йил. 9-сони. (Муҳиддин Нўъмонов мақоласи )

5 “Ҳаж ва умра” ойномаси. 2003 йилнинг ноктябр, ноябр сонлари. Б.59

6Ўша манбаа.Ўша бет.

7 Ислом ахлоқлари билан зийнатланган мўминга ким бўлишидан қатъий назар барча маҳлиё бўлар экан.

8 Миср давлат раҳбарлари орасида ўзлари билан энг зўр қорини ҳам ҳамрох қилиб юриш одатлари бўлган.

9 Совет Иттифоқи даврида давлат раҳбари ёки президент лавозими- “Марказий Ком.Партиянинг Бош секретари”, деб аталар эди.

10 Интернет маълумотлари. Википедия.

11 Интернет маълумотлари. Википедия.

12 Интернет маълумотлари. Википедия