Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ШАЪБОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

ШАЪБОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, шаъбон ойининг 14дан 15га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани «Бароат кечаси» дейилади. Яни Бароатимиз битиладиган кеча. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен: «Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?» деб сўраганимда, У зот: «Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман», дедилар” (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Имом Газзолий “Мукошафатул қулуб” китобида: “Фаришталар икки кечани байрам қилади. Қадр кечаси ва Бароат кечасини. Мусулмонларда 2та байрам бор. Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити”, деганлар.

Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: «Истиғфор айтгувчилар борми? Уларни мағфират қилурман. Ризқ сўровчилар борми? Уларга ризқ берурман. Ҳожатмандлар борми? Ҳожатларини равон киламан», дейди”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтди: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар”.

“Хазанотул фикҳ” китобида Шаъбонни 15-кечасини таърифлаб шундай ёзган:

  1. Лайлатул такфир кечаси. Истиғфор айтувчиларнинг гуноҳлари кечириладиган кеча.
  2. 2. Лайлатул шафоат кечаси. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шафоатларига эришадиган кеча. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматда умматини шафоат қилишни сўраган дуолари 13-14-15- кунлари қабул бўлган.
  3. 3. Лайлатул Ийд кечаси. Дўзахдан озод бўладиган кеча. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кўп гуноҳкорлар шу кун дўзахдан озод бўлади”, деганлар.
  4. 4. Лайлатул қисмат кечаси. Бир йиллик қисматимиз битиладиган кеча.
  5. 5. Лайлатул ҳаёт кечаси. Қалби ухламаган, тили Оллоҳни зикри билан машғул бўлганлар Аллоҳни раҳматига лойиқ бўладиган кеча.

Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб боришлари керак.

Азизлар, фазилатли, улуғ кунларни бошқаларга ҳам эслатиб, дуолар қабул бўладиган кунларда ғафлатда қолмайлик, дуоларни кўпайтирайлик. Дуоларимизда Жаннатмонанд юртимизни янада обод бўлишига сабабчи бўлаётган Юртбошимизни, мутасадди ходимларни, устозларимизни ва элу юртимиз ҳаққига дуода бўлайлик.

Оҳангарон тумани “Четсув” жоме масжиди
имом ноиби Улуғов Б.