Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Сени соғиндик, рамазон!

Сени соғиндик, рамазон!

Рамазон ойи ҳам кириб келишига саноқли кунлар қолди. Шаъбон ойи охирлаб бораётгани сари юртимиз мўмин-мусулмонларининг юраклари яна ҳапқиряпти. Барчани “Бу йил муборак Рамазон ойини қандай ўтказамиз? Масжидларимизда яна Қуръони карим хатм қилинадими?” каби саволлар ўйлантириши табиий.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти эълон қилинди. Унга кўра, коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин сабабли жорий йил Рамазон ойида барча мўмин-мусулмонлар уйларида оила аъзолари билан биргаликда  таровиҳ намозларини ўқиб, Қуръони каримни хатм қилишади.

Хабарингиз бор, 2020 йил бошида бутун дунё бўйлаб коронавирус – (COVID-19) инфекцияси кенг тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда дунё аҳолиси ўртасида коронавирус туркумига кирувчи вирус юқиши оқибатида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллигини “пандемия”, деб эълон қилинди.

Бугунги, яъни 14 апрель ҳолатига кўра, ушбу касаллик дунёнинг 200 ортиқ давлатида аниқланган бўлиб, беморлар сони 2 миллионга яқинлашди, вафот этганлар эса 110 мингдан ошиб кетди.

 Ушбу рақамларнинг ўзи коронавирус инфекцияси жуда жиддий ва таҳликали оқибатларга сабаб бўлаётганини кўриш мумкин. Аслида, бу бало биз учун синов. Ислом – инсониятнинг ҳаёти, соғлигини сақлаш ва уни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратган дин. Инсон ўзи ва ҳаётини ҳалок қилувчи ишлардан сақлашга буюрилган.

Халқнинг бошига келган оммавий юқумли касалликлар Ислом тарихида “Вабо” ва “Тоъун” деб номланган. Бу иллатдан шифо топиш ва сақланиш борасида муқаддас динимиз таълимотида турли кўрсатмалар берилган. Имом Бухорий ва Имом Муслим “Тоъун ва вабо” касалликлари ҳақида қуйидаги ҳадисларни ривоят қилган:

Асома ибн Зайддан қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоъун ҳақида бундай деганлар: “Тоъун – азоб ва касалликдир. Бу касалликни Аллоҳ таоло Бани Исроил қавмидан бўлган баъзи тоифаларга ва сизлардан олдинги қавмларга юборган. Сизлар уни бирон жойда тарқалгани ҳақида эшитсангиз, у ерга (зинҳор) кирманг. Агар кирсангиз, у ердан (ҳеч қачон) чиқиб кетманг”, дедилар.

Аллоҳ таоло инсонни Ер юзидаги барча махлуқотлар орасида энг улуғ ва мукаррами қилиб яратган. Жисм ва руҳдан иборат инсон ҳаётда ҳар хил имтиҳонлар билан синалади. Унга сабр қилган кишига улуғ ажрлар берилиши ваъда қилинган. Бақара сурасининг 155-оятида: «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер»,  деб марҳамат қилинган.

Тан олиб айтиш керак, биз, ҳадиси шарифда таъкидланганидек: “Икки неъмат бор, инсонларнинг аксарияти уларнинг қадрига етишмайди: соғлиқ ва бўш вақт (тинчлик)(Имом Бухорий ривояти), соғлигимизнинг ҳам, тинчлигимизнинг ҳам, бўш вақтимизнинг ҳам қадрига етмай қўйгандик. Энди, иншоаллоҳ, теран тафаккур қилиб, сабр ва матонат билан ҳамма нарсанинг қадрига етишни ўргандик.

Буюк Раббимиз барчамизни коронавирус инфекцияси ва бошқа ҳар турли кўзга кўринар-кўринмас бало-офатлардан, кулфатлардан, табиий офатлардан худди халили – Иброҳим алайҳиссаломни оташда, жамили – Юсуф алайҳиссаломни қудуқда, калими – Мусо алайҳиссаломни денгизда ва набиййи – Юнус алайҳиссаломни балиқ қорнида асрагани каби асрасин.

Устимизга, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Рамазон ойи соя солиб турибди. Бу ойнинг улуғлиги, фазилатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўтказиб таърифлаш мумкин эмас. У зот Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қайси бирингиз рўзадор бўлсангиз, фаҳш сўзлар гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида ва иккинчиси – Қиёмат куни Роббисига рўбарў бўлганда”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда:«Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Бутун дунёни қамраб олган коронавирус балоси ҳамманинг тинка-мадорини қуритаётгани рост. Аммо ҳар бир қийинчилик ортидан енгиллик борлигига шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло Шарҳ сурсининг 5–6-оятларида: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир», деб марҳамат қилади.

Ахир, бу шундай ойки, унда қилинган эзгуликларга бериладиган ажрларнинг ҳисоби йўқ. Шу боис бу ойни ғанимат билишимиз керак. Бежиз Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида Қуръони каримни ўттиз марта, бир ривоятда олтмиш марта хатм қилмаганлар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта Каломуллоҳни хатм қилар эдилар (“Тариху Бағдод”).

Мухтасар айтганда, ойлар султони Рамазоннинг саҳарликларида, ифторликларида Аллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб, юртимизни тинч қилишини, турли бало-қазо, офату кулфат, туҳматлардан, ёмон кўз, ёмон сўзлардан, фитналардан, дардлардан, иллатлардан, турли вируслардан Ўзи асрашини сўраб дуо қилишимиз керак. Шу билан бирга, элимиз, халқимиз учун тунни тонгга, кунни тунга улаб хизмат қилаётган барча мутасаддиларимиз қатори шифокорларимизни, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳам унутмаслигимиз зарур.

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари