Басимон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларгина равзада хурсандчилик қилурлар.

Савоб

Ҳаётимиз мобайнида “савоб” сўзи қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Гоҳо “фалон ишни қил, савоб бўлади” – дейишганини эшитамиз. Демак, “савоб” сўзи муомаламизнинг бир қисмига айланиб улгурган ва уни кўп эшитар эканмиз. Шу пайт ўйлаб қоласан киши: – Савоб ўзи нима дегани? Уни қандай тушуниш керак? У нимага асосланган?  Келинг, шу саволга жавоб ахтариб кўрайлик.

“Савоб” арабча сўз бўлиб, тўғри иш, соғлом фикр, эзгулик, мукофот ва оқилона ечим маъноларини билдиради. Яъни, савоб иш қилган одам яхши иш қилган  соғлом фикр эгаси  бўлар ва шу иши учун мукофот ҳам олар экан. Аммо “савоб” сўзи нафақат араб тилидаги оддий сўз, балки, Ислом динимиздаги асосий сўзлардан ҳам биридир . Шундай экан динимиз манбаъларида “савоб” ҳақида нималар дейилган? Шу саволга жавоб топиш ва аниқ маълумотларга эга бўлиш фойдадан холи бўлмаса керак. Шу мақсадда изланиб кўрайлик.  Хўш савоб ҳақида нималар дейилган?

Савоб – бу эзгуликдир. Эзгулик эса Исломнинг бош шиоридир. Аллоҳ Таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилди:

وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)!” Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди. (Нисо сураси 36 оят)

Аллоҳ Таоло бу ҳақда Қуръони Каримда яна шундай марҳамат қилди:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُون

“Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл,97)

Ушбу оятларда яхшилик қилиш “савоб” маъносини англатиб келмоқда ва  яхшилик қилишнинг мукофоти борлиги айтилмоқда. Шунингдек “савоб” бандани баланд даражаларга кўтаришига ишора қилинмоқда ва унга сазовор бўлиш учун яхши амаллар қилишликка тарғибот қилинмоқда.

Инсоннинг амали  ва ҳаёти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб,  бу динимизда савоб ва гуноҳ деб аталади. Ислом дини таълимотига биноан диний кўрсатмаларни бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият қилиш кабилар савоб ҳисобланиб, инсоннинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзиб борилади. Охират кунида инсонларнинг савоб ва гуноҳлари тарозуда тортилиб, унинг натижалари Аллоҳ Таолонинг ихтиёрига ҳавола қилинади. Лекин ҳадиси шарифларда келишича, инсоннинг савоб ишлари ҳар қанча кўп бўлмасин, бу унинг жаннатга киришига етарли бўла олмайди. Жаннатга кириш Аллоҳ Таолонинг бандага кўрсатган фазли, марҳамати ва эҳсони ҳисобланади. Аллоҳ Таоло савоб ишлар қилган бандаларнинг жаннатдаги даражаларини баланд қилади. “Савоб” сўзи барча яхши ва эзгу ишларга нисбатан ҳам ишлатилади.   Аллоҳ Таоло муборак каломида яна шундай марҳамат қилди;

وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا

“Ким-у ҳоҳ эркак бўлсин, ҳоҳ аёл – мўмин ҳолида савобли ишлар қилса, бас, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси 124-оят)

Шунингдек Аҳзоб сурасида  яна шундай марҳамат қилди ;

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

Яъни: “Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва авратларини (харомдан) сақловчи аёллар,Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар-улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир.” Аҳзоб сураси 35-оят.

Ушбу оятларда  савоб ишлар қилишга чақирувчи тарғиботлар борлигини кўрамиз ва савобга олиб борувчи амаллар ҳам баён қилинди. Аммо савоб олиш учун фақатгина амалнинг ўзи кифоя қилмас экан, балки бунда ният ва ихлос ҳам зарур бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад сав ўзининг ҳадиси шарифларида  шундай марҳамат қилганлар;

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  عَنِ النَّبِيِّ  فِيمَا يَرْوِي عَنْ رَبِّهِ تَبَارَكَ وَتَعَالَى قَالَ: إِنَّ اللهَ كَتَبَ الْحَسَنَاتِ وَالسَّيِّئَاتِ ثُمَّ بَيَّنَ ذَلِكَ فَمَنْ هَمَّ بِحَسَنَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ لَهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ عَزَّ وَجَلَّ عِنْدَهُ عَشْرَ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى أَضْعَافٍ كَثِيرَةٍ وَإِنْ هَمَّ بِسَيِّئَةٍ فَلَمْ يَعْمَلْهَا كَتَبَهَا اللهُ عِنْدَهُ حَسَنَةً كَامِلَةً وَإِنْ هَمَّ بِهَا فَعَمِلَهَا كَتَبَهَا اللهُ لَهُ سَيِّئَةً وَاحِدَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ أَبَا دَاوُدَ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббиларидан ривоят қилиб айтадилар:
“Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. Агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. Агар у (ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади”, дедилар”.

Шу нарса маълум бўлдики, инсон савоб топиши учун энг муҳими ниятию-амалида Аллоҳ Таолонинг розилигини топмоқлиги бўлиши лозим. Ана шундагина у Аллоҳ Таолонинг улуғ марҳаматига сазовор бўлади. Қилган ҳар бир ишида Аллоҳ Таолонинг кўмагини ва розилигини сезиб яшайди. Ўзига ишончи ортади. Ҳаётида адашмайди. Кўзлаган мақсадларига эришади. Қилган ишларидан мамнун ва шод бўлади.

Аллоҳ Таоло барчамизни савоб ишлар қилувчи бандалардан қилсин. Савоб ҳазиналари соҳиби бўлишлик баҳтига муяссар қилсин. Гуноҳ ишлардан сақласин.

 

                              Манбаълар асосида Ангрен шаҳар “Қорабошбой”
жоме масжиди имом-хатиби
Иманов Иброҳим тайёрлади.